[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

24.08.2016. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 6 февралдаги ПҚ-2124-сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури”га мувофиқ жорий йилнинг 22-24 август кунлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан бир қатор ҳамкор ташкилотлар иштирокида “Ёш мутахассислар” IV Республика Форуми ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони мутасаддилари, қатор вазирлик ва идоралар раҳбарлари, мамлакатимиз иқтисодиётининг турли тармоқларида меҳнат қилиб, ўз инновацион ғоя ва ишланмаларини илгари суриб келаётган энг фаол ва ташаббускор ёш мутахассислар иштирок этдилар.

Форумда таъкидланганидек, мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки кунлариданоқ ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. 1991 йил ноябрида “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши юртимизда ёшлар ҳуқуқларини барча соҳаларда ҳимоя қилиш борасида тегишли ташкилий-ҳуқуқий асосларни тўла шакллантирди. Натижада ёшларимизни жисмонан ва маънан баркамол авлод этиб тарбиялаш борасидаги ислоҳотлар  бошқа соҳалар билан ўзаро чамбарчас боғланган ҳолда, тизимли ва босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг деярли барча тадбирлар, йирик анжуманлардаги нутқларида ёшларга алоҳида эътибор қаратиб, ёшларимиз фаолияти, улар эришаётган ютуқлар ҳақида фахр ва ғурур билан сўзлашлари ҳам мамлакатимизда ёшларга кўрсатилаётган юксак ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунасидир. Бугун Ўзбекистонда бошқа мамлакатлар тажрибасида учрамайдиган йўналиш – ёшларни баркамол авлод этиб тарбиялашда давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамкорлигининг йўлга қўйилиши ёш мутахассисларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида самарали натижаларга эришиш имконини бермоқда. Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан ҳам ўқувчи ва талабаларнинг, корхона, ташкилот ва муасасаларда меҳнат қилаётган ёш мутахассисларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бирга улар ғоя ва лойиҳаларини амалиётга татбиқ этишга  кўмаклашиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилда тўртинчи маротаба ўтказилаётган “Ёш мутахассислар” IV Республика Форуми ҳам айни шу мақсадларга қаратилгандир.

Бугунги кунда мамлакатимизда мавжуд 6 миллиондан зиёд касаба уюшма аъзоларининг 50 фоиздан ортиғини талаба ва ўқувчилар ҳамда корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ёш мутахассислар ташкил этади. Уларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини тўлақонли таъминлашда  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси, Савдо-саноат палатаси ўртасида имзоланган Бош келишувга, тармоқ ва ҳудудий келишувларга, шунингдек, корхоналарда имзоланаётган жамоа шартномаларига ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган алоҳида меъёрлар ва қўшимча имтиёз ҳамда кафолатлар киритилгани айни муддао бўлмоқда. Натижада, жамоа шартномалари орқали бугун ёш мутахассислар ва  ходимларга уй-жой қурилиши ҳамда узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар ҳарид қилиш учун фоизсиз ссудалар берилмоқда. Талабалар учун контракт пулларини қоплаб бериш, ёшларни корхонада етарли тажрибага эга бўлган ишчи-ходимларга бириктириш, ёш мутахассисларнинг касбий малакасини ошириш учун етарли шарт-шароитлар яратиш, иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида касаба уюшма стипендияси билан таъминлаш каби қўшимча имтиёзлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда нодавлат секторида ташкил этилаётган корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ёшларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш масаласи ҳам касаба уюшмаларининг доимий диққат марказидадир. Шу мақсадларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари касаба уюшмаларига жалб этилиб, уларда меҳнат қилаётган ходимлар, шу жумладан ёш мутахассисларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланмоқда. Аҳоли бандлигини таъминлаш, хусусан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг иш билан таъминланиши борасида касаба уюшмалари томонидан доимий мониторинг йўлга қўйилган бўлиб, корхона ва ташкилотларда битирувчиларнинг иш жойларидаги қўнимлилиги борасида жамоатчилик назорати олиб борилмоқда. Шунингдек, ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаларида коллежни битириб, ўз ишини очиш, кичик ва хусусий корхоналар ташкил этиш ҳоҳишини билдирган ёшларга зарур ҳужжатларни расмийлаштиришда ёрдам кўрсатувчи “Услубий марказ”лар ташкил этилиб, улар томонидан ёшларга бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Бундан ташқари касаба уюшмалари Федерацияси, тармоқ касаба уюшмалари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бирлашмалар қошида ташкил этилган Ёшлар кенгашлари томонидан йирик ижтимоий лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Касаба уюшмалари Федерациясининг касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш борасидаги ишлари кўлами ҳам йил сайин ортиб бормоқда. Хусусан, Республикамиз мустақиллигининг 25 йиллиги кенг нишонланадиган жорий йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан илгари сурилган янги ташаббус – Республикамиз ҳудадларидаги  ҳар бир туман ва шаҳарда 25 тадан янги иш ўринларини яратиш ишлари буган жадал давом этмоқда. Натижада айни кунгача ҳудудларда энг улуғ ва энг азиз байрамимиз арафасида касаба уюшмалари томонидан хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчаларини ташкил этиш орқали коллеж битирувчилари учун жами 3 790 та иш ўринлари яратилиб, уларда ёшлар бандлиги таъминланди.

Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ўтказилаётган “Ёш мутахассислар”     IV Республика Форуми ҳам ёшларнинг ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб камол топишга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш, ёш мутахассисларнинг инновацион ғоя, лойиҳа ва ишланмаларини ҳаётга тадбиқ этиш, бу орқали ёшлар бандлигини таъминлаш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида ёш мутахассислар фаоллигини ошириш, шунингдек, иқтидорли ёшларни муносиб рағбатлантириш, йигит-қизларда Она Ватанга муҳаббат ва мамлакатда рўй бераётган воқеаларга даҳлдорлик ҳиссини оширишга қаратилгандир.

Бу йилги Форум аввалги йиллардагидан ўз кўлами билан кескин фарқ қилди. Мазкур Форумда турли соҳаларда фаолият кўрсатаётган ёш мутахассислар, ёш олим ва тадқиқотчилар иштирок этдилар. Форум доирасида 3 босқичда «Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси» танлови ўтказилиб, унинг қуйи босқичларида 14 та энг муҳим йўналишлар бўйича 6 минг нафарга яқин ёш мутахассис  қатнашди. Танловнинг Республика-тармоқ босқичида эса 180 нафар ёш мутахассис иштирок этди. Танловнинг барча номинациялари ёш мутахассисларнинг қизғин беллашуви остида ўтди. Танловда ёш мутахассисларнинг ишлаб чиқаришга жорий этилган янги лойиҳалари, улар натижасида ишлаб чиқариш ҳажми ва унумдорлигининг ортиши, инновацион ишланмаларнинг Республикамиз иқтисодиётини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси асосий мезонлардан бири бўлди. Энг муҳими танлов орқали ёшларнинг ноёб кашфиётлари юзага чиқарилди. Масалан, «Максам-Чирчиқ» АЖ катализатор ишлаб чиқариш цехи технологи Арсен Алиев тақдим этган лойиҳага кўра, Россиядан келтирилаётган металл катанка хом-ашёси ўрнига «Ўзкимёсаноат» корхоналарида аммиакни синтез қилиш технологиясида ишлатилаётган СА-СВ катализатори чиқиндисидан фойдаланиш таклиф этилган. Мазкур лойиҳани амалиётга татбиқ этиш орқали ишлаб чиқаришда зарур бўлган махсус катализатор олишда катта фойда олиниши кутилмоқда. Яъни, лойиҳани амалиётга татбиқ этиш натижасида      1 тонна маҳсулот ишлаб чиқаришда Россиядан келтирилаётган хом-ашё нархига солиштирилганда, тахминан 3,0 миллион сўм тежалиб, йилига 250 тонна маҳсулот ишлаб чиқаришда 750 миллион фойда олинади.

«Навоийазот» АЖ Азот кислотаси ишлаб чиқариш цехи бўлинма бошлиғи Беҳзод Шералиев лойиҳаси эса йирик қувватли аммиак ва азот кислотси маҳсулотлари ишлаб чиқарилишида катта қувватли электродвигателлар ўрнига пар билан ҳаракатга келтирилувчи турбиналар ишлатиш орқали корхоналарда катта ҳажмдаги электр энергиясини тежаш имконини беради. Бу эса ўз навбатида маҳсулот таннархини пасайтириб, унинг рақобатбардошлигини оширади.

«Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси» танловининг Республика-тармоқ босқичи натижаларига кўра 14 та номинация бўйича 1-, 2-, 3-ўринни эгаллаган 42 нафар ёш мутахассислар «Ёш мутахассислар» IV республика Форумида иштирок этиш йўлланмасига эга бўлдилар.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш зарурки, Форумда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан жорий йилдан бошлаб илк маротаба мамлакатимиз Мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо Ўзбекистоним!” шиори остида ташкил этилган “Энг яхши ишчи касб эгаси” танловида 7 та номинация бўйича иштирок этиб, 1-ўринни қўлга киритган 7 нафар ғолиб – ёш ишчи касб эгалари ҳам иштирок этдилар.

Мазкур Форум ва унинг доирасида ўтказилган “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” ҳамда “Энг яхши ишчи касб эгаси” танловларида мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган ёш мутахассисларнинг янги инновацион ғоя ва ишланмалари ҳамда илмий кашфиётлари муносиб рағбатлантирилиб, амалиётга татбиқ этилишига кўмаклашилди.

Тошкент вилоятининг Қибрай туманида жойлашган “Бўстон” санаторийсида ўз ишини бошлаган “Ёш мутахассислар” IV Республика Форуми аввалида ёшлар учун мамлакатимиз Мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган “Ким эдигу, ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак” мавзусидаги тарғибот тадбири ташкил этилди.

Форумнинг 2-куни иштирокчилар ёш мутахассислар фаолиятига оид кўргазма билан танишдилар. Форумнинг расмий очилиш маросими давомида ёшларнинг иқтидор ва қобилиятларини ривожлантириш, уларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мавзуларига бағишланган маърузалар тингланди. Куннинг иккинчи ярмида 2 гуруҳга бўлинган ёш мутахассислар ижтимоий-меҳнат муносабатлари, ижтимоий-иқтисодий ҳимоя, меҳнат муҳофазаси, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, ёшларнинг инновацион ғоялари ва рационализаторлик ишланмаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳаётга татбиқ этиш каби йўналишлардаги секция машғулотларига жалб этилди.

Анжуман давомида ёш мутахассисларнинг ишланма ва инновацион ғоялари тақдимоти ўтказилиб, ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди. Форумнинг иккинчи кунига маданий тадбир якун ясади.

Форумнинг 3-куни иштирокчиларнинг пойтахтимиздаги «Мустақиллик ва эзгулик монументи» пойига гул қўйиш маросими билан бошланди. Шундан сўнг махсус тайёрланган дастур асосида Даблдеккер автобусларида ёш мутахассисларнинг Тошкент шаҳридаги диққатга сазовор масканлар бўйлаб саёҳатлари уюштирилди.

Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида ташкил этилган тантанали тақдирлаш маросими «Ёш мутахассислар» IV республика Форумига якун ясади. Тантанали тадбирда энг фаол  ва республикамиз иқтисодиётини янада ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшувчи лойиҳа ва ишланмаларга эга бўлган ёш мутахассислардан 2 нафарига ҳамда “Энг яхши ёш ишчи касб эгаси” танловининг 1 нафар ғолибига Касаба уюшмалари Федерацияси грантлари топширилди. Бундан ташқари барча иштирокчилар ташкилотчиларнинг сертификат ва совғалари билан тақдирланди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати