[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

25.10.2016. Мамлакатимизда меҳнат муносабатларини самарали тартибга солиш, унинг субъектлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини янада ошириш мақсадида тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Меҳнат муносабатларини самарали тартибга солишда соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириб бориш, Халқаро Меҳнат Ташкилоти (ХМТ)нинг Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган конвенцияларини ҳаётга татбиқ этиш масаласи ҳам долзарб аҳамият касб этади. Шу маънода, жорий йилнинг 12 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан  “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги ҳамда “Халқаро меҳнат ташкилотининг бирлашмалар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 87-сонли Конвенциясини ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг маъқуллангани муҳим аҳамиятга эгадир.

Мазкур Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш жараёнида касаба уюшмалари мутахассислари фаол иштирок этдилар. Қонунлар лойиҳалари тегишли доираларда, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Сенатида қизғин муҳокамалардан ўтди.

“Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни орқали амалдаги қонунга касаба уюшмалари фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, қонуннинг амалда қўлланиш амалиётини таҳлил қилиш натижасида аниқланган эскирган норма ва қоидаларни бартараф этиш, қонуннинг айрим нормаларини янги қабул қилинган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, касаба уюшмалари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари такомиллаштирилди. Жумладан, ходимларнинг алоҳида тоифалари, жумладан, якка тартибдаги тадбиркорлар, ҳунармандлар ва бир марталик ишларда банд шахслар учун Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ бирлашиш эркинлиги кафолатлари мустаҳкамланди. Бугунги кун талабларини инобатга олган ҳолда якка тартибдаги тадбиркорлар ишлайдиган жойларда, шунингдек, тармоқлар ва ҳудудлар даражасида касаба уюшмалари ташкилотларини тузиш ва фаолиятини таъминлаш тартиби белгиланди. Якка тартибдаги тадбиркор томонидан ёлланган ходимларга ҳам касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқи берилиб, хусусий секторда меҳнат қилувчи шахсларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш самарадорлиги оширилди.

Қонунга ўзгартишлар киритилиши касаба уюшмаларининг ҳуқуқий ҳимоя функцияларини ҳам кучайтирди. Хусусан, меҳнат низоларини кўриб чиқишнинг соддалаштирилган ва самарали воситаси сифатида судга даъво аризасидан ташқари суд буйруғини чиқариш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқи киритилди.

Иш берувчилар томонидан касаба уюшмаларининг меҳнат қонунчилиги талаблари бузилишини бартараф этиш тўғрисида киритган тақдимномасини кўриб чиқиш муддатлари қисқартирилди. Шу билан биргаликда касаба уюшмаларининг ижтимоий ҳимоя функциялари ҳам кучайтирилиб, ходимларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда касаба уюшмаларининг ролини оширишга қаратилган механизмлар мустаҳкамланди. Касаба уюшмаларининг иш берувчилар билан жамоа музокараларини ўтказишда устувор ҳуқуқдан фойдаланиш, иш берувчиларнинг меҳнат ва касаба уюшмалари тўғрисидаги қонунчиликни, шунингдек, жамоа шартномалари ва келишувлари талабларини бажаришини назорат қилиш ҳамда меҳнат низоларини кўриб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқлари кафолатлари кучайтирилди.

Таъкидлаш зарурки, Қонунга киритилган ўзгартишлар ижтимоий-меҳнат соҳасида касаба уюшмалари фаолияти эркинлиги кафолатларини мустаҳкамлайди. Фуқароларнинг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиради ҳамда ижтимоий-меҳнат соҳасида қонунийликни таъминлаш ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилади.

“Халқаро меҳнат ташкилотининг бирлашмалар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 87-сонли Конвенциясини ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг ўз халқаро мажбуриятларига содиқлиги ва уларни оғишмай амалга ошириб келаётганининг яна бир ёрқин далили бўлди.

Мазкур Конвенция Халқаро меҳнат ташкилотининг 1948 йилги Бош Конференциясида қабул қилинган бўлиб, унда ходимлар ва иш берувчиларнинг ташкилотлар тузиш, шунингдек, бундай ташкилотларга аъзо бўлиш ҳуқуқи назарда тутилган. Конвенцияда ушбу ташкилотларнинг ўз уставлари ва маъмурий регламентларини ишлаб чиқиш, ўз фаолиятини ташкил этиш, ҳаракат дастурини тасдиқлаш ҳамда рўёбга чиқариш ҳуқуқлари назарда тутилган. Бирлашиш ҳуқуқини чекловчи ёки унинг қонунчилик йўли билан амалга оширилишига тўсқинлик қилувчи давлат органлари аралашувидан ҳоли бўлиш кўзда тутилган ҳамда ходимлар ва иш берувчиларнинг бирлашиш бўйича ўз ҳуқуқини эркин амалга оширишини кафолатловчи чора-тадбирлар ҳамда бошқа ҳуқуқлар қайд этилган.

Таъкидлаш зарурки, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ушбу Конвенция қоидаларига тўлиқ мувофиқ келади. Хусусан, мамлакатимизда фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқларининг конституциявий кафолатлари белгиланган бўлиб, бундай кафолатлар Ўзбекистон Республикасининг 20 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатида, шу жумладан, “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда ва Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексида мустаҳкамлаб қўйилган. Ҳозирги вақтда 14 та тармоқ, 14 та ҳудудий ва 37 мингдан ортиқ бошланғич касаба уюшмаси ташкилотини бирлаштирувчи Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси 6,2 миллиондан зиёд ходимнинг манфаатларини ифодалайди.

Ушбу Конвенциянинг ратификация қилиниши ҳар бир кишининг ўзгалар билан эркин уюшма тузиш ҳуқуқини, шу жумладан, касаба уюшмаларини тузиш ва ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун касаба уюшмаларига аъзо бўлиш ҳуқуқини кафолатловчи 1948 йилги Бутунжаҳон инсон ҳуқуқлари декларациясида акс этган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг умумэътироф этилган нормаларига Ўзбекистон содиқ эканлигининг ёрқин намунаси бўлади. Шунингдек, мамлакатимизнинг халқаро ташкилотлар, энг аввало, ХМТ билан ҳамкорлиги самарадорлигини ошириб, конструктив муносабатларни ривожлантиришда муҳим омил бўлади ҳамда ходимларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари самарали ҳимоя қилинишини янада оширади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши матбуот хизмати