06.07.2016. Махфират опа тун бўйи ёққан ёмғирдан сўнг янада чирой очган турфа хил мевали ва манзарали дарахтлар, дид билан ишлов берилган гулзорга боқаркан, кайфияти кўтарилди. Хонаси эшигини очаркан, бугун аъзоларни қабул қилиш куни экани хаёлидан ўтди. Амалга оширилажак ишлар режасига кўз югуртирди.
Махфират Ўзбекованинг Жиззах вилоят Статистика бошқармаси бошланғич касаба уюшма қўмитасига раис этиб сайланганига икки йилдан ошди. Жамоат ташкилоти билан яқиндан танишган киши унинг корхона фаолиятида ўз ўрни борлигига амин бўлади. Жамоадаги соғлом муҳитни шакллантириш, ишчанлик руҳини сақлаш, ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий ҳимояни таъминлашда бошланғич ташкилотнинг салмоқли ўрни бор.
— Жамоамизда 83 нафар аъзо бор, — дейди касабақўм етакчиси. — Улардан 41 нафари аёллар, 48 нафари эса ёшлар. Ходимлар соғлиғи доимий эьтиборда. Шу мақсадда ишлаб чиқариш гимнастикасини ташкил қилганмиз. Бу билан, айниқса, ёшлар бўш вақтини беҳуда ўтказмаслигига эришдик.
Дарҳақиқат, иш берувчи билан келишган ҳолда бошқарма тасарруфидаги бўш турган иккита хона таъмирдан чиқарилгач, бинойидек спорт залига айланди-қолди. Аёллар гимнастикаси учун алоҳида жиҳозлар келтирилди. Шунингдек, фитачой ва витаминли коктейллар тайёрлаш учун фитобар ташкил қилинди. Ҳудудда жойлашган оилавий поликлиника билан шартнома тузилиб, ҳар ойда бир марта барча ходимлар тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.
Жамоа шартномаси нафақат ходимлар ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоялашда, балки маънавият ва соғломлаштириш йўналишларида ҳам тизимли ишларни амалга оширишда қўл келаётир.