[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

25.11.2016. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 59-моддасида “Касаба уюшмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ва манфаатларини ифода этадилар ва ҳимоя қиладилар”, деб белгилаб қўйилган.

Бугунги кунда касаба уюшмаларининг ҳимоя функциялари асосан ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий ҳимоя, бандлик, иш ҳақи, меҳнат муҳофазаси каби йўналишларда амалга оширилмоқда. Шу билан бир қаторда ходимларни соғломлаштириш, маданий-маърифий ва спорт ишлари, улар маънавиятини юксалтириш, касбий тайёргарлик йўналишларида ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилган.

Таъкидлаш жоизки, касаба уюшмаларининг ҳимоя функцияси ижтимоий шериклик механизмларидан фойдаланиш орқали амалга оширилади. Меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик – бу бозор иқтисодиётигагина хос бўлган ҳамда давлат, иш берувчилар ва ишчилар манфаатлари мутаносиблигини таъминлашга имкон берувчи ижтимоий меҳнат муносабатларининг алоҳида тизимидир.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг              24 йиллигига бағишлаб Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашида ўтказилган “Конституция – ҳуқуқ ва эркинликларимиз ҳамда фаровонлигимиз кафолати” мавзуидаги Давра суҳбатида ҳар бир шахснинг меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ҳуқуқларини таъминлаш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, инсон манфаатларига йўналтирилган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самарасига алоҳида тўхтанилди.

Унда таниқли сиёсатшунос ва олимлар, иқтисодиётнинг турли тармоқларида фаолият кўрсатаётган касаба уюшма аъзолари ҳамда фаоллар иштирок этдилар.

Давра суҳбатида Бош Қомусимиз билан мустаҳкамланган инсонпарварлик, адолатпарварлик каби демократик тамойиллар, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ҳамда ижтимоий фаоллигини ошириш борасида кенг маълумотлар берилиб, иштирокчилар билан очиқ мулоқот ўтказилди.

Тадбирда Конституциямизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари ҳар томонлама кафолатланганлиги эътироф этилди. Буни мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш йўналишларидаги тизимли ишлар ҳам намоён этмоқда. Муҳими, ислоҳотлар негизидан энг аввало  инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, унинг қонуний манфаатлари устуворлиги ўрин эгаллаган. Бу халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда.

Давра суҳбатида шунингдек, асосий Қонунимизнинг халқчил ҳуқуқий ҳужжат сифатида ижтимоий-сиёсий соҳада кенг имкониятлар яратиб бераётгани ва ушбу имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда касаба уюшмалари ўз фаолият йўналишларини янада такомиллаштириб бораётгани алоҳида қайд этилди. Хусусан, ижтимоий шериклик асосида турли соҳа ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари  ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш мақсадида муҳим локал ҳужжатларга хотин-қизлар ва ёшлар манфаатларини ҳимоясини кучайтиришга оид имтиёз ва кафолатлар киритилди. Жамоа шартномалари ва келишувлари орқали меҳнатда шикастланиш ва касб касалликларининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган тизимли тадбирлар натижасида бу борада ижобий кўрсаткичларга эришилмоқда. Шунингдек, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, уларни маънавий таҳдидлар таъсиридан ҳимоялашга йўналтирилган Акцияларнинг йўлга қўйилиши ёшларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини оширибгина қолмай, маънавий камолотига муҳим ҳисса бўлиб қўшилмоқда. Бунда меҳнат жамоаларида бошланғич касаба уюшма қўмиталари томонидан тизимли равишда ташкил этиб келинаётган “Маънавият соатлари” ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Давра суҳбати иштирокчилари меҳнат муносабатлари соҳасида ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати