29.08.2016. 2016 йилнинг 29 август куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашида касаба уюшмалари тизимида меҳнат қилаётган бир гуруҳ ходимларга “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишонлари топширилди.
Тадбир иштирокчилари мамлакатимиз Мустақилликка эришгач ўтган тарихан қисқа давр – 25 йил ичида инсон манфаатлари йўлида мисли кўрилмаган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилганлигини таъкидладилар. Ушбу эзгу амалларнинг барча халқимиз турмуши сиқати ва даражасини оширишга хизмат қилаётгани қайд этилди. Бугун халқимиз турмуши фаровонлигининг муттасил ошиб бораётгани, иқтисодиётимизнинг барқарор ўсиш суръатлари, турли соҳаларда қўлга киритилаётган ютуқ ва юксак марраларимиз халқаро майдонда ҳам кенг эътироф этилаётгани барчамизни қувонтириши ва ғурур бахш этиши эътироф этилди.
Таъкидлаш зарурки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 1 июлдаги “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ «Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил» эсдалик нишони билан мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини ва мудофаа қудратини юксалтириш, давлатимиз сарҳадларининг дахлсизлигини таъминлаш, демократик ислоҳотларни амалга ошириш, жамиятимизда ҳукм сураётган миллатлараро дўстлик ва тотувликни, тинчлик ва барқарорликни асраш, миллий маданиятимиз ва санъатимизни ривожлантириш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларимизни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ижтимоий-иқтисодий хаётимизнинг барча соҳалари вакиллари, меҳнат фаҳрийлари, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, бошқа шахслар ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши кўзда тутилган.