04.10.2016. Қарши давлат университети меҳнат муҳофазаси бўйича жамоат назоратини энг яхши ташкил этиш юзасидан ўтган кўрик-танловнинг Республика босқичида «Энг яхши касаба уюшма қўмитаси» номинациясида иккинчи ўринга лойиқ кўрилди.
Таълим даргоҳида меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича алоҳида ўқув синфхонаси ташкил этилган. Ходимларни ўқитиш ва билимларини синовдан ўтказиш мақсадида ушбу ўқув синфхонаси замонавий компютер ва бошқа жиҳозлар билан таъминланган. Бундан ташқари, телевизор, видеопроектор, ДВД-плеер, эслатма плакатлар, ўқув қўлланмалари, соҳага оид меъёрий-техник ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан жиҳозланган. Университет ва унинг жойлардаги бўлимларида меҳнатни муҳофаза қилиш бурчаклари ташкил қилинганини алоҳида эътироф этиш жоиз.
«Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ишларни ташкил этиш ҳақида»ги намунавий Низом талабларига асосан меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича жами 35 та лавозим йўриқномалари ишлаб чиқилиб, ўрнатилган тартибда тасдиқланган. Шунингдек, Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган «Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш ҳақида»ги Низомга асосан касблар бўйича 6 та, иш турлари бўйича 8 та, ёнғин хавфсизлиги ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича биттадан йўриқномалар ҳамда кириш йўриқномаси ишлаб чиқилиб, таркибий бўлинмаларга етказилган.
Бундан ташқари, ёнғин хавфсизлиги бўйича университет ҳамда объектлар бўйича жавобгар шахснинг вазифалари, иш жойидаги йўл-йўриқларни ўтказиш тартиби, меҳнат муҳофазаси бўйича уч поғонали назоратларни олиб бориш тартиблари ишлаб чиқилган ва ижроси таъминланаётир.
Юқорида қайд этилган йўриқномаларнинг мазмун-моҳияти ва мақсадини ходимларга тушунтириш ва уларни вақтида ўтказиш ҳамда қайд этиб бориш бўйича бир неча марта ўқув-семинар ташкил этилгани ҳам эътиборлидир.
Бўлим бошлиқлари, университет ва кафедра мудирлари томонидан касб ва иш турлари бўйича мавжуд йўриқномалар асосида ўтган йили 65 нафар ходимга дастлабки ва 452 нафарига навбатдаги даврий йўл-йўриқлар берилди. Муассасанинг барча факултет, цех, хизмат ва бўлинмаларида ишчилар учун хавфсиз меҳнат шароитлари яратилган. Кийиниш ва ювиниш, аёллар гигиеник хоналари замонавий талаблар даражасида.
— Муассаса раҳбарияти ва касаба уюшма қўмитаси томонидан тузилган жадвалларга асосан давлат назорат органлари инспекторлари иштирокида меҳнат муҳофазаси бўйича 28 марта амалий-ўқув машғулотлари ўтказилди, — дейди университет ходимлари ва талабалар касаба уюшма қўмитаси раиси Тўйчи Валиев. — Шу даврда муассасанинг доимий ҳаракатдаги комиссия аъзолари ва касаба уюшма қўмитаси раиси иштирокида 18 та ишлаб чиқариш ва ёрдамчи цех, хизмат ва бўлинмаларда меҳнат муҳофазаси ҳолатининг уч босқичли маъмурий текширувининг учинчи босқичи ўтказилди. Текширувлар давомида аниқланган камчиликлар юзасидан тадбирлар ишлаб чиқилиб, ўз вақтида бартараф этилишига эришилди.
Муассаса бош мутахассислари, цех ва хизмат бошлиқлари иштирокида ҳар ойнинг 2-ҳафтасидаги жума куни «Хавфсизлик техникаси куни» деб белгиланган бўлиб, тадбирлар мунтазам ўтказиб борилаётир. Хавфсиз меҳнат шароити яратиш ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида цехларда 19 нафар меҳнат муҳофазаси вакиллари фаолият кўрсатмоқда. Самарадорликни таъминлаш мақсадида маъмурият ҳисобидан уларни моддий рағбатлантириш йўлга қўйилган.
Ишга сидқидилдан ёндашилса, ютуқ ва муваффақиятлар узоқ кутдирмайди. Зеро, ходимлар ва талабаларнинг саломатлиги, улар учун хавфсиз, қулай ўқиш ва иш шароитларининг таъмин этилиши кўзланган натижаларнинг асоси бўлиб хизмат қилади.