20.07.2016. Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан «Ёш ишчи кадрларни тайёрлашга ва уларнинг малакасини оширишга кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида жорий йилдан бошлаб илк маротаба ўтказилаётган “Энг яхши ишчи касб эгаси” танловининг республика босқичи мусобақалари давом этмоқда.
20 июль куни мамлакатимиз Мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо Ўзбекистоним!” шиори остида ташкил этилган мазкур танловнинг “Қурилиш пардозлаш ишлари устаси” ва “Умумқурилиш ишлари устаси” номинациялари бўйича Республика босқичи беллашувлари бўлиб ўтди.
Шу ўринда таъкидлаш зарурки, “Қурилиш-пардозлаш ишлари устаси” номинациясининг 1-босқич – туман (шахар) миқёсидаги беллашувларида жами 274 нафар ёш қурувчилар иштирок этиб, улардан 72 нафари биринчиликни қўлга киритди ҳамда ҳудудий босқичга йўлланма олди. 2-босқич – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқиёсида ўтказилиб, унда иштирок этган 72 нафар иштирокчидан 14 нафари ғолиб деб топилди ва танловнинг Республика финал босқичида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди.
“Умумқурилиш ишлари устаси” номинациясининг 1-босқичида эса 272 нафар номзодлар иштирок этиб, уларнинг 56 нафари ғолиб бўлди ва ҳудудий босқичда иштирок этдилар. Ҳудудий босқичларда саралаб олинган 14 нафар энг яхши ёш қурувчилар ҳамда касб-ҳунар коллежлари танловнинг Республика финал босқичида иштирок этиш учун йўлланма олдилар.
Танловнинг иккала йўналишдаги номинациялари бўйича Республика босқичида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан ғолиб бўлган 14 нафардан жами 28 нафар ёш қурувчилар иштирок этдилар. Дастлаб иштирокчилар меҳнат муҳофазаси қоидалари билан таништирилдилар. Сўнгра айнан йўналишларига оид тест саволлари бўйича синовдан ўтдилар. Назарий билимлари синовдан ўтказилгач, ёш қурувчилар устозларидан ўрганган амалий билимларини намоён этиб, бор касб маҳоратларини ишга солган ҳолда катта иштиёқ билан ғишт териш, кафель ёпиштириш бўйича куч синашдилар.
Танлов иштирокчиларининг назарий билим савияси ҳамда амалий касбий тайёргарлик сифатини 5 кишидан иборат ҳакамлар ҳайъати холисона баҳолаб борди. Баҳолаш жараёнида бажарилаётган ишнинг сифати, эстетик дид билан бажарилиши, чаққонлик ва эпсчиллик ҳам инобатга олинди. Ҳакамлар ҳайъати томонидан танлов иштирокчиларининг бажарган ишлари тасдиқланган баҳолаш мезонлари асосида баҳоланиб, касблар буйича ғолиблар аниқланди.
Хусусан, “Қурилиш-пардозлаш ишлари устаси” номинациясида Хоразм вилоятидаги Хонқа қурилиш ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи битирувчиси Руслан Абдиримов 1-ўринни эагаллади. 2-ўрин Самарқанд вилоятидаги Пастдарғом қурилиш технологиялари касб-ҳунар коллежи битирувчиси Шаҳзод Алиқуловга, 3-ўрин эса Жиззах шаҳаро уй-жой коммунал касб-ҳунар коллежи битирувчиси Миржалол Қўқоровга насиб этди.
“Умумқурилиш ишлари устаси” номинациясида эса Сурхондарё вилоятидаги Термиз Архитектура ва қурилиш касб-ҳунар коллежи битирувчиси Ойбек Содиқов биринчиликни қўлга киритди. Тошкент архитектура ва қурилиш институти талабаси Рузалия Ибрагимова 2-ўринга, Нукус қурилиш касб-ҳунар коллежи битирувчиси Тимур Генжебаев 3-ўринга муносиб деб топилди.
Ғолиб ва совриндорлар касаба уюшмаларининг диплом ва совғалари билан тақдирландилар.
Жорий йилнинг 21 июль куни танловнинг “Тикув ва тикув буюмлари ишлаб чиқариш техник-технологи”, “Сартарошлик ва декоратив косметика устаси” ҳамда “Ошпаз” номинациялари бўйича беллашувлар бўлиб ўтади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати