05.03.2016. Қорақалпоғистон Республикаси касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг Хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси ташаббуси билан 8 март – Хотин-қизлар куни байрами муносабати билан “Хотин-қизлар: жамият, оила ва меҳнат” мавзусида семинар ўтказилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари, иқтисодиётнинг турли тармоқларида, ижтимоий-сиёсий соҳаларда фидокорона меҳнат қилаётган, касаба уюшмалари ҳаёти ва жамоат ишларида фаол иштирок этаётган хотин-қизлар иштирок этдилар.
Семинарда мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб Президентимиз раҳнамолигида хотин-қизларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, аёл зотини эъзозлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила ва жамият ҳаётидаги нуфузини ошириш, истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш, аёлларнинг оғирини енгил қилиш, саломатликларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Бугунги кунда мулкчилик шаклидан қатъий назар барча корхона, ташкилот ва муассасаларда имзоланаётган жамоа шартномаларига хотин-қизларга хавфсиз меҳнат ва дам олиш шароити яратиш, меҳнатига муносиб ҳақ тўланишини таъминлаш, қўшимча имтиёзлар берилиши киритилмоқда. Уларнинг бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини олиб боришда ижтимоий шериклик тамойили асосида фаолият юритилиб, хотин-қизларнинг манфаатлари таъминланмоқда.
Семинарда “Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланишида касаба уюшмаларининг ўрни”, “Хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, ижтимоий-иқтисодий манфаатларининг ҳимоя тизимини такомиллаштириш, давлат ва жамият қурилишидаги мавқеини юксалтириш”, “Хотин-қизлар орасида касб касалликларининг олдини олиш, улар соғлиғини мустаҳкамлаш” мавзуларида маърузалар тингланди.
Тадбир якунида байрам мунасабати билан бир гуруҳ фаол хотин-қизлар касаба уюшмалари Фахрий ёрлиғи ва совғалари билан тақдирланди.