23.11.2016. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК таркибидаги “Қарши халқаро аэропорти” ДУК маъмурияти ва касаба уюшма қўмитаси томонидан корхона ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоялаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бунда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ва Авиаходимлар касаба уюшмаси Республика кенгаши ўртасида тузилган тармоқ (тариф) келишуви ҳамда жамоа шартномаси муҳим аҳамият касб этмоқда.
“Қарши халқаро аэропорти” ДУК жамоа шартномаси 2015-2017 йиллар учун меҳнат жамоасининг конференциясида қабул қилинган бўлиб, у касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан рўйхатдан ўтказилган. Жамоа шартномасига биноан ходимлар қатор имтиёзларга эга бўлмоқда. Шунингдек, иш ҳақи, имтиёзлар, кафолатлар ва компенсация тўловларини жорий этиш масалалари бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Маъмурият ва касаба уюшма қўмитасининг ҳар йили жамоа шартномаси тадбирларининг бажарилиши бўйича меҳнат жамоаси конференциясида ҳисобот бериши тизими йўлга қўйилганлиги натижасида корхонада ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида ижобий ютуқлар қўлга киритилмоқда. Шунингдек, маъмурият ва касаба уюшма қўмитаси корхонага ишга жойлашган коллеж битирувчиларининг иш ўринларида қўнимлилиги бўйича доимий мониторинг олиб бормоқда. Жумладан, “Қарши халқаро аэропорти”га 2015 йилда 14 нафар, 2016 йилнинг 11 ойида 9 нафар коллеж битирувчилари ишга қабул қилинган.
Бундан ташқари Соғлом она ва бола йили тадбирлар дастурига мувофиқ жорий йилнинг 11 ойи давомида 45 нафар ходимга 11,90 млн. сўмлик ижтимоий кўмак берилиб, 6 нафар биринчи марта турмуш қурган ёш оила вакилларига 8,6 млн. сўм миқдорида моддий ёрдам ажратилди. Шунингдек, 8 нафар ходим шифо масуканларида соғломлаштирилди.
Бугунги кунда аэропорт маъмурияти ва касаба уюшма қўмитаси ижтимоий шериклиги ходимлар манфаатлари таъминланишида муҳим омил бўлмоқда.