12.04.2016. Жисмонан соғлом инсонгина маънавий баркамолликка, оилада, иш жойида ижобий муҳитни қарор топтиришга интилиб яшайди. Тана соғлом бўлса – қалб хотиржам бўлади.
Шу маънода, корхона, ташкилот, муассасалар ишчи-ходимларининг саломатлигини мустаҳкамлаш, бу орқали ишлаб чиқариш самарадорлиги ва меҳнат қилиш фаоллигини ошириш бўйича касаба уюшмалари томонидан тизимли ишлар амлга оширилмоқда. Хусусан, ишчи-ходимлар ўртасида мунтазам равишда турли спорт мусобақалари, турнирлар ўтказиб келинмоқда. Турли соҳаларда ишловчилар ўртаисда касб касалликларининг олдини олиш мақсадида касаба уюшма қўмиталари томонидан барча ташкилот ва муассасаларда ходимлар гимнастикаси ўтказилиши йўлга қўйилган.
Наманган вилоятининг Учқўрғон туманидаги санъатга ихтисослаштирилган мактаб-интернатида ходимларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан доимий шуғулланишлари учун барча шароитлар яратилган. Ходимлар гимнастикаси хонаси замонавий жиҳозланган бўлиб, машғулотлар мунтазам равишда олиб борилади.
– Иш кунимиз давомида белгиланган тартибда ходимлар гимнастикаси билан шуғулланиб келмоқдамиз, – дейди муассаса ходими Азиза Жўраева. – Бунда бизга касаба уюшмалари томонидан тақдим этилган тавсиялар асқотмоқда. Ушбу машғулотлар нафақат саломатлигимиз учун, балки иш унумдорлигининг ўсишига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.