[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

27.05.2016. Жорий йилнинг 26 май куни Бухоро вилоятидаги “Ситораи Моҳи Ҳоса” санаторийсида жаҳон андозалари талабларига мос равишда барпо этилган 200 ўринли янги ётоқ биноси ҳамда бир йўла 100 нафар кишига хизмат кўрсатувчи “Аэросолярий” қуруқ ҳаво билан даволаш бўлимииннг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Ватанимиз Мустақиллигининг 25 йиллик тантаналарига муносиб туҳфа сифатида барпо этилган мазкур иншоотнинг биринчи меҳмонлари уруш ва меҳнат фронти фахрийлари бўлдилар.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, вилоят ҳокимлиги, Федерация Кенгаши қошидаги Санатор-курортлар бошқармаси мутасаддилари, бой ҳаётий тажрибага эга бўлган отахон ва онахонлар иштирок этдилар.

“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирсида “Ситораи Моҳи Ҳоса” санаторийсида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ушбу масканда дам олиб, даволанувчилар учун яратилган шарт-шароит ва қулайликлар сифатини янада ошириш имконини берди. Янгидан қурилган ётоқ бўлими ва даволаш блокига энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар, қаттиқ ва юмшоқ мебеллар ва барча зарур жиҳозлар ўрнатилди. Ушбу мақсадларга Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 7 млрд. 280 млн. сўм маблағ йўналтирилди. Шунингдек, сиҳатгоҳ ҳудудида кенг кўламдаги ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, даволанувчилар учун қулайликлар кўлами кенгайтирилди. Замонавий ташхислаш ва даволаш хоналари, физиотерапия, лазеротерапия, балчиқ билан даволаш, жисмоний тарбия, уқалаш, фитобар билан бирга, шинам ошхона, клуб, спорт майдончалари, кутубхона, бассейн, сауна дам олувчилар учун сифатли хизмат кўрсатмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси бугунги кунда меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бир қаторда ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини дам олдириш ҳамда саломатлигини мустаҳкамлаш йўналишларида ҳам тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда. Бугунги кунда касаба уюшмалари тизимида фаолият кўрсатаётган 17 та санаторийда ҳар йили 100 минг нафардан ортиқ меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари соғломлаштирилмоқда. Бунда айниқса, уруш ва меҳнат фахрийлари, фертиль ёшидаги хотин-қизлар, чекка ҳудудларда яшовчи аёллар, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мазкур йўналишлардаги ишлар сифати ва самарадорлигини янада ошириш, касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматни жаҳон андозалари талаби даражасида амалга оширилишини таъминлашга бўлган эътиборни янада кучайтириш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси тизимдаги сиҳатгоҳларда босқичма босқич кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш, реконструкция, моддий-техник негизни мустаҳкамлаш, энг замонавий тиббий жиҳозлар ва асбоб-ускуналар билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда. Юқорида келтирилган “Ситораи Моҳи Ҳоса” санаторийсида амалга оширилган катта ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари фикримиз далилидир.

Бу каби эзгу ишлар мамлакатимизда инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларга муносиб ҳисса бўлиб қўшилиши билан бирга, тизимдаги сиҳатгоҳларда мавжуд табиий омиллардан фойдаланиш кўламини кенгайтириш,  аҳолини соғломлаштириш билан янада кенгроқ қамраб олиш имконини бермоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Ситораи Моҳи Ҳоса” санаторийсида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари натижасида бугун сиҳатгоҳ бир йўла 400 нафар дам олувчини қабул қилиш қувватига ҳамда малакали тиббий ва сервис хизмати кўрсатиш имконига эга бўлди. Бу эса республикамиз аҳолиси турмуши сифати ва даражасининг йил сайин ортиб бораётгани натижасида уларнинг санаторийлар ва дам олиш масканларига бўлган эҳтиёж ва талабларини қондиришда жуда муҳим аҳамият касб этади.

