[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

09.02.2016. Касаба уюшмалари ташкилотлари ҳудудий бирлашмаларининг Хотин-қизлар комиссияси томонидан жамоа шартномаларини экспертизадан ўтказиш жараёнида хотин-қизлар манфаатлари ҳимоясига қаратилган қўшимча имтиёзлар киритилмоқда. Шу билан бирга улар томонидан корхона, ташкилотларда хотин-қизларга яратилган меҳнат шароитлари ҳам ўрганиб келинмоқда.

Хусусан, Сирдарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг Хотин-қизлар комиссияси томонидан Бек-тексМЧЖда жамоа шартномаси орқали хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, иш берувчи томонидан уларга меҳнат шароитларини яратиш, меҳнатни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.

2011 йилдан буён фаолият юритаётган “Бек-текс” МЧЖда 428 нафар хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Корхонада ишловчи аёллар махсус кийим-бош ва пойафзал билан таъминланган. Улар учун  санитар-маиший хоналар, бепул тушлик, ишга бориб келишлари учун автобуслар ташкил этилган.

Корхона маъмуричти ва касаба уюшма қўмитаси ўртасида 2015-2017 йилларга тузилган жамоа шартномасига аёлларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, ҳомиладор ва ёш болали аёлларга қўшимча таътиллар бериш, 12 ёшгача фарзанд тарбияси билан банд бўлган ишловчи аёлларга қўшимча меҳнат таътиллари кунини белгилаш ёки қўшимча дам олиш куни бериш каби мажбуриятларнинг киритилиши туфайли аёллар учун қўшимча имкониятлар яратилмокда.

Қорақалпоғистон Республикаси касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг Хотин-қизлар комиссияси томонидан “ELITE STARS TEXTILE”, “Қорақалпоқ электртармоқлари” ОАЖ, “Ўзбек Телеком” ОАЖ Қорақалпоғистон Республикаси филиалларида хотин-қизлар учун яратилган меҳнат шароитлари ўрганиб чиқилди.

«ELITE STARS TEXTILE» корхонасида ишловчи 124 нафар ходимнинг     64 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Уларнинг 54 нафари коллежни битирган қизлардир.

Корхонада хотин-қизлар учун барча шароитлар яратилган. Кечки сменада ишловчилар учун транспорт ажратилган. Хотин-қизлар  махсус кийим, шахсий ҳимоя воситалари,  кунига бир марта бепул иссиқ овқат билан таъминланган. Мавжуд тиббиёт пунктида хотин-қизларнинг саломатликлари доимий назорат қилиб борилади.

Корхона ишловчилари асосан ёшлар ва фертил ёшидаги аёллардан иборат эканлигини инобатга олган ҳолда туман тиббиёт бирлашмаси мутахассисларини жалб этган ҳолда “Репродуктив саломатлик”, “Эрта никоҳнинг салбий оқибатлари”, “Туғруқлар оралиғини сақлаш” каби мавзуларда давра суҳбатлари ташкил этилган.

2 ёшгача бола парвариши таътилида бўлган аёлларга иш берувчи ҳисобидан нафақа пули бериб борилади.

«Қорақалпоқ электр тармоқлари» ОАЖда 241 хотин-қиз фаолият юритиб келмоқда.

Ҳомиладор аёлларни тиббий кўрикдан ўтишлари учун, ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод этиш имконияти яратилган. Шунингдек, улар тунги сменаларда ишлашдан озод этилган.

Корхона томонидан 2 ёшгача бола парвариши таътилида бўлган 28 нафар аёлга 2015 йилда 69 млн. 581минг сўм миқдорида нафақа тўлаб берилган. 2 ёшгача фарзанди бор ишловчи аёлларга болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар иш соатига қўшилиб, ўртача иш ҳақи тўланади. Аёлларнинг ҳохишига кўра, болани овқатлантириш учун ажратилган танаффуслар вақти иш кунининг охирига ўтказилган ва бу имкониятдан корхонада 2 аёл фойдаланмоқда.

Корхонада уй меҳнати билан 37 хотин-қизнинг бандлиги таъминланган.

Хотин қизлар куни байрами мунособати билан ташкилотдаги аёллар жами 22 млн. 800 минг сўм миқдорида рағбатлантирилган.

Ҳар йили корхона ишчиларини, шу жумладан қизларни  тиббий кўрикдан ўтказиш  йўлга қўйилган.  “Соғлом она ва бола йили” мунособати билан корхона касаба уюшма қўмитаси ташаббуси билан даволаш муассасалари билан шартнома асосида аёлларни гинеколог, маммолог каби мутахассислар кўригидан ҳамда ультра товуш ва зарур лаборатория таҳлиллари текширувидан ўтказиш ташкиллаштирилмоқда.