[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

Йилнинг энг фаол ёш кимёгари аниқланди

28.07.2016. Аввал хабар берганимиздек, мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ҳамда “Ўзбекистон Республикасида 2016 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури”га мувофиқ Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ўтказилаётган “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” танловининг Республика тармоқ босқичлари давом этмоқда.

28 июль куни Олмалиқ шаҳридаги “Аммофос-Максам” АЖ маданият маданият саройида 14 номинация бўйича бўлиб ўтаётган мазкур танловнинг “Йилнинг энг фаол ёш кимёгари” номинацияси бўйича Республика босқичи беллашувлари ўтказилди. Унда “Ўзкимёсаноат” АЖ тизимидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ва танловнинг қуйи босқичларида ғолибликни қўлга киритган, илғор инновацион ғояларга эга бўлган 13 нафар ёш кимёгарлар мусобақалашдилар.

Танловда ёш мутахассисларнинг ишлаб чиқаришга жорий этилган янги лойиҳалари, уларнинг ишлаб чиқариш ҳажми ва унумдорлигини оширишдаги аҳамияти, ёш мутахассислар инновацион ишланмаларининг Республикамиз иқтисодиётини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси асосий мезонлардан бири бўлди. Шунингдек, ёш мутахассислар томонидан амалга оширилаётган илмий изланишларнинг долзарблиги ҳамда уларнинг республикамиз илм-фани, ишлаб чиқариш самарадорлигини янада ривожланишига муносиб ҳисса қўшишдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилди. Энг муҳими танлов орқали ёш мутахассисларнинг янги ишланма ва кашфиётлари юзага чиқарилди.

Масалан, “Максам-Чирчиқ” АЖ катализатор ишлаб чиқариш цехи технологи Арсен Алиевнинг тақдим этган лойиҳага кўра, Россиядан келтирилаётган металл катанка хом-ашёси ўрнига “Ўзкимёсаноат” корхоналарида аммиакни синтез қилиш технологиясида ишлатилаётган СА-СВ катализатори чиқиндисидан фойдаланиш ишлаб чиқаришда зарур бўлган  махсус катализатор олишда катта фойда келтирилиши кутилмоқда.

Лойиҳани амалиётга татбиқ этиш натижасида 1 тонна маҳсулот ишлаб чиқаришда Россиядан келтирилаётган хом-ашё нархига солиштирилганда, тахминан 3,0 миллион сўм тежалиб, йилига 250 тонна маҳсулот ишлаб чиқаришда 750 миллион фойда олинади.

“Навоийазот” АЖ Азот кислотаси ишлаб чиқариш цехи бўлинма бошлиғи Беҳзод Шералиев лойиҳаси эса йирик қувватли аммиак ва азот кислотси маҳсулотлари ишлаб чиқарилишида катта қувватли электродвигателлар ўрнига пар билан ҳаракатга келтирилувчи турбиналар ишлатиш орқали корхоналарда катта ҳажмдаги электр энергиясини тежаш имконини беради. Бу эса ўз навбатида маҳсулот таннархининг пасайиши ва унинг рақобатбардошлигини оширади.

Танловда нуфузли ҳакамлар хайъати томонидан “Йилнинг энг фаол ёш кимёгари” номинацияси бўйича 1-, 2-, 3-ўрин ғолиблари аниқланди.

Ғолиб ва совриндорлар Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши дипломи ҳамда совғалари билан тақдирландилар.

Танлов доирасида аниқланган энг фаол ёш мутахассислар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Ватанимиз Мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб ташкил этиладиган “Ёш мутахассислар” Республика форумида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритдилар. Мазкур форумда энг яхши деб топилган иқтидорли ёш мутахассислар Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан таъсис этилган махсус грантлар билан тақдирланадилар.

 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати