21.07.2016. 2016 йилнинг 21 июль куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Ёш ишчи кадрларни тайёрлашга ва уларнинг малакасини оширишга кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида ўтказилаётган “Энг яхши ишчи касб эгаси” танловининг “Тикув ва тикув-буюмлари ишлаб чиқариш техник-технологи”, “Ошпаз”, “Сартарошлик ва декоратив косметика устаси” номинациялари бўйича Республика босқичи мусобақалари ўтказилди.
Таъкидлаш зарурки, бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари мамлакатимизда ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишга қаратилган ёшларга оид давлат сиёсатининг изчил амалга оширилишига муносиб ҳисса қўшиш мақсадида тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда. Жорий йилдан бошлаб илк бора ўтказилаётган “Энг яхши ишчи касб эгаси” танлови ана шундай тадбирлар сирасидандир.
Мазкур танлов ишчи касбларни оммалаштириш ва ривожлантириш, энг яхши халқаро ишланмаларни касбий таълим тизимига тадбиқ этиш учун замин яратиш, ёшларнинг истеъдоди ва ижодий қобилиятларини намоён этиш, касбий маҳорати ва билим даражасини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ўқувчиларда ўзлари танлаган касб ва ихтисосликларни чуқур ўрганишга бўлган қизиқишни кучайтиришга йўналтирилганлиги билан янада аҳамиятлидир. Танловнинг ишчи касбларида меҳнат қилаётган ёшлар орасидан ўз касбининг моҳир устаси бўлган ёш мутахассисларни аниқлаш ва улар ишланмаларини ҳаётга татбиқ этиш имконини берганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Танлов 16 ёшдан 25 ёшгача бўлган ишчи, мутахассислар ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ўртасида ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг таълим йўналишлари, касблар ва ихтисосликлар умумдавлат таснифлагичидан танлаб олинган касблар бўйича ўтказилди.
Танловнинг “Тикув ва тикув-буюмлари ишлаб чиқариш техник-технологи”, “Ошпаз”, “Сартарошлик ва декоратив косметика устаси” номинацияларининг қуйи босқичларида 1 минг 200 нафардан ортиқ ёш ишчи мутахассислар ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари иштирок этдилар. Билим ва маҳоратлари даражасига мувофиқ саралаб олинган 37 нафар ёшлар танловнинг Республика босқичига йўлланма олдилар.
Мазкур танлов ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими усталарининг педагогик маҳоратини, улар томонидан қобилиятли, ижодкор ўқувчилар билан аниқ мақсадга йўналтирилган ҳолда олиб борилувчи ишларни такомиллаштиришда ҳам муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиздир. Шунингдек, қўйи босқичлар жараёнида қобилиятли ишчи мутахассислар ва ўқувчилар аниқланиши билан бирга, уларни муносиб рағбатлантириш орқали ўз касбларига бўлган меҳр-муҳаббатлари ва интилишлари ортгани, шунингдек, касб-ҳунар коллежлари, иш берувчи корхона ва ташкилотлар, ота-оналар ва жамоатчиликнинг ўзаро ҳамкорлиги кучайгани ҳам аҳамиятлидир.
Финал босқичида иштирокчилар аввало ўз мутахассисликлари бўйича тест синовларидан ўтдилар. Шундан сўнг касбий-амалий топшириқлар бажарилди. Иштирокчилар билим ва кўникмаларининг давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларига мазмунан мос эканлиги, улар бажараётган ишларнинг мураккаблик даражасига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Назарий ва амалий синовлар жараёнида ишчи мутахассислар ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ўз билими ва савияси, кўникма ва малакасини оширишга бўлган эътибори, танлаган касблари бўйича меҳнат фаолиятига тайёргарлик даражаси, касбий маҳоратларини оширишга бўлган интилишлари яққол намоён бўлди.
Ҳар бир жараён нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан холисона баҳоланиб, ғолиблар аниқланди. Хусусан, “Тикув ва тикув-буюмлари ишлаб чиқариш техник-технологи” номинациясида Навоий вилоятидаги Навбаҳор тумани Енгил саноат касб-ҳунар коллежи битирувчиси 1-ўринга сазовор бўлди. Хонқа қурилиш ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи битирувчиси Махсуда Рўзметова 2-, Андижон вилоятидаги Транспорт касб-ҳунар коллежи битирувчиси Мафтуна Мўйдинхонова 3-ўринни эгалладилар.
“Сартарошлик ва декоратив косметика устаси” номинациясида ҳакамлар ҳайъати томонидан Урганч маиший хизмат касб-ҳунар коллежининг 2-курс талабаси Мадина Қадамбоева ғолиб деб топилди. 2-ўринга Денов хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи битирувчиси Марғуба Рахматулина, 3-ўринга эса Андижон вилоятидаги 2-маиший хизмат касб-ҳунар коллежи битирувчиси Раҳматилла Раҳмонжонов сазовор бўлди.
Ёш ошпазларнинг янги маҳорат қирраларини очиб берган “Ошпаз” номинациясида эса биринчиликни Наманган шаҳридаги “Зомин элегант сервис” МЧЖ ходими Толиб Абдуллаев қўлга киритди. 2-ўринни Навоий кончилик касб-ҳунар коллежи битирувчиси Азиза Хотамова забт этган бўлса, 3-ўринни Чирчиқ саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи битирувчиси Зилола Жўраева эгаллади.
Ғолиб ва совриндорларга касаба уюшмалари томонидан диплом ва совғалар топширилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати