[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

19.07.2016. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсатини ҳаётга татбиқ этишда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. «Ёш ишчи кадрларни тайёрлашга ва уларнинг малакасини оширишга кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида жорий йилдан бошлаб илк маротаба ҳамкор ташкилотлар иштирокида ўтказилаётган “Энг яхши ишчи касб эгаси” танлови шулар жумласидандир. Мамлакатимиз Мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо Ўзбекистоним!” шиори остида ташкил этилган мазкур танловдан кўзланган мақсад – ишчи касбларни оммалаштириш ва ривожлантириш, иқтидорли ёш мутахассисларни аниқлаш ва уларнинг касбий маҳорати ҳамда билим даражасини ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, энг яхши ишланмаларни амалиётга татбиқ этишда кўмаклашишдир. Мазкур танловда корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ишчи мутахассислар ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари иштирок этмоқда.

Таъкидлаш зарурки, шу кунгача танловнинг туман (шаҳар) ва ҳудудий босқичларида ўзлари фаолият юритаётган корхоналар, хизмат кўрсатиш шаҳобчалари, фермер ҳўжаликлари, қурилиш ташкилотлари, касб-ҳунар коллежлари ва бошқалардаги юқори малакали устозлари томонидан тавсия этилган 2,5 минг нафарга яқин ёшлар қатнашди. Улар пайвандлаш, қишлоқ ҳўжалиги машина ва жиҳозларига хизмат кўрсатиш, улардан фойдаланиш ва таъмирлаш, қурилиш-пардозлаш ишлари, умумий қурилиш устаси, тикувчилик, тикув буюмлари ишлаб чиқариш, сартарошлик, косметология, ошпазлик каби кўплаб соҳаларда ўзлари эришган ютуқ ва маҳоратларини намойиш этдилар. Шунингдек, танлов жараёнида ёшлар янги дўстлар орттириб, ўзаро тажриба алмашиш, янги ғоялар билан ўртоқлашиш имконига ҳам эга бўлдилар.

Танлов умумдавлат таснифлагичидан танлаб олинган касблар бўйича уч босқичда – туманлар, ҳудудлар, яъни, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда республика миқёсида ўтказилди. Танловнинг ҳудудий босқичларида жами 461 нафар ёшлар, жумладан 98 нафар қишлоқ хўжалиги машина ва жиҳозларига хизмат кўрсатиш механиги, 36 нафар пайвандлаш ишлари (механик) техниги, 72 нафар қурилиш-пардозлаш ишлари устаси, 56 нафар умумқурилиш ишлари устаси, 89 нафар тикув ва тикув-буюмлари ишлаб чиқариш техник-технологи, 56 нафар ошпаз, 54 нафар сартарошлик ва декоратив косметика устаси иштирок этди. Танловнинг ҳудудий босқичлари якунларига кўра ғолиб деб топилган 86 нафар ёшлар жорий йилнинг Республика босқичига йўлланма олдилар.

Айни кунда 3 босқичда ва 7 та номинацияда ташкил этилган танловнинг республика босқичи бўлиб ўтмоқда. Танловда иштирокчиларнинг билим ва маҳоратлари назарий (тест саволлари) ва амалий (касбий-амалий топшириқлар) синовдан ўтказилмоқда. Ёшлар 7 та – “Қишлоқ хўжалиги машина ва жиҳозларига хизмат кўрсатиш механиги”, “Пайвандлаш ишлари (механик) техниги”, “Қурилиш-пардозлаш ишлари устаси”, “Умумқурилиш ишлари устаси”, “Тикув ва тикув-буюмлари ишлаб чиқариш техник-технологи”, “Ошпаз”, “Сартарошлик ва декоратив косметика устаси” номинациялари бўйича маҳоратларини намойиш этмоқдалар.

Бугун танловнинг “Қишлоқ хўжалиги машина ва жиҳозларига хизмат кўрсатиш механиги” номинацияси бўйича беллашувлар бўлиб ўтди. Мазкур номинациянинг туманлар миқёсида ўтказилган 1-босқичида жами 679 нафар ишловчи ёшлар иштирок этиб, уларнинг 98 нафари биринчиликни қўлга киритди ҳамда ҳудудий босқичга йўлланма олди. 2-ҳудудий босқичда иштирок этган иштирокчилар орасидан эса 13 нафар ўз касбининг устаси бўлган ёшлар ғолиб деб топилиб, танловнинг Республика финал босқичида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди.

“Энг яхши ишчи касб эгаси” танловининг “Қишлоқ хўжалиги машина ва жиҳозларига хизмат кўрсатиш механиги” номинацияси бўйича Республика финал босқичида ўз касбига меҳр қўйган энг маҳоратли ёшлар аниқланиши билан бирга, ўрта-махсус касб-хунар таълимининг таълим йуналишлари, касблар ва ихтисосликлар умумдавлат таснифлагичидаги касблар кенг тарғиб этилди. Шунингдек, асосий эътибор ишчи, мутахассислар ҳамда коллеж битирувчиларининг ўзлари танлаган касблар ва ихтисосликлар бўйича кизиқишларини янада ошириш, иштирокчи ёшларнинг истеъдоди ва ижодий қобилиятларини юзага чиқариш, назарий билим ва амалий кўникма ҳамда малакаларини ошириш, уларни танлаган касблари буйича меҳнат фаолиятига тайёргарлик салоҳиятини янада кучайтириш, касбий маҳоратларини оширишга қаратилди.

Бундан ташқари, танлов орқали ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими усталарининг педагогик махоратини такомиллаштириш, улар томонидан кобилиятли, ижодкор ўқувчилар билан якка тартибда олиб борилаётган аниқ мақсадга йуналтирилган ишларни ривожлантириш, қобилиятли ишчи, мутахассислар ва ўқувчиларни аниқлаш ҳамда рағбатлантиришга эришилди. Энг муҳими танлов ёш ишчи ходимлар учун ўзларининг назарий билим савияси ҳамда амалий касбий тайёргарлик сифатини оширишлари учун кенг имконият яратди.

Жорий йилнинг 20 июль куни танловнинг “Қурилиш-пардозлаш ишлари устаси” ва “Умумқурилиш ишлари устаси” номинациялари бўйича беллашувлар, 21 июль куни эса “Тикув ва тикув буюмлари ишлаб чиқариш техник-технологи”, “Сартарошлик ва декоратив косметика устаси” ҳамда “Ошпаз”  номинациялари бўйича беллашувлар бўлиб ўтади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати