15.02.2016. Айни кунларда “Олмалиқ КМК” АЖ меҳнат жамоаси конференцияси олдидан комбинат корхоналарида меҳнат жамоаларининг умумий йиғилишлари ва конференциялар бўлиб ўтмоқда.
Худди шундай талбирлардан бири “Ангрен қувур заводи” унитар корхонасида бўлиб ўтди. Амалдаги жамоа шартномасининг 2015 йилда бажарилиши якунларига бағишлаб ўтказилган Меҳнат жамоаси Конференциясида завод цехларида меҳнат қилаётган ходимлар номидан сайланган 21 нафар делегат, иш берувчи ва унинг вакиллари, касаба уюшмаси фаоллари иштирок этди.
Конференцияда сўз олган завод директори Музаффар Маматқулов ва касаба уюшма қўмитаси раиси Адхам Раззоқов 2015 йил давомида меҳнат муҳофазаси ва саноат хавфсизлиги, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, дам олишлари ва маданий ҳордиқ чиқаришлари учун зарур ва қулай шарт-шароитларни яратиш, бу орқали корхонада иш суръатини ошириш мақсадида жамоа шартномаси доирасида амалга оширилган ишлар тўғрисида меҳнат жамоаси олдида ҳисобот берди ҳамда келгусидаги вазифаларга алоҳида тўхталди.
Шунингдек, ходимларнинг меҳнат шароитларини янада яхшилаш, улар саломатлигини мустаҳкамлаш йўналишидаги саъй-ҳаракатлар, хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида ўтказилган маданий-маърифий тадбирлар, уларнинг самараларига алоҳида эътибор қаратилди. Касаба уюшма қўмитаси раиси ҳисобот йилида қўлга киритилган натижаларни таҳлил этиш билан бирга олдиндаги вазифаларга ҳам тўхталиб, ишчи-ходимлар ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, улар учун барча шарт-шароитларни яратиш йўлида режалаштирилган барча тадбирлар ижроси таъминланганини таъкидлаб ўтди.
Олмалиқ КМК касаба уюшма Кенгаши раиси Абдурашид Хайдаров, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг ташкилий ишлар бўлими мудири ўринбосари Қувондиқ Муқумовлар завод маъмурияти ва касаба уюшма қўмитасининг ўтган вақт мобайнидаги фаолияти ҳақида тўхталиб, жамоа шартномаси бажарилишини доимий таҳлил қилиб бориш ва зарур ҳолларда унга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан ўз фикрларини билдирдилар.
Иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси ҳисоботларини тинглаган конференция делегатлари ижтиомий шериклик асосида жамоа шартномаларига мувофиқ амалга оширилган ишлар ижросини қониқарли деб топди. Сарҳисоб якуни бўйича ходимлар ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиридилар ҳамда барча саволларга жавоб олдилар.