08.11.2016. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ўз тизимидаги санаторийларда тиббий хизматлар сифатини янада ошириш ҳамда Ўзбекистонда сиҳатгоҳларга чет эл фуқароларини янада кўпроқ жалб этиш мақсадида тизимли ишларни амалга оширирмоқда. Хусусан, тизимдаги санаторийлар жаҳон андозаларига мос тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланиб, даволашнинг халқаро стандартларга мос янги усуллари жорий этилмоқда.
Масалан, Фарғона вилоятидаги “Чимён” санаторийсида жорий йилда янги даволаш муолажалари – гидроаэроионизация, туз ғори ва лимфодренаж аппарати ёрдамида амалга ошириладиган муолажалар йўлга қўйилди. Шунингдек, санаторийдаги 5-ётоқ биноси мукаммал таъмирдан чиқарилди. Ушбу саъй-ҳарактлар мазмунли ҳордиқ ва даволаш ишлари самарадорлигини оширди. Натижада санаторийда дам олувчилар сони сезиларли даражада ортди. Яъни, 2015 йилнинг 9 ойи давомида санаторийда 15 850 нафар киши дам олган бўлса, 2016 йилнинг шу даврида дам олганлар сони 18 314 нафарни ташкил этди.
Жиззахдаги “Зомин” санаторийсида ҳам фаолият сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, дам олувчилар учун BTL -1300 тракцион терапия аппарати ва BTL – “SMART” магнитотерапия аппарати ишга туширилди. Мазкур янги тиббий ускуналар ёрдамидаги муолажалар асосан ҳаракат-таянч органлари хасталиклари мавжуд бўлган дам олувчиларга даволаш гимнастикаси билан биргаликда олиб борилмоқда.
Тошкент вилоятида жойлашган “Умид гулшани” санаторийсида даволанувчиларга энг замонавий ультратовуш текшируви (УТТ), ичак ювиш ускунаси, юрак фаолиятини текширувчи “HEARTSCREEN 80-IKO” аппарати, лаборатория текширувлари учун “NLCD” мониторли бинокуляр микроскоп каби жиҳозлар ёрдамида хизмат кўрсатилмоқда. Натижада, тўғри ташхис қўйиш сифати янада ошди. Бу – ёш оилалар вакиллари, бўлажак оналар ҳамда аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш, турли касалликларни эрта ташхислаш ва олдини олиш имкониятларини оширди. Шунингдек, дам олувчилар саломатлигини янада мустаҳкамлаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлаш мақсадида “Даволаш жисмоний тарбия” хонасида энг замонавий “югуриш йўлакчаси”, вело ҳамда чанғи тренажёрлари ва бошқа жиҳозлар ёрдамида мунтазам равишда саломатлик машқлари ўтказилмоқда.