25.03.2016. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Самарқанд шаҳрида фаолият юритаётган корхона, ташкилот ва муассасаларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси муҳандислари учун амалий ўқув семинар ўтказилди.
“АСЛ-НАФИС” масъулияти чекланган жамияти корхонасида ташкил этилган мазкур семинарда бир қатор ҳамкор ташкилотлар – вилоят меҳнат бошқармаси, меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат шароитлари экспертизаси давлат инспекцияси, Самарқанд шаҳар Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини иш билан таъминлаш маркази, “Кафолат”, “ЎзАгросуғурта” ДАСК вакиллари ҳам иштирок этдилар. Улар томонидан иштирокчилар учун меҳнатни муҳофаза қилишга оид муносабатлар юзасидан тушунтириш ишлари берилди.
Семинарда иш берувчилар, муҳандис техник ходимлар ва мутахассисларни амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда ўз вақтида ўқитиш, улар билими даражаси ва савияларини текшириб бориш, ходимларнинг хавфсизлик техникаси йўриқлари ҳамда тиббий кўрикдан ўтказилиши, иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарни жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Аттестация комиссияси таркибига мажбурий тартибда бош муҳандис, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича муҳандис ҳамда касаба уюшма қўмитаси раисини киритиш, аттестациянинг барча босқичларида мазкур комиссиянинг раҳбарлик ва назоратни амалга ошириши, аттестация натижасига кўра меҳнаткашлар учун имтиёз ва кафолатларни тўғри белгилаш масалалари юзасидан тушунтиришлар берилди.
Семинар давомида иштирокчилар “Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижроси юзасидан олиб борилаётган ишлар ва уларнинг натижалари билан таништирилдилар.
Семинар якунида ҳар ойнинг охирги жума куни корхоналарда «Меҳнатни муҳофаза қилиш куни»ни ўтказишга келишиб олинди.