[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

24.03.2016. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлганидек, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Бунинг натижасида Ўзбекистонда профессионал спортни юксалтириш билан бир қаторда аҳоли ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш борасида ҳам юқори натижаларга эришилмоқда.

Мазкур жараёнларда мамлакат касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этиб, меҳнаткашлар ўртасида оммавий спортни кенг тарғиб этиш, турли соҳа ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш йўналишларида тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда. Хусусан, корхона, ташкилот ва муассасалардаги бошланғич касаба уюшма ташкилотлари меҳнат жамоаларининг спорт билан оммавий шуғулланишлари учун етарли шарт-шароитлар яратиш билан бирга, улар ўртасида анъанавий равишда турли спорт мусобақалари, спартакиада ва турнирлар ўтказиб келмоқдалар.

Пойтахтимиздаги “Тошшаҳаргаз” корхонасида ҳам ходимлар ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, корхона раҳбарияти ва касаба уюшма қўмитаси ўртасида йўлга қўйилган самарали ижтимоий шериклик ходимлар ўртасида мунтазам равишда спорт тадбирларини ташкил этиш, бу орқали меҳнат жамоаларида соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлаш, меҳнаткашлар саломатлигини мустаҳкамлаш масалаларида ҳам муҳим омил бўлмоқда.

“Тошшаҳаргаз” корхонасида Соғлом она ва бола йили ҳамда Наврўз айёмига муносабати билан ташкил этилган спорт мусобақалари ҳам худди шу мақсадларга қаратилди.

“Спорт – саломатлик гарови” шиори остида ташкил этилган мазкур тадбирда корхона тизимида меҳнат қилаётган 100 нафардан ортиқ ходимлар иштирок этдилар. Улар спортнинг шахмат, шашка, бадминтон ва арқон тортиш турлари бўйича куч синашдилар. Дўстона қизғин беллашув руҳида эркаклар ва аёллар ўртасида бўлиб ўтган мусобақалар ҳақиқий спорт байрамига айланиб кетди.

– Мазкур спорт мусобақалари нафақат жисмоний фаолликни ошириш, балки жамоавий ҳамжиҳатликни кучайтириш, ҳамкасбларимиз билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш имконини ҳам берди, – дейди мусобақа иштирокчиларидан бири, “Яккасаройтумангаз” филиали ходими Анвар Исмоилов. – Биз спорт – дўстлик элчиси эканлигига яна бир бора амин бўлдик.

– Фаолиятимизни давр талабига ҳамонҳанг тарзда олиб бориш асосий мақсадларимиздан биридир, дейди корхона касаба уюшма қўмитаси раиси Муяссар Алимходжаева. – Ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини таъминлаш йўналишларидаги ишлар билан бир қаторда бугунги кунда улар маънавиятини юксалтириш, спортга кенг жалб этиш орқали саломатликларини мустаҳкамлаш  масалалари ҳам устувор йўналишларимиз қаторидан ўрин олган. Касаба уюшма қўмитасининг бу борадаги ташаббуслари корхона раҳбарияти томонидан доимо қўллаб-қувватланиб, ижтимоий шериклик асосида амалга ошириб келинмоқда. Бу эса ўз навбатида белгиланган тадбрларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилишини таъминламоқда.

Аёллар ва эркаклар ўртасида ўтказилган шахмат мусобақаларида “Яккасаройтумангаз” филиали ходимлари қўли баланд келиб, 1-ўринга сазовор бўлдилар.

Иккинчи ўрин “Юнусободтумангаз” филиали ходимларига, учинчилик эса “Учтепатумангаз” филиали меҳнаткашларига насиб этди.

Жамоалар ва мухлисларнинг қизғин қўллаб-қувватлашлари остида ўтган шашка бўйича мусобақларда аёллар ўртасида “Мирободтумангаз” филиали ходими Наима Соатова ғолиб бўлди. “Шайхонтоҳуртумангаз” филиали ходими Дилбар Ражапова иккинчи, “Мирободтумангаз” филиали ходими Навбаҳор Ахуджанова учинчи ўринни эгалладилар.

Навбат арқон тортиш мусобақаларига келганда мухлисларнинг қизиқиши янада кучайиб кетди. Мусобақа давомида узоқ муддат икки томоннинг ҳам кучи тенг бўлиб турди. Бир муддат ўтгач иккинчи жамоани майдон марказидан ўз томонига тортиб олишга муваффақ бўлган “Мирзо Улуғбектумангаз” филиали жамоаси ғолибликни қўлга киритди.

Шайхонтоҳур тумани газчилари жамоачи иккинчи, Яккасарой тумани жамоаси эса учинчи ўринга сазовор бўлдилар.

Спорт мусобақалари давомида бир қатор қўшимча номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Қизғин руҳда ўтган беллашувларнинг барча ғолиб ва совриндорлари корхона касаба уюшмаси Дипломи ва совғалари билан тақдирландилар.