[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

05.05.2016. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан жорий йилнинг 5 май куни пойтахтимиздаги “Уруш ва меҳнат фахрийлари Республика пансионати”да Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали байрам тадбири ўтказилди.

Маълумки, мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 9 май – Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонлаб келинмоқда. Мустақилик йилларида диёримизда инсон манфаатлари энг олий қадрият сифатида амалда қадр топиб, уруш ва меҳнат фахрийлари, бой ҳаётий тажрибага эга инсонларга эъзоз кўрсатиш, кексаларни қадрлаш билан бирга ўтганларни хотирлаш, уларнинг ибратли ишларини ёд этиб, эҳтиром кўрсатиш ишлари анъанага айланди.

Мазкур йўналишлардаги эзгу ишларга касаба уюшмаларининг ҳам муносиб ҳиссасини қўшиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан “Касаба уюшмалари – фахрийларга” анъанавий акцияси ўтказилмоқда. Акция доирасида Республикамиз Президентининг 2016 йил 18 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармонидан келиб чиққан ҳолда Республикамизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган 2214 нафар иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига касаба уюшмалари томонидан манзилли моддий ёрдам  кўрсатилди. Шунингдек, ўлкамизнинг турли гўшаларида Ўзбекистон равнақи, унинг эркинлиги, мустақиллиги ва халқ тинчлиги учун курашган юртдошларимизни эъзозлаш, орамизда бўлмаганларни хотирлашга бағишланган тадбирлар ўтказилиб, кекса ва ёлғиз инсонлар ҳолидан хабар олинмоқда.

Пойтахтимиздаги “Уруш ва меҳнат фахрийлари Республика пансионати”да ўтказилган байрам тадбирида ҳам ушбу масканда истиқомат қилаётган уруш ва меҳнат фахрийларига байрам кайфиятини улашиш билан бирга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши совғалари етказилди. Даврага таниқли санъаткаорлар ва ёш истеъдод эгалари ижросидаги куй ва қўшиқлар янада файз бағишлади. Бундай тадбирлар Республикадаги қатор Саховат ва Мурувват уйларида ҳам ташкил этилиб, кексалар, жисмоний имконияти чекланган ҳамда ёлғиз  инсонлар моддий ва маънавий қўллаб-қувватланди.

Тадбирдан сўнг касаба уюшма фаоллари Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилувчи 95 ёшли отахон, иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Мухтор Расулов ҳамда Мирзо Улуғбек туманида яшовчи уруш қатнашчиси 96 ёшли Аҳмад ота Жабборов хонадонларида бўлиб, уларни байрам билан қутладилар. Отахонларга касаба уюшмалари Федерациясининг манзилли моддий ёрдами ҳамда совғалари топширилди.

Ватанимиз истиқболи, турмушимиз ободлиги йўлида меҳнат қилиб, мустақиллигимизни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган меҳнат фахрийлари ҳам эътибордан четда қолгани йўқ. Хусусан, акция доирасида Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги муносабати билан ҳар бир ҳудуддан 25 нафардан, 350 нафар уруш ва меҳнат фахрийларининг буюк алломалар қадамжоларига ҳамда мустақиллигимиз даврида мамлакатимизда бунёд этилган диққатга сазовор масканларга ташрифлари ташкил этилди.

Бундан ташқари Мустақиллик йилларида хизмат вазифасини ўташ чоғида ҳалок бўлган 217 нафар Ватан ҳимоячиларининг оилалари ҳолидан хабар олиниб, уларга манзилли моддий ёрдам кўрсатилди. 900 нафарга яқин уруш ва меҳнат фронти қатнашчилари тизимдаги санаторийларда давлат бюджети ҳисобидан, 150 нафар меҳнат фахрийлари эса касаба уюшмаси маблағлари ҳисобидан бепул соғломлаштирилди. Корхона, ташкилот ва муассасалар бошланғич касаба уюшма қўмиталари томонидан эса ҳозирда нафақада бўлган уруш қатнашчилари ва меҳнат фахрийлари, 400 нафарга яқин кекса авлод вакиллари, жангчи-фахрийлар (байналмилалчилар) учун театр, концертларга ташрифлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Шунингдек, улар моддий ва маънавий рағбатлантирилди.

Бугунги кунда “Касаба уюшмаалри – фахрийларга” акцияси давом этмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати