27.06.2016. Жорий йилнинг 27 июнь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг журналистика соҳасида “Инсонга наф келтириш – олий бахт” V республика анъанавий танлови якуни бўйича ғолиб ва совриндорларни тақдирлашга бағишланган тадбир ўтказилди. Республикамиз Мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилган мазкур тадбирда танлов иштирокчилари билан бир қаторда ўз касбининг моҳир эгалари бўлган оммавий ахборот воситалари ходимлари, фахрий журналистлар иштирок этдилар.
Таъкидлаш зурурки, босма ва электрон ОАВ йўналишида ташкил этиб келинаётган мазкур танловни ўтказишдан мақсад Мустақиллик йилларида мамлакатимизда инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самараси, барча соҳаларда қўлга киритилаётган ютуқ ва муваффақиятлар, халқимиз турмуши ободлигини таъминлаш, бунёдкорлик ишлари, улар натижасида Ватанимиз салоҳиятининг тобора юксалиб, халқаро майдондаги обрў-эътибори, аҳоли турмуши сифати ва фаровонлиги ортиб бораётганини кенг жамоатчиликка етказишга муносиб ҳисса қўшаётган журналистларнинг энг яхши ижодий ишларини муносиб рағбатлантиришдир.
Тадбирда Давлатимиз раҳбари томонидан ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш борасидаги устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Мамлакатимизда инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида олиб борилаётган демократик ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишда телевидение ва радио, нашриёт ва матбуот ходимлари фаолияти муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди. Таъкидланганидек, мустақиллик йилларида Давлатимиз раҳбари эътибори натижасида оммавий ахборот воситаларининг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳияти йил сайин кучайиб бормоқда. Бугунги кунда Республикамизда кўплаб босма ва электрон оммавий ахборот воситаларининг самарали фаолият кўрсатаётгани фикримиз далилидир.
Касаба уюшмалари бугун бошқа барча касб эгалари каби матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда.
Жорий йилги танловда 120 нафардан ортиқ ижодкор иштирок этди. Улардан 100 нафарга яқини босма, 20 нафардан ортиғи электрон оммавий ахборот воситалари йўналишида ижод қилаётган журналистлардир. Аҳамиятли томони шундаки, танловда қатнашаётган ижодкорлар ва улар тақдим этаётган материаллар сони йилдан йилга ортиб бормоқда. Шунингдек, ижодий ишлар мазмуни ҳам янада кенгроқ мавзуларни қамраб олганини кўриш мумкин. Хусусан, танловга тақдим этилган ижодий ишларда мустақиллик йилларида диёримизда ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш ҳамда ривожлантириш, юртимиздаги тинчлик ва осойишталик барқарорлигини таъминлаш, халқимиз турмуши фаровонлигини юксалтириш, кучли ижтимоий ҳимояни таъминлаш, ҳар томонлама етук ва баркамол авлодни тарбиялаш каби йўналишларда олиб борилаётган тизимли ишлар, ижтимоий, маънавий ва маърифий соҳаларда эришилаётган ютуқлар, уларнинг аввало, инсон манфаатларига хизмат қилаётгани чуқур таҳлил орқали очиб берилган.
Ушбу ижодий ишларнинг барчаси ҳакамлар ҳайъати томонидан холисона кўриб чиқилиб, ғолиблар ва рағбатлантирирувчи мукофот соҳиблари аниқланди. Босма ва электрон оммавий ахборот воситалари йўналишлари бўйича 1-, 2- ва 3-ўринни қўлга киритган ғолиблар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Дипломлари ва қимматбаҳо совғалари билан мукофотланди. Шунингдек, ҳар бир йўналиш бўйича 3 тадан жами 6 та рағбатлантирувчи мукофотга сазовор бўлган ижодкорлар муносиб тақдирланди.
Тадбир доирасида бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самарасини кенг жамоатчиликка етказишда фаоллик кўрсатиб келаётган бир гуруҳ журналистлар ҳамда фахрий қаламкашлар касб байрами – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан рағбатлантилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши матбуот хизмати