[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

04.05.2016. Мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида йил сайин кекса авлод вакилларига эътибор ва ғамхўрликлар кучайиб бормоқда. Бу борадаги тадбирлар айниқса, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни байрами арафасида янада кўпаяди.

Умумхалқ байрамига айланиб улгурган ушбу сана муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир уруш ва меҳнат фахрийси хонадонларига ташрифлар уюштирилиб, улар холидан хабар олинмоқда. Кекса отахон ва онахонларимиз моддий ва маънавий қўллаб қувватланмоқда. “Саховат ва Мурувват уйларида яшовчилар учун маданий тадбирлар ташкил этилиб, зарур маиший-техника жиҳозлари ҳадя этилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Навоий вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасида бўлиб ўтди.

“Хотира муқаддас, инсон қадри ундан ҳам азиз” деб номланган мазкур тадбирга вилоят Мудофаа бўлими, Ички ишлар бошқармаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Навоий вилоят бўлими ва бошқа бир қатор ташкилотлар вакиллари таклиф этилди.

— Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини қадрлаш, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, Ватанимиз тупроғини турли ёт таъсирлардан асраш учун хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлганларни хотирлаш, уларнинг оилаларига эътибор қаратиш ҳар биримиз учун муқаддас бурчдир, – деди тадбирда сўзга чиққан  Навоий вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Назира Тоғаева. – Шу боис вилоят касаба уюшмалари томонидан бугун ҳудуддаги барча корхона, ташкилот ва муассасалар меҳнат жамоаларида ушбу умумхалқ байрамини кўтаринки руҳда нишонлаш учун турли тадбирлар, уч авлод учрашувлари, давра суҳбатлари  ўтказилмоқда. Ушбу тадбирлардан кўзланган мақсад – ўтганлар ёдига ҳурмат бажо келтириш, кексаларни эъзозлаш ҳамда уруш ва меҳнат фахрийларини қадрлаш, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизга шукроналик келтиришдир.

Тадбир иштирокчилари томонидан ушбу байрамнинг мазмун-моҳиятини ёшлар қалбига жо этиш, бу борада адабиётимиздаги нодир асарлардан унумли фойдаланиш, шунингдек, Ватан учун жон фидо қилган мард ва жасур ўғлонларни хотирлаш ёш авлоднинг маънавий тарбиясида муҳим ўрин тутиши таъкидланди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, мудофаа ва ички ишлар бўлимларининг  хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларидан 8 нафарининг оила аъзоларига касаба уюшмалари томонидан манзилли моддий топширилди.

— Мудофаа тизимида фаолият олиб борган турмуш ўртоғим Зокир Қаххоров хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган. Бугун унинг хотираси ёд этилиб, Ватанимиз тинчлиги йўлидаги хизматлари яна бир бора эътироф этилганидан жуда мамнун бўлдим, – деди  Нафиса Шукурова. – Турмуш ўртоғимнинг мардлигидан, ўз юрти учун жонини ҳам аямасдан хизмат қилганидан ҳамиша фахрланаман. Ўғлим Зафарбек ҳам отаси сингари ватанпарвар бўлиб улғайишини, Ватанимиз учун хизмат қилишини истайман. Бизга қаратилган бундай эътибор ва ғамхўрликдан бошимиз кўкка етди.

Тадбирда ёш ўғил-қизлар томонидан ижро этилган Ватан ва тинчликни мадҳ этувчи шеър ва қўшиқлар иштирокчиларга янада хуш кайфият бағишлади.