09.02.2016. Касаба уюшма ташкилотлари меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфатларини ҳимоялаш билан бирга уларни дам олдириш ва соғломлаштириш йўналишида ҳам тизимли ишларни олиб бормоқда. Хусусан, касаба уюшмалари тизимдаги барча санаторийларда меҳнаткашларни соғломлаштириш ва дам олишларини сифатли ташкил этиш мақсадида қурилиш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, янгидан жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, ўтган 2015 йилда Ситориа Мохи хоса ва Чимён санаторийларининг ётоқ биноларида реконструкция ишлари олиб борилди ва Жиззах вилоятининг Янгиобод туманида янги “Хавотоғ гулшани” санаторийси қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Бугунги кунда касаба уюшмалари тизимида 17 та санаторий ва 2 та дам олиш уйи фаолият кўрсатмоқда. Санаторийлар ва дам олиш уйлари замон талабларига мос равишда жиҳозланиб, ҳалқаро тажрибалар асосида янги даволаш усулларини жорий этиш орқали ривожлантириб борилмоқда.
Тизимдаги санаторийлар ва дам олиш уйларида 2015 йил давомида107 минг 100 нафар меҳнаткаш ва уларнинг оила аъзолари соғломлаштирилди. Улардан 47 минг 696 нафари имтиёзли ва 2 минг 140 нафари бепул йўлланмалар асосида ўз саломатлигини мустаҳкамлади. Мазкур кўрсаткичлар 2014 йилга нисбатан 101,5 фоизни ташкил қилди.
Шунингдек, 2015 йилда 15 та чанаторийда 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари учун алоҳида бўлимлар очилиб, улар учун барча зарур шарт-шароитлар ва қўшимча қулайликлар яратилди. Ўтган йил давомида касаба уюшма санаторийларида 5 минг нафарга яқин уруш ва меҳнат фронти фахрийси давлат бюджети ҳисобидан саломатлигини тиклади. Шунингдек, тизимдаги санаторийлар атрофида жойлашган маҳаллаларда яшовчи 1 минг 722 нафар кексалар ҳар томонлама тиббий ташхисдан ўтказилиб, амбулатор шароитда соғломлаштирилди.