27.04.2016. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Миллий матбуот марказида “Жамоа шартномалари – ходимлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳамда улар турмуши сифати ва даражасини оширишнинг муҳим омили” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда Федерация Кенгаши мутахассислари, иш берувчилар, касаба уюшма фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида йилдан йилга халқимизнинг турмуш даражаси ва сифати ортиб бормоқда. Бунда давлат, касаба уюшмаси ва иш берувчилар ўртасида йўлга қўйилган самарали ижтимоий мулоқот ва ижтимоий шериклик муҳим аҳамиятга эгадир. Мазкур механизм ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида юксак натижаларга эришиш имкониятини кенгайтирмоқда.
Маълумки, жамоа шартномаси – корхона, ташкилот ва муассасада иш берувчи билан ходимлар ўртасидаги меҳнатга, ижтимоий-иқтисодий ва касбга оид муносабатларни тартибга солувчи норматив ҳужжат ҳисобланади. Мазкур локал ҳужжат иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси ўртасида имзоланиб, ижтимоий шериклик асосида амалга оширилади.
Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва Савдо-саноат палатаси ўртасида имзоланган Бош келишув, республикамизда амал қилаётган 95 та тармоқ келишуви, 14 та ҳудудий келишувдан келиб чиққан ҳолда ҳозирги пайтда корхона, ташкилот ва муассасаларда 122 минг 619 та жамоа шартномаси амал қилмоқда. Бошқача айтганда, республикамизда касаба уюшма аъзолари меҳнатидан фойдаланувчи юридик шахсларни жамоа-шартномавий муносабатлар билан қамраб олиш кўрсаткичи 99,3 фоизни ташкил этмоқда. Ушбу кўрсаткич дунё миқёсида ҳам юқори ҳисобланади.
Ҳозирда мамлакатимиз иқтисодиётидаги улуши 77 фоизни ташкил этаётган хусусий сектор корхоналари, яъни, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини жамоа-шартномавий муносабатлар билан қамраб олиш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Кўзланган асосий мақсад – уларда меҳнат қилаётган ходимлар ижтимоий ҳимоясини таъминлаш бўлиб, саъй-ҳаракатлар натижасида охирги 5 йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларида ишлаётган 500 минг нафар ходим жамоа-шартномавий муносабатлар самараларидан баҳраманд бўла бошлади. Жорий йил 30-31 март кунлари мамлакатимизга ташриф буюрган Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси Бош котиби Шарон Барроу Ўзбекистонда мазкур йўналишларда амалга оширилаётган ишлар, хусусан, Давлат, Касаба уюшмалари ва Иш берувчилар ўртасидаги ижтимоий мулоқотни бошқа мамлакатларга намуна бўлишга лойиқ, дея алоҳида эътироф этгани ҳам бежиз эмас.
Бугунги кунда Жамоа шартномаларига бандлик кафолатлари, иш ва дам олиш вақти, меҳнатга ҳақ тўлаш, кафолатли тўловлар ва компенсация тўловлари, меҳнатни муҳофаза қилиш, ижтимоий имтиёз ва кафолатлар, маданий-маърифий, жисмоний тарбия, соғломлаштириш ва спорт ишлари, аёллар меҳнатини тартибга солиш, аёллар ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахслар ҳамда ёшлар учун қўшимча имтиёз ва кафолатлар, меҳнат низоларини ҳал этиш каби меъёрлар киритилган.
Ҳар йили январ – апрел ойларида жамоа шартномаларининг аввалги йил якуни муҳокама этилиб, янгиси қабул қилинади. Муҳокамаларда иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси ўз мажбуриятларининг амалга оширилиши юзасидан меҳнат жамоаси олдида ҳисобот беради. Меҳнат жамоаси вакилларининг таклиф ва мулоҳазалари эшитилади. Янги қабул қилинаётган жамоа шартномаларига Давлатимиз раҳбарининг қарор ва фармонлари, ижтимоий йўналтирилган Давлат дастурлари, корхонанинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи, ходимлар таклифлари, улар ўртасида ўтказилган ижтимоий сўров натижаларидан келиб чиққан ҳолда қўшимча имтиёз ва кулайликлар киритилади.
Эндиликда мулкчилик шакли турлича бўлган корхона, ташкилот ва муассасаларга қулайлик яратиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан давлат ташкилотлари, соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежлари, кичик корхоналар, фермер хўжаликлари, ҳорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар учун ўз йўналиши, хусусияти, имконияти ва норматив ҳужжатлар базаларидан келиб чиққан ҳолда жамоа шартномалари макети намуналари алоҳида-алоҳида ишлаб чиқилиб, бошланғич касаба уюшма ташкилотларига тавсия этилмоқда. Натижада, жамоа шартномалари орқали ходимлар ижтимоий-иқтисодий манфаати ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш, меҳнатини муҳофаза қилиш, бандликка кўмаклашиш, ходимлар даромади ва турмуши даражасини ошириш, ижтимоий кафолатлар бериш, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари маънавиятини юксалтириш ҳамда соғломлаштириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Нафақат меҳнаткашлар, балки уларнинг оила аъзолари, олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари, корхона, ташкилот ва муассасаларга ишга қабул қилинган ёшларнинг меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномадан ўтказилиши, жамоа шартномасида кўзда тутилган имтиёз ва қулайликлардан фойдаланиши таъминланмоқда. Ёш мутахассисларга касб маҳоратини ўргатиш учун бириктирилган устозларни рағбатлантириш, касбий танловлар ўтказиш, олий ва ўрта-махсус таълим масканларининг иқтидорли талабалари учун касаба уюшма стипендияларини жорий этиш тадбирлари амалга оширилмоқда.
Кексалар, хотин-қизлар ва ёшлар масаласи устувор эканлигидан келиб чикқан ҳолда жамоа шартномаларига хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаати ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга оид янги бўлимлар киритилганлиги айни муддао бўлди. Хусусан, ўтган йилда касаба уюшмалари томонидан жамоа шартнома ва келишувлари орқали 278 минг нафардан зиёд аҳоли вакилларига ижтимоий кўмак берилишига эришилди. Шу жумладан, 2 минг 460 та ёш оилага мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар, шунингдек, уй-жой қурилиши учун фоизсиз ссудалар берилди. 2 ёшдан 3 ёшгача фарзандлари бўлган 7 минг нафардан ортиқ ёш оналарга моддий ёрдам кўрсатилди. Нодавлат мулк шаклидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган 6 минг 240 нафар болали аёлларнинг ойлик маоши сақланган ҳолда иш ҳафтаси 1 соатга қисқартирилди. Аёллар учун қўшимча таътиллар олиш, иш берувчилар ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари кунини узайтириш, 2 ёшдан 3 ёшгача бола парвариши таътилида бўлган оналарга моддий ёрдам олиш каби имкониятлар яратилаётир.
Бундан ташқари, 2 минг 416 нафар аёл учун ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари куни узайтирилди. 1 минг 77 нафар ёш ходимга сафарбарлик заҳирасидаги ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан фоизсиз ссудалар ажратилди. 3 мингдан ортиқ корхоналарда 13 минг нафардан зиёд ёш ходимларни бошқа касбга ўргатиш ҳамда малакасини ошириш ишлари ташкил қилинди. Олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 1 минг 805 нафар талабанинг тўлов-шартнома пулларини кисман қоплаб берилди.
Анжуманда жамоа шартномаларида кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирлар ижроси борасида ҳам кенг маълумот берилди. Хусусан, ўтган йил давомида республика бўйича жамоа шартнома ва келишувлари орқали 91 минг 610 нафар кексаларга ижтимоий кўмаклашилди. 12804 корхонада 43 минг 567 нафар кексаларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, дори-дармонлар олиб бериш, уй-жойини таъмирлаш, коммунал хизматларига ҳақ тўлаш ва бошқа тарзда кўмаклашиш мақсадида 7 млрд. 742 млн сўмга яқин маблағ сарфланди. 18 минг 225 нафар меҳнат фахрийлари касаба уюшма санаторийларида бепул соғломлаштирилди. 18 минг 225 нафар кишига пенсияга чиқиши олдидан бир йўла моддий ёрдам кўрсатилиб, қимматбаҳо совғалар топширилди. 16 минг 583 нафар пенсияга чиқиш арафасидаги ва пенсия ёшидаги шахслар юбилей саналари муносабати билан муносиб рағбатлантирилди. 52 минг 310 нафар ишламайдиган пенсионер (корхоналарнинг собиқ ходимлари)га моддий ёрдам кўрсатилди. Масалан, “Кварц” АЖ жамоа шартномаси орқали корхонада ишлаб пенсияга чиққан ҳодимларнинг ҳолидан хабар олиш, улар оғирини енгил қилиш, ижтимоий кўмак кўрсатиш ишлари амалга оширилмоқда. Ижтимоий ҳимояталаб, якка-ёлғиз яшовчи кексаларга ижтимоий ёрдам сифатида уч маҳал иссиқ овқат ташкил этилган ва улар ҳар бир байрам арафасида касаба уюшма фаоллари томонидан моддий ва маънавий қўллаб-қувватланмоқда. Шунингдек, пенсиядаги ходимларнинг турар жойларини ободонлаштириш, томорқаларини юритиш ишларига кўмаклашилмоқда.
Жамоа шартномалари орқали ходимлар қонунчиликда кўзда тутилган имтиёз ва кафолатлардан ташқари қўшимча имтиёз ва қулайликлардан ҳам фойдаланмоқда. Хусусан, жамоа шартномаларида ходимлар учун узайтирилган асосий ва қўшимча таътиллар ўрнатилган. Ҳар йили жамоа шартномалари орқали 59 мингдан ортиқ корхонада 15 иш кунидан кўп миқдордаги асосий узайтирилган таътиллар ўрнатилган бўлиб, ушбу имтиёздан қарийб 3 млн. нафар ходим фойдаланмоқда. Қарийб 37 минг корхонада кўшимча таътиллар ўрнатилган бўлиб, ушбу имтиёздан 2 млн. 850 минг нафарга яқин ходим баҳраманд бўлаяпти. Ходимлар учун ижтимоий кафолатлар, соғлиқни муҳофаза қилиш, ходимлар ва улар оила аъзоларини, шу жумладан, болаларни соғломлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, амалдаги жамоа шартномаларининг деярли 83,4 фоизига иш берувчи ташаббусига кўра ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишдан олдин касаба уюшма қўмитасининг розилигини албатта олиш лозимлиги тўғрисидаги банд киритилган. Кўплаб корхоналарда меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича тариф сеткаларининг разряд коэффициентлари кўтарилган.
Кейинги йилларда жамоа шартномалари ходимлар даромадларини ошириш мурватига айланди. Жумладан, корхона, ташкилот ва муассасаларда ўрта ҳисобда бир ходимга ойлик маошдан ташқари, жамоа шартномаси орқали сарфланган маблағ миқдори бундан 3-4 йил аввалгига нисбатан сезиларли даражада ортиб, ўтган йил давомида 1,5 млн.дан 7,5 млн. сўмгача миқдорни ташкил этди.
Жамоа шартномалари орқали меҳнат муҳофазаси соҳасига ҳам алоҳида аҳамият берилаяпти. Меҳнат хавфсизлиги даражасини юксалтириш, иш жойларининг санитар-гигиена ҳолатини яхшилаш, ходимларни маиший хоналар, профилактик озиқ-овқатлар билан таъминлаш, меҳнат муҳофазаси қоидаларига ўқитиш, иш ўринларини шаҳодатлаш, имтиёз ва компенсациялар ўрнатиш, ходимларни махсус кийим-бош, пойабзал, шахсий ҳимоя воситалари, ювиш ва зарарсизлантириш воситалари билан таъминлаш, уларни мунтазам равишда тиббий кўрикдан ўтказиш ишлари амалга оширилмоқда.
Яна бир қувонарли жиҳат, жамоа шартномалари орқали ходимлар ва улар оила аъзолари имтиёзли соғломлаштириш билан қамраб олинмоқда. Ҳар бир ходим 2 йилда бир марта имтиёзли йўлланма асосида санаторийларда саломатлигини мустаҳкамлаш имконига эга. Охирги йилларда ходимлар учун яратилган имтиёз ва қулайликлардан яна бири – ходим учун касаба уюшма бюджети ҳисобидан ажратилган йўлланмадан унинг яқин қариндошлари ҳам фойдалана олишидир. Ўтган йилда 60 минг 543 нафар ходим ва уларнинг оила аъзолари жамоа шартномалари асосида санаторий ва дам олиш масканларида соғломлаштирилди. Шунингдек, ишчиларнинг фарзандлари болалар соғломлаштириш оромгоҳларида имтиёзли ва бепул йўлланмалар асосида дам олдирилмоқда.
Маданий-маърифий, спорт-соғломлаштириш ишларини жамоа шартномаларига киритиш орқали меҳнаткашлар маънавиятини юксалтириш, меҳнат жамоаларида соғлом муҳит ва соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлашга эришилмоқда. Хусусан, ходимлар ўртасида маданий-маърифий, спорт-соғломлаштириш тадбирларининг кўлами оширилди. Ҳар ойда бошланғич касаба уюшмалари томонидан меҳнат жамоаларида «Маънавият соатлари»ни ўтказиш тизими йўлга қўйилиб, уларда ходимларга мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар моҳияти, қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг аҳамияти етказилмоқда. Жорий йил 1-чораги давомида 34 мингдан ортиқ меҳнат жамоаларида “Маънавият соатлари” ўтказилиб, уларда 4,5 млн.га яқин ходимлар иштироки таъминланди. Меҳнаткашлар ва улар оила аъзолари бўш вақтини мазмунли ўтказиш ишлари ташкил этилмоқда. Жисмоний тарбия ва спорт-соғломлаштириш тадбирлари самарадорлиги ортиб бормоқда. Шунингдек, корхона, ташкилот ва амуассасаларда ходимлар гимнастикаси йўлга қўйилиб, касб касалликларининг олди олинаётир. Ҳозирда Федерация Кенгаши тавсияларига асосан, 31 минг 294 та корхона, ташкилот ва муассасада қарийб 5 млн. нафар ходим ўртасида соғломлаштириш машқлари ўтказилиши йўлга кўйилган.
Анжуман сўнггида журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоб берилди.