05.09.2016. Маълумки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимояси билан бирга турли тармоқларда меҳнат қилиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ўз муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган турфа касб эгалари меҳнатини қадрлаш, ўзгаларга ўрнак сифатида муносиб рағбатлантириш ишлари ҳам олиб борилмоқда.
Хусусан, 2012 йилдан буён ҳар 2 йилда бир марта кўп йиллардан буён самарали меҳнат қилиб келаётган турли касб эгаларини рағбатлантириш мақсадида «Ўз касбининг моҳир эгалари»ни тақдирлаш тадбири ўтказиб келинмоқда.
Унда, муайян бир соҳада кўп йиллардан буён самарали меҳнат қилиб келаётган, ўз соҳасида салмоқли ютуқларга эришган, «Устоз-шогирд» анъаналарига асосан ўз касбининг сир-асрорларини ёшларга ўргатиб, ўз соҳасининг малакали давомчиларини тайёрлаётган, меҳнат жамоаси орасида обрў-эътиборга эга бўлган, мамлакатимизда турли соҳаларда олиб борилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тўғри англаб, уларни доимо қўллаб-қувватлаб келаётган касб эгалари тақдирланадилар.
Мазкур анъанани жорий йилда ҳам давом эттирган ҳолда «Ўз касбининг моҳир эгалари»ни тақдирлаш тадбирининг биринчи босқичи жорий йилнинг август ойида ўтказилди. Унда турли соҳаларда меҳнат қилаётган 32 минг нафардан ортиқ турфа касб эгалари иштирок этдилар. Улар орасидан саралаб олинган муносиб номзодлар кейинги босқичда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлдилар ҳамда муносиб рағбатлантирилдилар.
Республика бўйича 5 босқичда ўтказилаётган мазкур тадбирнинг 2-босқичи айни кунларда ҳар бир тармоқ бўйича туман ва шаҳарларда ўтказилмоқда.
Қуйи босқичларда сараланиб, республика босқичига йўлланма олган номзодлар – турли соҳаларда намунали фаолият кўрсатиб келаётган, ўз ишининг устаси бўлган, фидокорона меҳнатлари билан юрт равнақига ҳисса қўшаётган, бу йўлда изланиш ва ташаббус кўрсатишдан тўхтамаётган, ижтимоий шериклик асосида халқимизнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида юқори натижаларга эришаётган турли соҳа ходимлари – ўз касбининг фидоий ва жонкуярлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан муносиб тақдирланадилар.