03.02.2016. Халқаро Меҳнат Ташкилотининг (ХМТ) хабар беришича Ўзбекистон ҳукумати пахта секторида мажбурий меҳнатдан фойдаланиш хавфини бартараф қилишга йўналтирилган ислоҳотларида ижобий ютуқларга эришмоқда. ХМТ 2016 йилги пахта йиғим-терими мавсумида амалга оширилган мустақил мониторинг натижалари бўйича чоп этилган ўз ҳисоботида бугунги кунда уюштирилган болалар меҳнатидан фойдаланиш амалиёти мавжуд эмас деган хулосага келди.
“Болалар меҳнатидан фойдаланишнинг номаъқуллигини жамиятнинг барча қатламлари: ҳукумат, ўқитувчилар, мутахассисилар, фермерлар, ота-оналар ва болаларнинг ўзлари эътироф этмоқда. Ўзбекистон уюштирилган болалар меҳнатидан фойдаланишни босқичма-босқич бартараф қилди.” (ХМТ Ҳисоботи)
ХМТ ҳисоботида таъкидланишича, Ўзбекистон ҳар йилги пахта йиғим-терими шароитига таъсир кўрсатаётган мажбурий меҳнат хавфини камайтириш бўйича чора-тадбирлар режаларини тадбиқ этишда давом этмоқда. Ҳисоботда шунингдек, 2016 йил сентябрь-октябрь ойларидаги йиғим-терим мавсумида мамлакат миқёсида ўтказилган умуммиллий ахборот кампанияси натижасида жамоатчиликнинг таъқиқланган меҳнат амалиётларидан хабардорлиги янада ошганлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, ахборот кампанияси давомида аҳолининг хабардорлигини янада ошириш мақсадида 800 дан зиёд баннер, 400 мингта плакат, 100 мингта брошюра жойларга етказилиб ўрнатилган, теле- ва радио каналлар, мобил алоқа воситалари орқали хабарлар юборилган.
“Меҳнат муносабатларини такомиллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва модернизациялаш узоқ муддатли жараён ҳисобланади, ва биз бундан буён ҳам Ўзбекистонга қишлоқ хўжалигини одамларга сифатли иш ўринларини яратувчи ва юқори даромадли, иқтисодий ўсишнинг муҳим манбаига айлантиришга ёрдам беришга тайёрмиз,” – деди Жаҳон Банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Лилия Бурунчук.
Ўзбекистонда Жаҳон Банки томонидан молиялаштирилаётган лойиҳалар меҳнат муносабатлари амалиётини янада яхшилаш, механизациялаштиришни кучайтириш ва кам меҳнат талаб қиладиган ҳамда кўпроқ даромад берадиган экин турларини етиштириш ҳисобидан қишлоқ хўжалигини диверсификациялаштириш орқали мамлакатга пахта етиштиришдан бошқа соҳаларга ўтиш ва мажбурий меҳнатдан фойдаланиш хавфини камайтиришда кўмаклашишга қаратилган.
ХМТ Ўзбекистонда ҳукуматнинг болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича мажбуриятларининг ҳамда ушбу мақсадга йўналтирилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши бўйича мониторинг ўтказди, ҳамда “Қишлоқ ва сув хўжалиги, шунингдек, таълим соҳасида Жаҳон Банки томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланиш ҳолатлари аниқланмаганлигини” маълум қилди.
Болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолати амалда мавжуд бўлмаса-да, Жаҳон Банки ва ХМТ мамлакатда болалар меҳнатига, айниқса, 16-17 ёшдаги ўқувчиларга нисабатан бундай ҳолларга йўл қўймасликка йўналтирилган чора-тадбирлар самарадорлигини сақлаб қолиш борасида ҳушёрлик даражасини оширишни давом эттиришни тавсия қилади.
ХМТ шунингдек, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ва Меҳнат вазирлиги томонидан ташкил қилинган давлат миқёсидаги миллий қайта алоқа механизмлари ишидаги ижобий ўзгаришларни ҳам таъкидлади. Мазкур механизмлар фуқароларга меҳнат муносабатлари амалиётлари борасида ўзларини хавотирлантираётган масалаларни етказиш имконони берувчи Колл-марказлар (Ишонч телефонлари)ни ўз ичига олган. Бу борадаги ижобий ўзгаришлар Ишонч телефонлари орқали қўнғироқ қилаётган фуқаролар ҳам фойдаланиши мумкин бўлган шикоятларни юбориш ва кўриб чиқиш жараёнини ҳам ўз ичига олади.
“Ўтган йилдан бошлаб амалга оширилган ислоҳотлар мазкур механизмларга қатор илғор халқаро амалиёт тамойилларини татбиқ этиш имконини берди. Мазкур механизмларнинг самарали ишлаши учун жамоатчилик уларга ишониши ва уларнинг вазифа ҳамда мақсадларини яхши тушунмоғи зарурдир”. (ХМТ Ҳисоботи)
Охирги пахта йиғим-терими мавсуми якунига кўра ХМТ ва Жаҳон Банки Ўзбекистондаги ҳамкорликларини яна икки йилга узайтиришга келишиб олдилар.
Фото УзА