“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури амалда
18.07.2016. Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда
Жумладан, Дастурда белгиланган оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёллар манфаатларини ҳимоя қилиш, соғлом болани тарбиялашда уларнинг ролини ошириш, кучли, барқарор ва равнақ топаётган давлатнинг негизи сифатида оила институтини мустаҳкамлашга йўналтирилган қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш ишларида касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этмоқдалар.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 46-моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тайёрланишида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорлик қилинмоқда.
Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган 138-, 182-, 100-, 103-, 111-Конвенцияларига иш берувчилар томонидан риоя этиш талаби 90 276 та жамоа шартномаларига киритилган ва уларга амал қилиниши юзасидан касаба уюшмалари томонидан жамоатчилик назорати ўрнатилган.
Ўзбекистон Республикасида болалар меҳнати масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш мажлисида ХМТ конвенциялари ва тавсиялари бажарилиши бўйича Экспертлар Қўмитасининг “Мажбурий меҳнатни тугатиш тўғрисида”ги 105-сонли ҳамда “Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисида”ги 182-сонли конвенцияларнинг Ўзбекистон Республикаси томонидан бажарилиши юзасидан эълон қилинган маърузаси эшитилди. Ҳудудларда ва республика даражасида 12 июнь – “Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши куни”га бағишланган туркум семинарлар, давра суҳбатлари ўтказилди.
Касаба уюшма ташкилотларига аёллардан тушган жами 1 545 та, шу жумладан, уч ёшга тўлмаган фарзандини тарбиялаётган 71 нафар аёлнинг мурожаати кўриб чиқилди. Тизимдаги “Ишонч телефонлари” орқали 388 нафар аёлга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. 383 та мурожаат бўйича талаблар қаноатлантирилиб, 28 нафар аёлнинг қонуний ҳуқуқи тикланди.
Тиббиёт муассасаларининг, жумладан перинатал ва скрининг марказларининг моддий-техника базасини ва кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларининг иш самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирлар доирасида Фарғона вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан гўдаклар уйида тарбияланаётган болаларга 12,0 млн. сўмлик сутли аралашмали озуқалар, вилоят ҳудудларидан 19 нафар ногирон болаларга 1,33 млн. сўмлик реабилитация воситалари олиб берилди.
Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, санитария ва гигиена, ҳомиладор аёлларнинг соғлиғини сақлаш ва психофизиологик аҳволини яхшилаш, ёш оналар ва болаларни тегишли тарзда парвариш қилиш соҳасидаги ишларни кучайтириш йўналишида республиканинг чекка ҳудудларидаги ишловчи 152 нафар аёл, 134 нафар таълим ҳамда тиббиёт ходимлари касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда бепул соғломлаштирилди. Фарзанд кўрмаган ёш оилалардан бўлган 73 нафар кишига “Умид гулшани” санаторийсига йўлланмалар берилди. Ушбу мақсадларга жами 411,7 млн. сўм маблағ йўналтирилди.
Шунингдек, санаторийлар атрофида жойлашган маҳаллалардаги 914 нафар оналар ва болаларни ташхислаш, амбулатор шароитда соғломлаштириш ишлари амалга оширилди.
Хотин-қизлар касалликка чалинишининг олдини олиш юзасидан ҳам комплекс профилактика чора-тадбирлари ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши таъминланмоқда. Хусусан, корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган хотин-қизларнинг тиббий кўрикдан ўтишларини таъминлаш бўйича олиб борилган мониторинг натижаларига кўра 1 928 924 нафар хотин-қизлар тиббий кўрикдан ўтказилган.
Ёшлар орасида жисмоний тарбия ва спортни кенг оммалаштириш, ёшларни, айниқса қишлоқ жойларда қизларни спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, янги спорт объектларини қуриш, ишлаб турганларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий спорт ускуналари ва анжомлари билан жиҳозлаш йўналишида республикадаги давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда бир қатор спорт мусобақалари ўтказилди. Шунингдек, Федерация Кенгаши томонидан ташкил этилган “Соғлом оила” оилавий спорт мусобақаларининг корхона, ташкилот босқичларида 100 329 та, туман босқичларида 2 961 та, ҳудудий босқичларида 372 та, республика босқичида 28 та оилавий жамоалар иштирок этди.
“Кaсaбa-Tур” республика веломарафонининг қуйи босқичларида 23 минг 694 та корхона, ташкилот ва муассасаларнинг 3 млн. 200 мингдан ортиқ ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри босқичларида 7 минг нафардан ортиқ ҳаваскор велоспортчилар қатнашди.
“Ёш чегарачи” спорт мусобақаларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичлари ўтказилишида ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари бирлашмалари кенгашлари, республика якуний босқичида Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамкорлик қилиб, ғолиблар 12,4 млн. сўмлик совғалар билан тақдирландилар.
Мамлакатимизда тинчлик, осойишталик ва фаровонликни янада мустаҳкамлашнинг муҳим шарти сифатида оилаларда соғлом маънавий
муҳитни, хусусан, ўзаро ҳурмат-эҳтиром, эр-хотин ўртасида, ота-оналар билан фарзандлар, қайнона-келин ўртасида, қўни-қўшнилар ўртасида меҳр-оқибат руҳини яратиш йўналишида ҳам кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, тизимдаги “Турон”, “Умид гулшани”, “Термиз марвариди” санаторийларида қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Барча санаторийлардаги мавжуд “Она ва бола” бўлимларида оилавий дам олиш учун барча зарур шароитлар яратилмоқда. Болалар учун ўйин майдончалари, бўлимларда алоҳида ўйин хонаси ажратилиб, тегишли тартибда жиҳозланди.
“Касаба уюшмалари – болаларга” акцияси доирасида республикамизнинг турли ҳудудларидаги 17 та таянч мактаб-интернатга 23,7 млн. сўмлик ҳомийлик ёрдами кўрсатилди. Хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ички ишлар ходимларининг оилаларига Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан манзилли-моддий ёрдам кўрсатилди.
Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, иқтидорли ўқувчилар ва эҳтиёжманд оилаларнинг 13 989 нафар фарзандларининг музейлар, маданият ва истироҳат боғларига, театрларга ташрифи, 914 нафарининг “Биз – Мустақиллик фарзандларимиз” шиори остида тарихий шаҳарларга саёҳати ташкил этилди.
Жамоа шартномалари ва келишувлари орқали боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оилаларнинг 8 546 нафар фарзандлари ўқув анжомлари билан таъминланиб, корхоналар ходимларининг 2 721 нафар фарзанди учун спорт тўгаракларига қатнаши харажатлари қопланди. Шунингдек, 2 728 нафар аёлларни ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари кунини узайтириш, икки ёшдан уч ёшгача фарзандлари бўлган 8 576 нафар аёлларга моддий ёрдам кўрсатиш, нодавлат мулк шаклидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган болали 3 898 нафар аёлларга ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақтини ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгилаш тадбирлари амалга оширилди. Республикамизнинг чекка туман қишлоқларидаги ишлаётган 328 нафар аёлларнинг Хива, Тошкент, Самарқанд, Бухоро каби тарихий шаҳарларга саёҳатлари уюштирилди.
Барча бўғиндаги касаба уюшма ташкилотларида “Соғлом она – соғлом бола” шиори остида “Аёли қадрланган диёр”, “Аёл борки олам мунаввар”, “Аёл оила қўрғони ва чароғбони” каби мавзуларда маданий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ва учрашувлар ўтказилди. Ишлаб чиқаришда, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимида самарали фаолият юритаётган, фермер ва тадбиркорлик, касаначилик ва уй меҳнати билан юртимиз равнақига ҳисса қўшаётган илғор ва фаол хотин-қизлар, фахрий аёллар рағбатлантирилди. Ижтимоий ҳимояталаб хотин-қизлар, меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олиниб, моддий ва маънавий қўллаб-қувватланди.
Соғлом болани вояга етказишда таълим тизимининг ролини кучайтириш, мактабгача таълим муассасалари тармоғини янада ривожлантириш, бошланғич таълимнинг юқори сифатини таъминлаб, илғор педагогика ва ахборот-коммуникация технологияларини амалиётга кенг жорий этган ҳолда болаларни мактабга тайёрлаш даражасини тубдан ошириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш тадбирларини амалга ошириш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, 2016 йилги Манзилли дастурга асосан Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Сурхондарё вилоятидаги “Амударё соҳили”, “Бешбулоқ Сурхон-Шеробод”, Хоразм вилоятидаги “Автомобилчи” оромгоҳларида қурилиш, реконструкция ишлари бажарилди.
15 июль ҳолатига жами 1214 та оромгоҳ фаолият юритиб (211 та стационар, 863 та кундузги, 140 та меҳнат ва дам олдириш), уларда 248 минг 922 нафар бола дам олдирилмоқда (стационар оромгоҳда 121 минг 620 нафар, кундузги оромгоҳларда 127 минг 372 нафар, меҳнат ва дам олдириш оромгоҳларида 5 минг 930 нафар).
Шу жумладан 3 310 нафар Оролбўйи ҳудуди болалари давлат бюджетидан, 500 нафар иқтидорли болалар, 1 минг 780 нафар “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари, 20 нафар “Ангрен-Поп” электрлаштирилган темир йўли қурилишида иштирок этган ходимлар фарзандлари касаба уюшмалари маблағидан, 20 минг 747 нафар меҳнаткашларнинг фарзандлари жамоа шартномалари ва келишувлари орқали, 2 768 нафар республика маҳаллаларида истиқомат қилувчи эҳтиёжманд оила фарзандлари “Маҳалла” жамоат фонди маблағидан бепул соғломлаштирилмоқда.
Шу билан бирга, республика бўйича 215 та ихтисослашган оромгоҳлар ташкил этилиб, уларга 21 минг 138 нафар болалар жалб этилди.
Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини, аввало қизларни ишга жойлаштириш, ўз бизнесини йўлга қўйиш иштиёқидаги ёшларга имтиёзли кредитлар, ёш оилаларга уй-жой сотиб олиш ва қуриш учун ипотека кредитлари, узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар харид қилиш учун истеъмол кредитлари ажратиш чора-тадбирларини таъминлаш мақсадида, жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 2 194 та ёш оилага узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар ҳарид қилиш ҳамда уй-жой қуриш учун фоизсиз cсудалар ажратилди. Ёш оилалардан 29 162 нафарига моддий ёрдам кўрсатилди.
Аҳолига сервис ва пуллик хизмат кўрсатиш бўйича шаҳобчалар ташкил этиш орқали коллеж битирувчилари ва вақтинча ишсизлар учун республика бўйича жами 2 689 та янги иш ўринлари яратилди.
Меҳнат жамоаларида “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурининг мақсад ва моҳиятини тарғиб этувчи “Маънавият соатлари”, давра суҳбатлари ташкил қилинди.
“Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталарида “2016 йил – Соғлом она ва бола йили”, “Соғлом оила – соғлом муҳит”, “Оналари соғлом, болалари баркамол Ватан” рукнлари ташкил этилиб, уларда 200 дан ортиқ мақола ва хабарлар, республика оммавий ахборот воситаларида 50 дан ортиқ материаллар берилди.
Мазкур йўналишлардаги ишлар тизимли равишда давом эттирилмоқда.
Дастур тадбирлари ижроси учун ярим йиллик якуни бўйича жами 63 млрд. 51 млн. 400 минг сўм маблағ йўналтирилди.