02.03.2016. Ўзбекистон велоспорт Федерациясининг Тошкент вилояти бўлими томонидан велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича кўп кунлик халқаро велотур мусобақалари ўтказилмоқда.
Ўзбекистон терма жамоаси учун муносиб ўриндошларни саралаб олиш ва иқтидорли спортчиларни аниқлаш мақсадида ўтказилаётган мазкур мусобақалар жорий йилнинг 1 мартидан 5 мартигача давом этади.
Мусобақаларда 101 нафар Ўзбекистонлик велоспортчилар билан биргаликда Россия Федерациясидан 6 нафар ва Қозоғистон Республикасидан 53 нафар велоспортчилар иштирок этмоқда.
Велотур мусобақаларининг тантанали очилиш маросими Чирчиқ шаҳридаги олимпия заҳиралари коллежида ташкил этилди. Дастлабки беллашувларда велоспортчилар Чирчиқ шахридаги “Ором” плотинасидан “Ўзбекистон” жамоа хўжалигигача бўлган 25 км лик масофа бўйлаб старт олдилар.
Навбатдаги беллашувлар 129 км ва 135 км масофаларга гуруҳлар бўйича, саралаш босқичи эса 40 км масофа бўйича ўтказилади.
Мусобақа якунларига кўра ғолиб велоспортчилар ташкилотчилар томонидан рағбатлантирувчи ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.