[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

02.08.2016. Яқинда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Хотин-қизлар кенгаши томонидан Сирдарё вилоятидаги бир нечта корхоналарда аёллар учун яратилган меҳнат шароитлари ҳамда жамоа шартномалари орқали уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатлари ҳимояси борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилиб, амалий ёрдам кўрсатилди.

Вилоятдаги “PENG  SHENG” қўшма корхонаси шулар жумласидандир.          2010 йилда ўз фаолиятини бошлаган ушбу қўшма корхонада айни пайтда 1300 нафар ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Уларнинг 424 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Ҳар бир ходим билан меҳнат шартномалари тузилган. Корхонада мобил телефонлар, кафел, оёқ кийимлари, сантехник асбоблар, уй ҳайвонлари ва қушларга озуқа ишлаб чиқарилади.

2014-2016 йиллар учун тузилган жамоа шартномаси ўзбек, рус, хитой тилларида тузилган ва экспертизадан ўтказилган. Жамоа шартномасига “Аёллар меҳнатини тартибга солиш. Аёллар ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларга бериладиган қўшимча имтиёз ва кафолатлар” бўлими киритилган. Жамоа шартномаси орқали хомиладор, икки ёшга тўлмаган боласи бор аёллар, ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёллар учун имтиёзлар берилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, иш жойлари қисқартирилиши ҳолатларида аёллар учун қўшимча имтиёзлар берилиши, уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларга 1 соатга қисқартирилган иш куни белгилаш, болалик аёлларнинг бола 3 ёшга тўлгунга қадар парваришлаш таътилида бўлган вақти меҳнат стажига қўшилиши иш берувчининг мажбуриятларига киритилган ва ижроси таъминланмоқда.

Корхонада жамоа шартномаси орқали хотин-қизларга барча қулайликлар яратилган. Ишловчи аёллар махсус кийим-бош, шовқин ва чангдан ҳимояловчи воситалар билан тўлиқ таъминланган. Мобил телефон цехида ишловчи ходимларга ҳар соатда 15 дақиқа танаффус ва  сут маҳсулотлари берилади. Бир йўла 750 киши овқатланадиган ошхонада ходимлар овқатланишлари учун корхона томонидан бир йилга ўртача 100 млн. сўм маблағ ажратилган. Хотин-қизлар ҳар йили бир маротаба корхона ҳисобидан тиббий кўрикдан ўтказилади. Бундан ташқари, хотин-қизлар учун кийиниш, гигиена, душ хоналари  ташкил этилган. Барча зарур дори-дармонлар билан таъминланган тиббиёт хонаси фаолият кўрсатмоқда. Ходимлар ишга келиб-кетиши учун махсус микроавтобуслар ажратилган.

Шунингдек, ишчи-ходимлар спорт билан шуғулланиши учун волейбол, баскетбол, футбол майдонлари, теннис корти, шахмат-шашка хоналари, сузиш ҳавзаси ишлаб турибди. “Маънавият ва маърифат хонаси” талаб даражасида жиҳозланган. Ходимлар ўртасида маънавий-маърифий тадбирлар белгиланган режа асосида ўтказилади, ходимларнинг Тошкент шаҳрига, тарихий қадамжоларга саёҳатлари ташкил этилмоқда.