31.10.2016. Ўзбекистонда кекса авлод вакилларига ҳурмат ва эътибор кўрсатиш, улар ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасида давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Ушбу йўналишлардаги хайрли ишларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.
Хусусан, касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда фахрийларни сифатли соғломлаштириш тизими йўлга қўйилган бўлиб, уларнинг барчасида фахрийлар учун барча қулайликларга эга бўлган алоҳида бўлимлар ташкил этилган. Санаторийга келган фахрийлар тезкор ва навбатсиз қабул қилинади.
Дам олиш ва соғломлаштириш давомида фахрийлар учун даволаш муолажалари билан бирга махсус ишлаб чиқилган парҳез овқатлантириш ва маданий тадбирлар дастури тадбирлари ҳам татбиқ этилмоқда. Шунингдек, таниқли санъаткорлар иштирокида ташкил этилаётган концертлар, адабиёт ва санъат намоёндалари, олимлар иштирокида ўтказилаётган учрашувлар ҳордиқни янада мазмунли бўлишини таъминламоқда.
2016 йилнинг 10 ойи давомида касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда 3454 нафар уруш ва меҳнат фахрийси соғломлаштирилди. Республика бўйича уруш ва меҳнат фронти фахрийларини соғломлаштириш учун белгиланган 36 та санаторийда соғломлаштирилган фахрийлар сони эса ушбу давр мобайнида 7398 нафарни ташкил этди.