20.04.2016. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ёшларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш мақсадида ишга жойлашиш арафасида бўлган ёшлар учун “Ишга жойлашиш технологияси” мавзусида тренинг ташкил этилди.
Унда Ёш тренерлар мактаби аъзолари ва таълим муассасаларининг битирувчи босқич талаба ҳамда ўқувчилари, меҳнат муносабатларига илк бора киришаётган ёшлар иштирок этдилар.
Тингловчилар тренинг доирасида ишга жойлашаётганда суҳбатдан мувафаққиятли ўтиш кўникмалари, ишга жойлашиш учун зарур бўлган ҳужжатлар, меҳнат фаолиятини илк бора бошлаётган ёшлар учун бериладиган имтиёз ва кафолатлар ҳақида маълумотларга эга бўлдилар. Шунингдек, ёшларга “Меҳнатни муҳофаза қилиш асослари”, “Жамоа шартномасидаги ёшлар учун кафолатлар” йўналишларида билим ва кўникмалар берилди.
Дастлабки тажриба тарзида ўтказилган тренинг ёшларда катта қизиқиш уйғотди.
Тренинг тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, кейинги тренинг-семинарларда дастурни янада такомиллаштириш, мавзуларга ажратилган соатларни кўпайтириш, назария билан бирга амалиётда қўлланилаётган тажрибаларга эътиборни кучайтириш таклифлари билдирилди.