27.01.2017. Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллуд кунига бағишлаб “Ислом Каримов – мустақил Ўзбекистон давлати асосчиси” мавзусидаги маърифий тадбир ўтказилди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги Қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари, Тошкент шаҳри ва вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаларининг мутасаддилари ва масъул ходимлари, олим ва ёзувчилар иштирок этдилар.
Тадбирда истиқлол йилларида мамлакатимизда қўлга киритилган ютуқ ва муваффақиятларнинг асоси, энг катта бойлигимиз – юртимиздаги тинчлик ва барқарорлик, бағрикенглик, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, юртимиз барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашдек буюк ишлар Ислом Каримов номи билан чамбарчас боғлиқ эканлиги алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, буюк давлат ва сиёсат арбобининг Ватанимизни узоқ йиллар давом этган мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, дунёда “Ўзбек модели” деган ном билан тан олинган тараққиёт йўлини ишлаб чиқиш ва уни қатъият билан жорий этиш борасидаги роли ва ўрнига алоҳида урғу берилди.
Тадбир сўнгида Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, унинг серқирра сиёсий фаолияти ва олижаноб инсоний фазилатлари ҳақида ҳикоя қилувчи видеоролик намойиш этилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши матбуот хизмати