17.03.2016. Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари тизимида қизғин жараён кечмоқда. Яъни, корхона, ташкилот ва муассасаларда жамоа шартномаларининг 2015 йилдаги ижроси муҳокамасига бағишланган меҳнат жамоаларининг умумий йиғилишлари ва конференциялари бўлиб ўтмоқда.
Жорий йилнинг 17 март куни Сурхондарё вилоятидаги “ШерободПахта” Акциядорлик жамияти жамоа шартномасининг 2015 йилдаги ижроси муҳокамасига бағишланган меҳнат жамоасининг умумий Конференцияси бўлиб ўтди. Конференцияда корхона раҳбарияти ва касаба уюшма қўмитаси ижтимоий шериклик асосида ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш мақсадида амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳисобот бердилар.
Таъкидланганидек, корхонада меҳнат қилувчи жами 550 нафар ходимнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари иш берувчи ҳамда касаба уюшма қўмитаси ижтимоий шериклигида мустаҳкам ҳимояга олинган. Хусусан, жамоа шартномасидан ходимлар даромадларини ошириш, уларга қўшимча меҳнат таътиллари бериш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, меҳнат муҳофазаси, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, саломатликларини мустаҳкамлаш масалалари ўрин олган. Айниқса, ушбу муҳим ҳужжатда меҳнат муҳофазасига алоҳида эътибор қаратилганлиги боис корхонада меҳнатда жароҳатланиш ҳолатлари ва касб касалликларининг олдини олиш масаласи энг устувор вазифалардан бирига айланган. Бу соҳада қонунчиликка, қоида ва йўриқномаларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш ишлари олиб борилмоқда. Техника хавфсизлигини таъминлаш ва меҳнат муҳофазаси борасида фаоллик кўрсатаётган ходимларни мунтазам равишда касаба уюшма қўмитаси томонидан рағбатлантириб бориш йўлга қўйилган. Бу борадаги ишлар сифати ва смарасини ошириш мақсадида ижтимоий-маиший объектлар ҳолати ва фаолияти доимий назоратга олинган. Ходимлар истаган вақтларида касаба уюшма қўмитасига мурожаат этиб, барча масалада ижтимоий, моддий ва маънавий кўмак олишлари таъминланмоқда.
Таъкидлаш зарурки, жамоа шартномасига асосан ўтган йил давомида корхонада меҳнат қилувчи 550 нафар ходимга белгиланган тартибда тегишли имтиёзлар қўлланилган. Энг муҳими, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясига алоҳида эътибор қаратилиб, уларга муносиб меҳнат шароитлари яратиб берилган. Хусусан, Жамоа шартномасига мувофиқ ҳар йили тузиладиган Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича Битимга биноан иш ўринлари ҳолати назоратга олиниб, хавфсизлик техникасини кучайтириш юзасидан тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Ноқулай меҳнат шароитида ишлайдиган ходимлар ўтган йил давомида махсус кийим-бош, пойабзал, 300 комплект (64,6 млн сўмлик) ёзги, қишги кийимлар ҳамда шахсий ҳимоя воситалари, шунингдек, ювиш ва зарарсизлантириш воситалари билан таъминланиб, меҳнаткашларни мунтазам тиббий кўрикдан ўтказиш ишлари ташкил этиб келинмоқда.
Корхона касаба уюшма қўмитаси томонидан ҳар ойда ва чорак давомида меҳнатни мухофаза қилиш ва техника хавфсизлиги йўналиши бўйича ўқув машғулотларини ўтказиш мунтазам йўлга қўилган. Ишчи-хизматчилар учун маиший хоналар, бепул сут ва қатиқ махсулотлари, 3 маҳал иссиқ овқат ташкил этилган.
Ўтган давр мобайнида маданий-оммавий, жисмоний тарбия, соғломлаштириш ва спорт тадбирларини ўтказишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Меҳнаткашлар учун мунтазам равишда “Маънавият соати” ташкил этилиб, уларга мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг инсон манфаатларини таъминлашдаги аҳамияти, бунёдкорлик ишларининг мазмун-миҳияти етказиб келинмоқда. Шунингдек, олимлар, маданият ва санъат арбоблари билан учрашувлар ташкил этилмоқда. Ходимлар жисмоний тарбия ва спортга оммавий жалб этилиб, соғлом турмуш тарзи барқарорлиги таъминланмоқда. Хусусан, 2015 йил давомида 20 нафарга яқин ишчи ходимга соғлиқларини мустаҳкамлашлари учун касаба уюшмалари тизимидаги “Ботаника”, “Бўстон” каби санаторийларга имтиёзли йўлланмалар берилди. Корхона ходимлари учун Самарқанд ва Бухоро каби қадимий шаҳарларимизга туристик саёҳатлар ташкил этилди.
“ШерободПахта” АЖ тасарруфидаги “Вандоб олтин булоғи” номли болалар оромгоҳининг моддий-техник негизини мустаҳкамлаш, унда меҳнаткашлар фарзандларини сифатли соғломлаштирилишини ташкил этиш масалалари ҳам касаба уюшмаси ва иш берувчининг доимий эътиборидадир. Мазкур оромгоҳда ўтган йили 200,0 млн. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, ёзги мавсум давомида ходимларнинг 600 нафар фарзандлари дам олдирилиши таъминланди. 135 нафар ишчи-хизматчилар фарзандлари эса бепул йўлланмалар асосида соғломлаштирилди. Меҳнаткашларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ҳамда спортга жалб этиш мақсадида спорт майдончалари фаолияти йўлга қўйилиб, мунтазам равишда шахмат, шашка, футбол ва волейбол мусобақалари ўтказиш анъанага айланган.
Корхона жамоа шартномасининг 2015 йилдаги ижроси муҳокамасига бағишланган меҳнат жамоасининг умумий конференциясида мазкур йўналишларда амалга оширилган ишлар таҳлил этилиб, ходимлар муҳокамасидан ўтказилди. Хусусан, Конференция делегатлари, меҳнаткашлар ва касаба уюшма фаоллари сўзга чиқиб, жамоа шартномаси орқали ходимлар манфаатлари ҳимоясини қай даражада таъминланаётгани тўғрисида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар. Шунингдек, касаба уюшма аъзолари томонидан жамоа шартномасига Соғлом она ва бола йили муносабати билан бир қатор қўшимча имтиёзлар киритиш бўйича билдирилган таклифлар бир овоздан маъқулланди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати