13.05.2016. Андижон вилоятида “Хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимояси – устувор вазифа” мавзусида икки кунлик семинар-тренинг ўтказилди.
Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ташкил этган ушбу тадбирда хотин-қизларнинг жамиятдаги роли, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлардаги иштироки, ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳимояси давлатимиз эътиборида эканлиги таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Савдо-саноат палатаси ўртасида тузилган ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид амалдаги Бош келишувда акс этган аёллар ва ёшларга имтиёзлар бериш, уларни маънавий ва моддий қўллаб-қувватлаш, халқаро ва миллий меҳнат стандартларини Ўзбекистонда жорий этилиши юзасидан ўқув-семинар ва тренинглар ўтказиш масалалари Касаба уюшмалари Федерациясининг Хотин-қизлар кенгаши ҳамда тармоқ ва ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари қошидаги хотин-қизлар билан ишлаш комиссиялари иштирокида амалга оширилмоқда.
Тадбирда таъкидланганидек, Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси аъзоларининг 60,7 фоизини хотин-қизлар ташкил қилади. Республика кенгаши қошида тузилган Хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси иш режасида хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари, уларнинг меҳнат муҳофазасини таъминлашга қаратилган тадбирлар ўз аксини топган.
Тармоққа қарашли ташкилот ва муассасаларда жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 2 ёшдан 3 ёшгача фарзанди бўлган оналарга моддий ёрдамлар кўрсатилиб, ёш оилаларга узоқ муддат фойдаланиладиган электр маиший техника жиҳозларини ҳарид қилиш ҳамда уй-жой қурилиши учун фоизсиз ссудалар ажратиб келинмоқда. Шунингдек, мазкур локал ҳужжатлар орқали ёш болали аёлларга узайтирилган ва қўшимча таътиллар берилмоқда. Уларни янги касбларга ўқитиш ва қайта тайёрлаш ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, таълим муассасаларида ишловчи аёллар жисмоний тарбия ва спорт машғулотларига, “Соғлом оила”, “Касаба – тур” веломарафони каби мусобақаларга жалб этилмоқда.
Тренингда миллий ва халқаро меҳнат стандартлари, меҳнат муносабатлари соҳасидаги ижтимоий шериклик, меҳнат қонунчилиги, жамоа шартномалари орқали хотин-қизларга бериладиган қўшимча имтиёзлар борасида иштирокчиларнинг билим ва кўникмалари оширилди. Шунингдек, тренингда тармоқ тизимида меҳнат қилаётган хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, улар меҳнатини муҳофаза қилиш, саломатликларини мустаҳкамлаш йўналишларидаги тадбирлар сифати ва самарадорлигини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар таҳлил этилди.
– Касаба уюшма ташкилотларининг асосий вазифаларидан бири – меҳнат қонунчилигининг тўлиқ таъминланишига кўмаклашиш, – деди Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси раиси Дилнора Ўлмасова. – Шу сабабли семинар-тренингга иш берувчиларни ҳам таклиф қилдик. Сўзсиз, мазкур тадбир улар учун ҳам фойдали бўлди. Тренинг иштирокчилари бир қатор интерактив машқлар, гуруҳ топшириқларини бажаришди, шунингдек, аёллар учун муносиб меҳнат шароитларини яратишга оид танлов ўтказилди.
– Миллий ва халқаро меҳнат стандартлари бўйича маърузалар тинглангандан сўнг, жамоа шартномаларига киритиш учун бир қатор таклифлар ишлаб чиқилди, – дейди Ғиждувон педагогика коллежи директори Матлуба Зарипова. – Ушбу семинарнинг тренинг шаклида ташкил этилганлиги, бунда биз иштирокчиларнинг амалий машғулотлар бажаришлари учун яратиб берилган шароитлар хотин-қизлар манфаатлари ҳимоясига оид билимларимизни янада мустаҳкамлашга ёрдам берди.
Семинар-тренингда иштирокчилар томонидан мавзуга оид билдирилган таклиф ва мулоҳазалари қизғин муҳокама этилди.