22.08.2016. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан мамлакатимиз Мустақиллигининг 25 йиллигини муносиб кутиб олиш мақсадида диёримизнинг ҳар бир ҳудудида “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” ғоясини ўзида мужассам этган маданий-маърифий тадбирлар, “Маънавият соатлари”, учрашувлар ва Давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги туманлар, маҳалла гузарлари, меҳнат жамоаларида маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда. Мазкур тадбирлар доирасида қатор ижтимоий акциялар ўтказилмоқда. Хусусан, “Касаба уюшмалари – хотин-қизларга” акцияси доирасида республиканинг чекка қишлоқ туманларида яшовчи эҳтиёжманд оилаларнинг 4 060 нафар аёллари учун электр маиший техника жиҳозлари топширилди. “Касаба уюшмалари – ҳарбийларга” акцияси доирасида эса мустақиллик йилларида хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оилалари моддий ва манзилли қўллаб-қувватланмоқда. “Касаба уюшмалари – ёшларга” акцияси доирасида эса ижтимоий ҳимояталаб оилалардан бўлган 300 нафар иқтидорли талабага касаба уюшма стипендиялари топширилган бўлса, Олий ва ўрта махсус ўқув юртларида таълим олаётган 140 нафар кўзи ожиз талаба ва ўқувчиларга махсус ўқув анжомлари тақдим этилди.
Ватанимиз Мустақиллигининг 25 йиллиги нишонланадиган йилда Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан илгари сурилган ташаббус – Республикамизнинг ҳар бир ҳудудидаги туман ва шаҳарларда 25 тадан иш ўринларини ташкил этиш ишлари ҳам жадал бормоқда. Байрам арафасида касаба уюшмалари томонидан хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчаларини ташкил этиш орқали, коллеж битирувчилари учун жами 3 790 та иш ўринлари яратилиб, уларда ёшлар бандлиги таъминланди. Меҳнаткашлар фарзандлари учун “Биз – Мустақиллик фарзандларимиз” шиори остида республикамизнинг тарихий шаҳарларига ҳамда ўз ҳудудларидаги бунёдкорлик иншоотларига саёҳатлар ташкил этилди.
Алоҳида таъкидлаш зарурки, Касаба уюшмалари томонидан Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида жойларда, меҳнат жамоаларида ташкил этилаётган “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” мавзусидаги байрам тадбирларида аҳолига, турли соҳа ходимлари, айниқса ёшларга мамлакатимизда Мустақиллик йилларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг инсон манфаатларига хизмат қилаётгани, ҳар бир соҳада эришилаётган ютуқлар ва бунёдкорлик ишларининг мазмун-моҳияти етказилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Андижон вилоятида ташкил этилди. “Ким эдигу, ким бўлдик, эртага қандай марраларни эгаллашимиз зарур?” мавзусида ўтказилган мазкур тадбирда вилоят корхона ва ташкилотларида фаол меҳнат қилаётган турли соҳалар ходимлари, хотин-қизлар, хизмат бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари, талаба ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Тадбир ташкилотчилари томонидан Мустақилликнинг қадрига етиш, истиқлол берган имкониятларга шукроналик туйғусини янада ошириш ҳар биримизнинг дилимиздаги мақсад эканлиги, Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда амалга оширилган туб ўзгаришлар, турли соҳалардаги ютуқ ва муваффақиятларимизнинг жаҳон ҳамжияти томонидан ҳам эътироф этилаётгани барчамиз учун ғурур ва ифтихор бахш этиши алоҳида таъкидланди. Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган кучли ижтимоий ҳимоя сиёсати бугун ўзининг юксак самараларини бераётгани қайд этилди. Шунингдек, мамлакатимизда инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижаси, турли соҳаларда қўлга киритилаётган улкан ютуқларимизнинг туб моҳияти ва аҳамияти, Мустақиллик йилларида халқимиз турмуши даражаси ва сифатини ошириш йўлида амалга оширилаётган тизимли ишлар қайд этилди..
Шундан сўнг “Касаба уюшмалари – хотин-қизларга” акцияси доирасида вилоят туманларида истиқомат қилаётган хотин-қизларнинг уй юмушларини янада енгиллатишга кўмаклашиш мақсадида 332 нафар аёлларга электр-маиший техника жиҳозлари – кир ювиш машиналари, микротўлқинли печлар, чангютгичлар, электродуховка, замонавий блендер ва гўшт қиймалагичлар топширилди. Вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасаларда самарали меҳнат қилиб келаётган турли соҳа ходимлари ҳам муносиб тақдирланди. Қишлоқ жойларида яшовчи ёш оилалар вакилларига касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларга бепул йўлланмалар тақдим этилди.
Мазкур тадбир доирасида касаба уюшмаларининг “Ватан фидойи фарзандларини унутмайди” лойиҳаси ҳам амалга оширилди. Унда хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлган 30 нафар ҳарбий хизматчилар ва ички ишлар идоралари ходимлари оилалари моддий ва манзилли қўллаб-қувватланди.
Наманган вилоятида ташкил этилган байрам тадбирига турли соҳа ходимлари, ёш мутахассислар, хотин-қизлар, жисмоний имконияти чекланган инсонлар таклиф этилдилар. Таниқли санъат намоёндаларининг чиқишлари тадбир иштирокчиларига янада кўтаринки кайфият бағишлади. Тадбир доирасида вилоятдаги коллежлар ҳамда олий ўқув юртларининг ижтимоий ҳимояталаб оилалардан бўлган иқтидорли талаба ва ўқувчиларидан 22 нафарига касаба уюшмалари стипендияси тантанали равишда топширилди.
– Бу каби тадбирлар ҳар биримизнинг қалбимиздаги Ватанга бўлган муҳаббат, Мустақиллик берган неъматларга шукроналик, ютуқларимизга бўлган фахр ва ифтихор туйғуларини янада оширди, – деди тадбир иштирокчилардан бири бўлган Мингбулоқ туманилик Мукаррам Бурхонова. – Байрам тадбири доирасида биз меҳнаткашлар учун “Биз озод ва обод юрт аёлларимиз” шиори остида тарихий шаҳарларга ташкил этилган саёҳат Мустақиллик йилларида юртимизда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари кўламининг бениҳоят кенг эканлигини намоён этди. Биз саёҳат давомида истиқлол йилларида мамлакатимиз чинакамига бунёдкорлик майдонига айланганлигининг гувоҳи бўлдик. Тарихий шаҳарларимиз 25 йил давомида мисли кўрилмаган даражада ободонлашиб, нафақат республикамиз, балки бутун дунёнинг эътиборини тортаётганидан ғоятда фахрланамиз. Турмушимиз даражаси ва сифатининг муттасил ошиб бораётгани учун Президентимизга такрор-такрор миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Байрам тадбири доирасида вилоятнинг туман ва шаҳарларида истиқомат қилаётган 317 нафар хотин-қизга замонавий маиший техникалар топширилди. Ўз хизмат бурчини ўташ вақтида ҳалок бўлган 13 нафар ҳарбий хизматчилар оилаларига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилиб, моддий ва маънавий қўллаб-ққувватланди. Шунингдек, чека туманларда яшовчи ёш оилалар ҳамда иқтисодиётнинг турли тармоқларида фаолият кўрсатаётган меҳнаткашларга касаба уюшмалари тизимидаги сиҳатгоҳларга йўлланмалар берилди.
Тадбир иштирокчилари бундай доруломон кунлар аввало, мамлакатимиздаги барқарор тинчлик-осойишталик, ҳамжиҳатлик ва тотувлик, муҳтарам Юртбошимизнинг доно сиёсатлари натижаси эканлигини эътироф этдилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати