[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

06.04.2016. Мутахассислар фикрича, ходимлар гимнастикаси билан мунтазам шуғулланиш инсонни жисмонан чиниқтирибгина қолмай, руҳий жиҳатдан тетиклаштиради, иродасини тоблайди ҳам. Айниқса, ишлаб чиқариш билан боғлиқ соҳаларда меҳнат қиладиган кишилар учун ходимлар гимнастикасининг аҳамияти беқиёс эканини “UzSAEMYUNG” ёпиқ акционерлик жамияти Ўзбекистон-Корея қўшма корхонасида фаолият кўрсатаётган ҳар бир ходим чуқур ҳис этмоқда.

1998 йили ишга туширилган корхонада бугунги кунда “Нексия”, “Матиз”, “Дамас”, “Кобальт”, “Спарк”, “Ласетти” автомобиллари учун ёнилғи баклари, қолипланган ва қолипланиб пайвандланган панеллар ишлаб чиқарилмоқда. Бундан ташқари, 200 турдан ортиқ бутловчи қисмлар тайёрланади. Еттита цехда меҳнат қилаётган салкам 1200 кишилик жамоа зиммасидаги вазифаларни сидқидилдан адо этиб келяпти. Ишлаб чиқариш режасининг ҳамиша ўз муддатида, сифатли бажарилишини корхона раҳбарияти, энг аввало, ходимларнинг соғлом ва жисмонан баркамоллиги билан боғлиқ деб ҳисоблайди.

Дарҳақиқат, корхонада ходимларнинг ишлаб чиқариш гимнастикаси билан мунтазам шуғулланиши касаба уюшма қўмитасининг эътибор марказида. Бунинг учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Жамоанинг севимли машғулоти очиқ ҳаво қўйнидаги махсус майдонда ўтказилади. 15 дақиқа вақт ишчиларнинг кундалик жисмоний машқларни кўнгилдагидек бажаришлари учун етарли.

– Инсон соғ-саломат, тетик ва бардам юрсагина, ишида ҳамиша унум бўлади, – дейди бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Хуршидбек Раҳмонов. – Чунки тонгда жисмоний машғулотларда “очилган” киши кун давомида чарчоқ нелигини билмайди.

– Мен ходимлар гимнастикасини ҳар қандай спорт турининг ўзаги деб биламан, – дейди ўлчов ва синов лабораторияси бошлиғи Ёқубжон Норматов. – Бошланғич касаба уюшма қўмитаси томонидан ўтказиладиган футбол, волейбол, стол тенниси, арқон тортиш, армрестлинг, дартс сингари спорт турлари бўйича цехлараро мусобақаларда барча иштирокчиларнинг фаол қатнашиши, муросасиз кураш олиб боришларининг сабаби ҳам шундан.

Корхонанинг пресслаш цехи созловчиси Умиджон Охуновнинг айтишича, турли соҳалар вакиллари иштирокида ўтказиладиган учрашувларда шифокорлар ҳам қатнашадилар. Давра суҳбатларида ходимлар гимнастикасининг инсон иш қобилиятини кучайтириши, иммунитетини ошириши, асаблар ҳамда қон айланиш тизимини яхшилаши, умуман, соғлом турмуш тарзини шакллантириши кўп бор таъкидланган. Бу фойдали жиҳатларнинг самарасини корхона ишчи-хизматчилари ўз фаолиятларида ҳар куни кўриб-билиб турибдилар.