[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

31.05.2016. Истиқлол йилларида болалар манфаатлари ҳимояси, улар саломатлигини муҳофаза қилиш, баркамол авлод тарбияси масалалари давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада амалга оширилаётган тизимли ишлар натижасида эришилаётган ютуқ ва муваффақиятларимиз жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилмоқда.

Мазкур йўналишлардаги ишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Айниқса, жисмонан соғлом, маънавий етук ёш авлодни тарбиялаш, улар ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, саломатликларини мустаҳкамлаш масалаларига касаба уюшма ташкилотлари томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, корхона, ташкилот ва муассасаларда имзоланган жамоа шартномалари орқали ижтимоий ҳимояталаб оилалар фарзандлари ўқув-қуроллари, дарсликлар билан таъминланмоқда, ходимлар фарзандларининг чет тилларини ўрганишларида кўмаклашилмоқда. Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “Касаба уюшмалари – болаларга” акцияси доирасида эса эртамиз эгалари ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, кам таъминланган оилалар фарзандларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ишлари амалга оширилмоқда. Жорий Соғлом она ва бола йилида мазкур йўналишлардаги ишлар янада кенг кўлам олди.

Жорий йилнинг 31 май куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан 1 июнь – Халқаро болалар куни муносабати билан ташкил этилган “Касаба уюшмалари – болаларга” акцияси пойтахтимиздаги Мирзо Улуғбек номли маданият ва истироҳат боғида ўтказилди.

Ушбу тадбирга маҳаллаларда истиқомат қилаётган ижтимоий ҳимояталаб, боқувчисини йўқотган оилалар, хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар фарзандлари, Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчалари тарбияланувчилари, мактаб-интернат ўқувчилари ҳамда кичик ёшиданоқ велоспортга меҳр қўйган болажонлар таклиф этилди.

Карнай-сурнай садолари остида кутиб олинган болажонларга касаба уюшмалари томонидан махсус совғалар ҳадя этилди. Хусусан, 40 нафар Меҳрибонлик уйлари ҳамда 10 нафар Болалар ижтимоий мослашуви Маркази тарбияланувчиларига, шунингдек, иқтидорли ўғил-қизларга энг сўлим ва баҳаво болалар соғломлаштириш оромгоҳларига бепул йўлланмалар берилди. Ижтимоий ҳимояталаб оилалардан бўлган 500 нафар болажонлар эса ранг-баранг совғалар, болалар учун мўлжалланган китоблар,  истироҳат боғидаги аттракционларга бепул чипталар билан таъминланди. Бундан ташқари пойтахтимиздаги 199-имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактабга касаба уюшмаларининг қимматбаҳо совғаси – замонавий музлатгич ҳадя этилди.

Сўлим боғдаги мазкур акция доирасида яна бир эзгу тадбир ўтказилди. Яъни, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ўтказилган “Болалар қўшиқлари, шеърлари ва куйлари республика ижодий танлови” ғолиблари бўлган ижодкорларни тақдирлаш тадбири ҳам болажонлар байрамига ажойиб туҳфа бўлди. Мазкур танлов натижасига кўра саралаб олинган энг яхши болалар шеърлари, қўшиқлари ва куйлари ёз мавсумида барча соғломлаштириш оромгоҳларида, мактабгача таълим ва умумтаълим муассасаларида болажонларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни маънавий баркамол инсонлар этиб вояга етказиш ишларида фойдаланиш учун йўналтирилди.

Акция доирасида 5 ёшдан 14 ёшгача бўлган 140 нафар болажонлар ўртасида “Касаба Тур – болажон” веломарафони ҳам ўтказилди. Болалар байрами муносабати билан мазкур веломарафон иштирокчиларининг барчаси ғолиб деб топилиб, ўғил-қизлар касаба уюшмаларининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Таъкидлаш зарурки, мазкур акция республикамизнинг барча ҳудудлари, хусусан, Қорақалпоғистон ва барча вилоятларда ҳам ташкил этилди. Унинг доирасида республикамизнинг ҳар бир ҳудудидан биттадан болалар махсус ёрдамчи мактаб-интернатларида маданий-кўнгилочар тадбирлар ўтказилиб, ушбу масканларга касаба уюшмаларининг совғалари топширилди.

Байрам арафасида Меҳрибонлик уйларининг 7 минг нафардан ортиқ тарбияланувчилари, эҳтиёжманд оилалар фарзандлари, иқтидорли ўқувчиларнинг жойлардаги музейлар, ботаника ва ҳайвонот, маданият ва истироҳат боғларига  саёҳатлари уюштирилди. “Биз – Мустақиллик фарзандларимиз” шиори остида ҳар бир ҳудуддан 25 нафардан, жами 350 нафар болаларнинг республикамизнинг тарихий шаҳарларига ҳамда Мустақиллик йилларида қад ростлаган бунёдкорлик иншоотларига саёҳатлари уюштирилди.

“Касаба уюшмалари – болаларга” акцияси доирасида шунингдек, 2 минг нафар Меҳрибонлик уйлари ҳамда Болалар ижтимоий мослашуви Маркази тарбияланувчилари, кам таъминланган оилалар фарзандлари, 500 нафар иқтидорли ўғил-қизлар Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан энг яхши болалар соғломлаштириш оромгоҳларига бепул йўлланмалар билан таъминланди.

Айни кунда акция доирасидаги тадбирлар республикамизнинг барча ҳудудларида давом этмоқда.

 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати