21.09.2016. Избоскан туманининг Тўрткўл қишлоғида яшовчи Муҳаммаджон Қодиров анча вақтдан бери балиқчилик билан шуғулланишни кўнглига тугиб юрганди. Бахти бор экан. Маҳалла фуқаролар йиғини раисидан касаба уюшмалари янгиликка қўл ураётган ва иш ўринлари яратишга бел боғлаган тадбиркорларга кўмак бериш ташаббуси билан чиқаётганини эшитиб, гўёки қанот чиқаргандек бўлди.
Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Избоскан тумани кенгаши уни қўллаб-қувватлади. Қисқа муддатда ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатилди. «Ипотекабанк»нинг 15 миллион сўм кредити ҳамда кенгаш томонидан ажратилган фоизсиз ссуда эвазига «Абдумўмин равнақи» масъулияти чекланган жамияти ташкил этилиб, ярим гектарлик сунъий ҳовузда балиқ парвариш қилина бошланди. МЧЖда касб-ҳунар коллежларининг уч нафар битирувчиси ҳам иш ўрнини топди. Бу Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг ҳар бир туман ва шаҳарда 25 тадан янги иш ўринлари яратишга оид қабул қилган қарори ижросига амалий жавоб бўлди.
Бундан хабар топган «Тўрткўл» маҳалласида яшовчи Рустамжон Сулаймонов ҳам ҳаракатга тушиб қолди. Туман кенгаши кўмагида қурилиш-таъмирлаш соҳасига ихтисослашган «Диёр истиқлол ишонч» масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди. Касаба уюшмаси фаоллари субъектни давлат рўйхатидан ўтказишдан тортиб, зарур асбоб-ускуналар билан таъминлашгача ёрдамларини аяшмади. Муҳими, тадбиркор билан бирга ишлаш истагидаги уч нафар йигитга меҳнат дафтарчалари очилди.
— Бандликка асосан ёшлар жалб этиляпти, — дейди вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири Тўлқинжон Сиддиқов. — Уч томонлама шартномалар асосида фоизсиз ссудалар ажратилди. Маблағ йил давомида белгиланган жадвал асосида қайтарилади.
Вилоятда ҳудуд аҳолисининг хизмат соҳаларига эҳтиёжи ва ҳунармандчиликнинг ноёб турларини ривожлантириш масаласи ҳам алоҳида инобатга олинганлигини таъкидлаш жоиз. Айтайлик, Қўрғонтепа туманининг Ибн Сино, «Тадбиркор», «Янгиқўрғон» маҳаллаларида бир пайтлар аксарият аёллар амалий санъатнинг попопчилик йўналиши билан шуғулланишган. Бугун бу соҳанинг ҳақиқий мутахассислари кам. Демак, попопчиликни замон талабига мос равишда ривожлантириш, мазкур соҳа давомчиларини тарбиялаш масаласи кун тартибига чиқмоқда. Кайвони онахонлар, маҳалла фаоллари ҳамда касаба уюшмаси вакиллари давра қурган суҳбатларда момолардан мерос ҳунар билан шуғулланишга қобилияти бор, уни мунтазам давом эттириш истагини билдирган ёшлар аниқланди. Севара Элчибоева, Муслима Тожимаматова, Маъмура Содиқова, Намуна Одилжонова сингари қизларнинг саъй-ҳаракати якдиллик билан қўллаб-қувватланди. Уларнинг мустақил фаолият билан шуғулланиши учун касаба уюшмалари ва ҳомийлар томонидан баҳолиқудрат имконият яратиб берилди.
Мазкур туманнинг «Савай», «Мустақиллик», «Буюк замин», «Янги ҳаёт» маҳаллалари фаоллари эса темирчиликка иши тушган аҳолининг туман марказида эмас, ўз ҳудудида эҳтиёжини қондириши учун шарт-шароит яратиш таклифини ўртага қўйди. Тармоқ касаба уюшма кенгашлари ҳамкорлигида Ҳалимжон Назиров, Достонбек Ваҳобжонов, Хуршидбек Маъмиржонов, Экрем Азмиев сингари иштиёқманд йигитларга иш бошлаши учун зарур шарт-шароитлар вужудга келтирилди.
Янгича ёндашув Балиқчи туманида ҳам ижобий самара бераётир. Масалан, туман тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма қўмитаси ҳамда хусусий тадбиркорлар ҳамкорлигида маиший техника воситаларини таъмирлаш, озиқ-овқат савдоси, ширинликлар тайёрлаш, чеварлик, дурадгорлик йўналишлари бўйича бешта иш ўрни очилди. Қўмита томонидан ажратилган маблағ зарур жиҳоз ва иш қуролларини харид қилишга сарфланди.
— «Чинобод» маҳалласида тикувчилик ва келинлик либослари дўконини ишга туширдик, — дейди Мафтуна Азимова. — Касаба уюшмаларининг замонавий анжомларни сотиб олишдаги кўмаги бизга яхшигина далда бўлди. Дастлабки маҳсулотларимизга буюртмалар тушмоқда. Кунига камида 5-6 нафар мижоз мурожаат қилиб турибди.
Манзилли дастур асосида сартарошлик, қандолатчилик, маиший техника воситалари ва пойабзал таъмирлаш, новвойлик, тикувчилик, компютер хизматлари, паррандачилик, ветеринария хизмати, ўсимликларга кимёвий ишлов бериш, мебелсозлик, терини қайта ишлаш сингари ўн бешдан зиёд йўналишлар бўйича йил давомида 425 та янги иш ўрни очиш кўзда тутилган эди. Мустақиллик байрами арафасида бу кўрсаткич 428 тага етди. Хайрли ҳаракатга касаба уюшмалари маблағи ҳисобидан 100 миллион сўмдан ортиқ, тадбиркорлар ва ҳомийлар сармояси қўшиб ҳисобланганда, 790 миллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди. Янги тажриба амалиётда ўзини оқлаб, бандлик дастури ижросини таъминлашга муносиб ҳисса бўлиб қўшилаётир.