11.03.2016. Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда спортни оммалаштириш, аҳолини жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, оилаларда соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар натижасида спорт халқимиз турмушининг ажралмас қисмига, ҳаётий эҳтиёжга айланмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Соғлом она ва бола йилига бағишлаб ўтказилаётган “Соғлом оила” республика спорт мусобақаларининг Бухоро вилоят босқичида мазкур йўналишларда амалга оширилаётган ишлар алоҳида таъкидланди.
Корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият юритаётган ходимлар ўртасида ташкил этилган мусобақаларнинг мазкур босқичида 28 та оила иштирок этди. Улар “Тезлик”, “Чаққонлик ва мерганлик”, “Бир жамоа” эстафеталари, сакраш, акробатика ва арқон тортиш бўйича куч синашдилар.
Мусобақаларда Жондор туманилик Анвар Раҳимов ҳамда Бухоро туманилик Акром Ражабовлар оиласи ғолиб бўлди ва мусобақанинг республика босқичига йўлланмани кўлга киритди.
– Отам Анвар Раҳимов мактабда жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлиб ишлайди, – дейди 12 ёшли Алихон. – Спортга қизиқишимда ота-онамнинг хизматлари катта. Уч йилдан буён дарсдан сўнг дзюдо билан шуғулланяпман. Қўлга киритаётган натижаларимдан устозларим ва ота-онам мамнун. Болалар ўртасида республика чемпионатида олтин медалга сазовор бўлдим. Мақсадим Ришод Собиров каби машҳур спортчи бўлиш, жаҳон чемпионатлари ва олимпия ўйинларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишдир.
Мусобақада бир қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.