16.09.2016. Навоий вилоят ҳокимлиги, касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши ҳамда Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси ўртасида 2014 — 2016 йилларга мўлжалланган ҳудудий келишув ижросини таъминлаш мақсадида касаба уюшмалари томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича сайланган вакиллар малакасини ошириш бўйича шаҳар ва туманларда ўқув-семинарлар бўлиб ўтмоқда. Айниқса, Нурота ижтимоий-иқтисодиёт, Кармана педагогика ва хизмат кўрсатиш, Қизилтепа маиший хизмат кўрсатиш, Хатирчи қишлоқ хўжалик ва Конимех агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежларида уюштирилган ўқув-семинарлар савол-жавоб ва фикр-мулоҳазаларга бой бўлди.
Жумладан, меҳнатни муҳофаза қилишнинг норматив-ҳуқуқий асоси, бу борадаги ишларни ташкил этиш ва уч босқичли назорат, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича сайланган вакиллар фаолияти, соҳада учрайдиган муаммоларни ҳал этиш масалалари юзасидан вилоят меҳнат бош бошқармаси бош давлат техник инспекцияси бошлиғи Ф.Болиев ҳамда бирлашма кенгаши меҳнатни муҳофаза қилиш бўлим мудири Ч.Қодировнинг маърузалари катта қизиқиш уйғотди.
Қишлоқларда турмуш сифатини ошириш, аҳоли манфаатларини яхшилаш, тиббий маданиятни ҳамда ходимларни ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ҳимоялашни кучайтириш, «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурида кўзда тутилган вазифаларни амалга ошириш ҳамда муассасаларда меҳнатни муҳофаза қилишнинг норматив қоидаларига риоя этилишидаги ролини ошириш борасида фикр алмашилди.
Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоб олишди.