14.05.2016. Жорий йилнинг 14 май куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ташаббуси билан анъанавий равишда ташкил этиб келинаётган “Касаба – ТУР” ходимлар веломарафонининг Республика мусобақалари ўтказилди. Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида бир вақтнинг ўзида ташкил этилган мазкур спорт мусобақаларида турли соҳаларда меҳнат қилаётган 7 минг нафарга яқин ходимлар ва уларнинг оила аъзолари иштирок этдилар.
Таъкидлаш зарурки, жорий йилда “Касаба – ТУР” веломарафони иштирокчилари сони ўтган йилга нисбатан 2 баробардан зиёдга ортди. Яъни, “Саломатлик акцияси” тарзида ўтказиб келинаётган мазкур веломарафонда нафақат меҳнаткашлар, балки уларнинг оила аъзолари ҳам қизиқиш билан иштирок этдилар. Соғлом она ва бола йилида “Касаба – ТУР” веломарафони иштирокчилари сафига оилавий ҳаваскор велоспортчиларнинг кенг жалб этилгани янада аҳамиятли бўлди. Шунингдек, веломарафонда ташкил этилган махсус чиқишлар – жажжи болажонлар ўртасидаги веломусобақалар барча иштирокчилар эътиборини тортди.
Корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлашга йўналтирилган мазкур веломарафон уч босқичда ташкил этилиб, уларда Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги 23 694 та корхона, ташкилот ва муассасада меҳнат қилаётган 3 млн. 200 минг нафардан ортиқ ходимлар – ҳаваскор велоспортчилар қатнашдилар. “Касаба – Тур” веломарафонини иштироклари сафига оилавий велопойгачиларнинг қўшилгани янада аҳамиятли бўлди.
Таъкидлаш зарурки, “Касаба – Тур” веломарафонини ўтказишдан асосий мақсад – меҳнаткашлар ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш, меҳнат жамоаларида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, бу орқали ходимлар ва уларнинг оила аъзолари саломатлигини мустаҳкамлашдир. Шунингдек, турли соҳа ходимлари ўртасида ўзаро дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, уларнинг мазкур спорт турига бўлган қизиқишларини ошириш ҳамда экологик тоза транспорт турини оммалаштириш ҳам ташкилотчиларнинг диққат марказида бўлди.
Мусобақалар давомида таниқли спортчилар, санъаткорлар, ёш ижрочилар ва бадиий ҳаваскорлик дасталари, маданият ходимлари иштирокида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган оммавий-маданий тадбирлар ҳам ташкил этилди. Қизғин ва дўстона беллашувлар остида ўтган мазкур спорт байрамига турли тармоқлар тизимидаги корхона, ташкилот ва муассасалар ходимлари, маҳаллалар аҳолиси ҳамда ёшлар ҳам кенг жалб этилди.
Марафон мусобақаларида 20-35 ёшдагилар, шунингдек, 35 ва ундан катта ёшдаги ҳаваскор велоспортчилар белгиланган масофалардаги пойга йўналишларини босиб ўтдилар. Мусобақаларга профессионал велоспорт усталарининг кўргазмали чиқишлари янада файз киритди. Нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан ғолиблар аниқлангунга қадар спорт байрами иштирокчилари эътиборига таниқли санъаткорлар ва ёш ижрочилар, бадиий жамоаларнинг чиқишлари намойиш этилди.
“Касаба – Тур” веломарафони якунлари бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида ўтказилган мусобақаларда ғолиб бўлган ҳаваскор велоспортчилар ёш тоифалари бўйича 1-, 2- ва 3-ўринлар учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан таъсис этилган махсус диплом ва совғалар билан тақдирландилар.
Шунингдек, веломарафонда қўшимча номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. Хусусан, эркаклар ва аёллар ўртасида “Энг ёши улуғ пойгачи”, “Энг маҳоратли пойгачи”, “Ғалабага бўлган интилиши учун”, “Энг ёш пойгачи”, “Энг фаол пойгачи” номинациялари бўйича ғолиб бўлган эркаклар ва аёллар Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг рағбатлантирувчи мукофотларига сазовор бўлдилар. Энг муҳими барча иштирокчилар соғлом рақобат муҳитида велоспорт бўйича ўз маҳоратларини кўрсатибгина қолмай, касб йўналишлари бўйича тажриба алмашиб, ўзлари фаолият кўрсатаётган корхона, ташкилот ва муассасада ходимлар спортини янада ривожлантириш бўйича фикр ва мулоҳазалар билан ўртоқлашиш имконига ҳам эга бўлдилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати