27.12.2016. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “Касаба уюшмалари ўқуви Концепцияси” бугунги кунда кадрлар ва фаоллар ўқувини ташкил этишнинг аниқ тизимини йўлга қўйиш ҳамда ўқувлар самарадорлиги ва кўламини оширишда муҳим омил бўлмоқда.
Хусусан, мазкур концепция доирасида касаба уюшмалари Федерацияси Ўқув маркази фаолияти сифатини ошириш, марказ моддий-техник негизини мустаҳкамлаш ишлари олиб борилмоқда.
Бугунги кунда Ўқув маркази фаолиятида замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланилмоқда. Жумладан, компьютер синфи қўшимча равишда сўнгги русумдаги компьютерлар билан таъминланиб, Wi-Fi ва замонавий мультимедиа қурилмалари ўрнатилди.
Тизимга 2014 йилда жорий этилган масофадан туриб малака ошириш тизимини такомиллаштириш мақсадида “Moodle” тизими асосида электрон таълим Портали яратилди. Шунингдек, ушбу дастурга малакали касаба уюшма мутахассислари, ўқитувчилар томонидан ишлаб чиқилган замонавий ўқув-услубий мажмуалар ҳам киритилди.
Таъкидлаш лозимки, мазкур тизим асосан бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раислари малакасини оширишга йўналтирилган бўлиб, жорий йилда бошланғич ташкилотлар раисларидан 1260 нафари ишдан ажралмаган ҳолда касаба уюшмалари фаолиятининг барча йўналишлари бўйича билим ва кўникмаларини янада кенгайтириш имкониятига эга бўлдилар.