Эътиборли жиҳатлардан яна бири – кейинги йилларда нафақат ҳамюртларимиз, балки хорижий давлатлар фуқаролари ҳам мазкур санаторийда дам олиб, даволаниш истагини билдирмоқдалар. Хусусан, ўтган йили “Ситораи Моҳи Ҳоса” санаторийси”да     100 нафарга яқин ҳорижлик фуқаролар дам олиб, саломатлигини мустаҳкамлади.

Алоҳида таъкидлаш зарурки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил    13 октябрдаги  “1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги ҳар бир санаторийда, шу жумладан, “Ситораи Моҳи Ҳоса” сиҳатгоҳида “Уруш ва меҳнат фахрийлари” бўлимлари ташкил этилиб, кекса авлод вакиллари учун махсус жиҳозланган хоналар ажратилган. Шунингдек, даволаш масканларида ташкил этилган шошилинч тиббий ёрдам хоналари белгиланган тартиб бўйича жиҳозланиб, уларда тиббиёт ходимларининг туну кун навбатчилиги йўлга қўйилган. Санаторийга келган уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, жисмоний имконияти чекланган инсонларни олиб юриш учун алоҳида эвакуатор (ходим) бириктирилиб, ногиронлик аравачалари билан таъминланган.

Юқорида таъкидлаганимиздек, бугунги кунда “Ситораи Моҳи Ҳоса” санаторийсида Давлатимиз раҳбари Фармонига мувофиқ уруш ва меҳнат фронти фахрийлари давлат бюджети ҳисобидан дам олдирилиб, саломатлиги мустаҳкамланмоқда. Шунингдек, республика миқёсида ташкил этилган “Касаба уюшмалари – фахрийларга” акцияси доирасида турли соҳаларда меҳнат қилиб, республикамиз равнақи ва тараққиётига ўзининг фидокорона меҳнати билан  салмоқли ҳисса қўшган, ҳозирда кексалик гаштини сураётган меҳнат фахрийлари  ҳам бепул дам олдирилиб, соғломлаштирилмоқда.

Сиҳатгоҳда улар учун барча шарт-шароитлар яратилиб, кексалар ва фахрийлар учун ажратилган ётоқ бўлимининг ўзида барча санитария талабларига жавоб берувчи муолажа хоналари ташкил этилган. Уларнинг ҳар бирига малакали шифокор ва ҳамширалар бириктирилган. Уруш ва меҳнат фахрийларига кўрсатилиши керак бўлган тиббий ва бошқа хизматлар сифатини янада ошириш мақсадида мутахассислар томонидан кексаларни соғломлаштириш, тўғри овқатлантириш масалалари, психолог муолажалари ҳамда улар ўртасида маданий-маърифий ва спорт тадбирларини ташкил этиш ишларини ўз ичига олган алоҳида Дастурлар ишлаб чиқилиб, амалда татбиқ этилмоқда.

Маълумот ўрнида

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги “Ситораи Мохи Хоса” санаторийси иқлимий ва балнеологик  сиҳатгоҳ ҳисобланади. У Зарафшон дарёси воҳасида, денгиз сатҳидан 500 метр баландликда, Бухоро амирининг собиқ ёзги қароргоҳи ҳудудидаги сўлим ва баҳаво масканда жойлашган.

Санаторий сийдик-таносил (сурункали гломерулонефрит ремиссия вақтида), овқат ҳазм қилиш, асаб ва ҳаракат-таянч тизими касалликлари билан хасталанган дам олувчиларни соғломлаштиришга ихтисослаштирилган.

Замонавий ташхислаш ва даволаш хоналари, физиотерапия, лазеротерапия, балчиқ билан даволаш, жисмоний тарбия, уқалаш каби муолажа хоналари, фитобар, шинам ошхона, клуб, спорт майдончалари, кутубхона, бассейн, сауна дам олувчилар хизматида.

Санаторийда даволаш муолажалари билан бирга дам олувчиларнинг Бухоро шаҳридаги тарихий обидаларга саёҳатлари ҳам ташкил этилади.

            Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати