09.02.2017. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг навбатдаги Раёсат йиғилиши бўлиб ўтди. Уни Федерация раиси Қудратилла Рафиқов олиб борди.
Йиғилишда асосий эътибор 2016 йилдаги фаолият якунлари ва 2017 йилдаги устувор вазифаларга қаратилди.
Хусусан, ўтган йил давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаолиятининг устувор йўналишлари доирасида амалга оширилган ишлар таҳлил этилди. Жумладан, касаба уюшмаларининг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида фаол иштирок этгани, фуқароларнинг ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида тизимли ишлар амалга оширилгани қайд этилди. Тадбирда таъкидланганидек, ижтимоий-меҳнат соҳасига доир 77 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тақдим этилиб, меҳнат муҳофазасига доир 41 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси келишилди ҳамда 26 та идоравий норматив ҳужжат экспертизадан ўтказилди.
Ўтган ҳисобот йилида қабул қилинган «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги, «Халқаро меҳнат ташкилотининг бирлашмалар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 87-сонли Конвенциясини (Сан-Франциско, 1948 йил 9 июл) ратификация қилиш ҳақида»ги, «Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида»ги, янги таҳрирдаги «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда фаол иштирок этилди.
Тизимда асосий эътибор жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашнинг ягона ва марказлашган тартибини жорий этишга қаратилиб, мурожаатларнинг ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида murojaat.kasaba.uz манзилида махсус марказлашган онлайн тизим яратилди. Ўтган даврда меҳнаткашларнинг жами 7 минг 805 та мурожаати, хусусан 2 минг 955 та ёзма, 1 минг 785 та оғзаки, 2 минг 486 та «Ишонч телефонлари» ва 579 та интернет орқали келиб тушган мурожаатларнинг ҳар бири ўрнатилган тартибда кўриб чиқилиб, амалий ёрдам кўрсатилди.
Хусусан, мурожаатларнинг ўз вақтида кўриб чиқилиши ва фуқаролар ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши натижасида 1 минг 621 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланишига ва улар фойдасига 1 млрд. 385,1 млн. сўм миқдордаги зарар ундириб берилишига эришилди.
Ижтимоий шериклик асосида ижтимоий-меҳнат муносабатларини тартибга солиш самарадорлигини янада ошириш, меҳнаткашлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасидаги ишлар изчиллик билан олиб борилди. Яъни, 2014 – 2016 йиллар учун имзоланган Бош келишув ижроси доирасида меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини таъминлаш ҳамда меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида тизимли ишлар ишлар амалга оширилди.
Тадбир иштирокчилари томонидан ўтган йил декабрб ойида туман (шаҳар), вилоят ва республика миқёсида «Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар» мавзуида ўтказилган давра суҳбатларининг ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида эришилган ютуқларни таҳғлил этиш ҳамда келгусидаги вазифаларни белгилаб олишда муҳим омил бўлгани ҳам қайд этилди.
Таъкидланганидек, ҳисобот йили давомида ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоялаш ва меҳнат ҳуқуқини таъминлаш бўйича жамоа шартномаларида белгиланган тадбирларнинг амалга оширилиши бўйича мониторинг олиб борилди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, ҳисобот йилида жамоа шартномалари орқали олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 2 минг 330 нафар талабанинг шартнома пуллари қисман қоплаб берилди. Бундан ташқари, минглаб ёш ходимларни бошқа касбга ўргатиш ва малакасини оширишга кўмаклашилди. Корхона ва ташкилотларда олий ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчиларини шогирдликка олиб, уларга ўз касбининг сир-асрорларини ўргатаётган қарийб 6 минг нафар устоз-ходимлар рағбатлантирилди. Шунингдек, ходимларга сафарбарлик захирасидаги ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан фоизсиз ссудалар бериш, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тугатиб корхоналарда биринчи йил меҳнат қилаётган ёш мутахассисларга қўшимча ҳақ тўлаш, кекса авлод вакилларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ишлари амалга оширилди.
Ҳисобот йилида меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, жойларда меҳнат муҳофазаси бўйича вакиллар намунавий ўқув дастури асосида ўқитилди. Жамоа шартномаларида меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича белгиланган тадбирларнинг тўлиқ амалга оширилишига эътиборнинг кучайтирилгани бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш имконини берди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан тегишли идоралар билан ҳамкорликда вилоятларда «Меҳнат муҳофазаси ва саноат хавфсизлиги» мавзусида ташкил этилган семинарлар ҳамда «Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни»га бағишлаб ўтказилган республика давра суҳбати иш берувчилар, турли соҳа ходимлари ва касаба уюшма фаолларининг меҳнатни муҳофаза қилиш йўналишидаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш билан бирга, бу борада ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини оширишга йўналтирилди.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, хўжалик субъектларида меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларига эътиборни кучайтириш, ишлаб чиқариш маданиятини юксалтириш, меҳнат муҳофазаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадида «Меҳнат муҳофазаси бўйича жамоат назоратини энг яхши ташкил этиш юзасидан республика кўрик-танлови» ўтказилиб, «Энг яхши корхона», «Энг яхши касаба уюшмаси қўмитаси», «Энг яхши меҳнат муҳофазаси бўйича вакил» номинациялари бўйича ғолиблар муносиб тақдирландилар.
Раёсат аъзолари томонидан янги иш ўринларини ташкил этиш дастурларини амалга ошириш, аҳоли, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлашга ҳар томонлама кўмаклашиш, бу борада жамоатчилик назорати олиб бориш йўналишларида ҳам тизимли ишлар амалга оширилгани таъкидланди.
Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма қарори билан тасдиқланган янги иш ўринларини яратиш дастури ҳамда жойлардаги ҳудудий дастурларда белгиланган иш ўринларининг ўз вақтида яратилиши бўйича жамоатчилик мониторинги олиб борилди.
Ҳисобот йилида касаба уюшмалари фаоллари томонидан 50 мингга яқин корхона ва ташкилотларда ташкил этилиши белгиланган қарийб 331,2 минг янги иш ўринлари ҳақиқатда яратилганлиги ўрганиб чиқилди. Ўрганиш жараёнида ишга янги қабул қилинган фуқароларга давлат талабига мос рақамдаги меҳнат дафтарчалари юритилиши, қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнатга ҳақ тўланиши масалаларига лоҳида эътибор қаратилди.
Раёсат йиғилишида Республикамиз Мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан касаба уюшмалари томонидан ҳар бир туман (шаҳар)да хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этиш орқали коллеж битирувчилари учун 25 тадан янги иш ўринларини яратиш бўйича манзилли дастур асосида жойларда 4 минг 882 та янги иш ўрни яратилгани ҳам алоҳида қайд этилди. Шунингдек, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ўртасида меҳнат қонунчилиги бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, барча ҳудудларда «Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлашда давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан ўзаро ҳамкорлик асосида амалга ошириладиган вазифалар» мавзуида ўқув-семинарлар ташкил этилгани таъкидланди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида банд бўлган аҳолининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳамда ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича ҳам самарали натижаларга эришилди. Хусусан, ҳисобот йилида фермер хўжаликлари раҳбарлари учун миллий ва халқаро меҳнат стандартлари, меҳнат муносабатлари, меҳнатни муҳофаза қилиш мавзуларида ўқув-семинарлар ўтказилди. Касаба уюшмалари тизимидаги «Ишонч телефонлари»га ҳамда ҳудудий бирлашмаларда ташкил этилган «Жамоатчилик қабулхоналари»га мурожаат этган 480 дан зиёд янги тадбиркорлик субъектларига бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Тадбиркорлик субъектлари учун белгиланган имтиёзлар, миллий ва халқаро меҳнат стандартларини жорий этиш, касаба уюшмаларига аъзолик афзалликлари юзасидан тарғибот ишларини ташкил этиш мақсадида жойларда ҳудудий адлия бошқармалари, Савдо-саноат палатаси бўлимлари вакиллари иштирокида 12,5 минг нафардан ортиқ кичик бизнес субъектлари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларида меҳнат қилаётган ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш мақсадида олиб борилган саъё-ҳаракатлар натижасида ҳисобот йилида 32 минг 963 та хўжалик субъектида меҳнат қилаётган 199 минг 421 нафар ходим касаба уюшма аъзолигига жалб этилиб, мазкур хўжалик субъектларида жамоа шартномалари тузилишига эришилди.
Аҳоли даромадлари ва турмуш даражасининг оширилиши, ходимлар учун меҳнатга ҳақ тўлаш ва уни меъёрлаштиришнинг ижтимоий адолатли тизимини жорий этишга кўмаклашиш борасидаги ишлар ҳам изчил давом эттирилди. Хусусан, энг кам меҳнат ҳақи меъёрларига риоя этилиши устидан тизимли равишда жамоатчилик мониторингини олиб бориш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан «Иш берувчилар томонидан энг кам меҳнат ҳақи стандартларига риоя этилиши устидан жамоатчилик мониторингини юритиш тизими», «Энг кам меҳнат ҳақи стандартларига риоя этилиши устидан жамоатчилик мониторингини юритиш схемаси» каби намунавий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, жойларга етказилди.
Йиғилишда «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури ижросини таъминлашда касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этгани, бу борада тизимли ишлар амалга оширилгани алоҳида таъкидланди. Жумладан, жамоа шартномалари ва келишувлари орқали корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган 4 минг 865 та ёш оилага узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар ҳарид қилиш ҳамда уй-жой қуриш учун фоизсиз cсудалар ажратилди. Ижтимоий ҳимояталаб оилалар вакилларига моддий ёрдам кўрсатилди. Боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оилаларнинг 60 минг 681 нафар фарзандлари учун ўқув анжомлари ҳарид қилинди. Икки ёшдан уч ёшгача фарзандлари бўлган 22 минг 431 нафар аёлга моддий ёрдам берилди. Шу билан бирга, тасарруфдаги барча санаторийларнинг мавжуд «Она ва бола» бўлимларида оилавий дам олиш учун зарур шароитлар яратилиб, болалар учун алоҳида ўйин хоналари ажратилди ва талаб даражасида жиҳозланди. Кам таъминланган, кўп болали ҳамда олис ва чекка ҳудудларда яшовчи 427 нафар аёл касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда, ёш оилалардан бўлган 209 нафар киши «Умид Гулшани» санаторийсида бепул соғломлаштирилди.
Раёсат йиғилишида «Ўзбекистон Республикасида 2016 йилда ёшларга оид Давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури» доирасида касаба уюшма ташкилотлари томонидан амалга оширилган ишлар ҳам таҳлил этилди. Хусусан, ёшларга интернет орқали ҳуқуқий маслаҳат кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси қошидаги Юридик клиника сайтида www.savol.yk.uz саҳифаси ишга туширилиб, ушбу саҳифа орқали киритилган 200 дан зиёд саволларга ҳуқуқий жавоблар берилгани қайд этилди. Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ўтказилган «Ёш мутахассислар» IV республика Форуми доирасида энг фаол ёш мутахассисларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ишлари амалга оширилгани таъкидланди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, меҳнаткашлар маънавиятини юксалтириш, уларни спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш орқали соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар ҳам йиғилиш иштирокчиларининг диққат марказида бўлди.
Турли соҳа ходимларининг бўш вақтларини сермазмун ўтказиш мақсадида ташкил этилаётган туркум маданий-маърифий тадбирлар, меҳнат жамоаларида «Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллигига 25 туп дарахт – менинг туҳфам» шиори остида ўтказилган кўчат экиб, боғлар яратиш тадбирлари, касаба уюшма акциялари доирасида аҳолининг турли қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ўтган йил давомида «Касаба уюшмалари – фахрийларга», «Касаба уюшмалари – ҳарбийларга», «Касаба уюшмалари – болаларга», «Касаба уюшмалари – хотин-қизларга», «Касаба уюшмалари – ёшларга» каби акциялар доирасида кўплаб хайрли тадбирлар уюштирилди. Мустақилликнинг 25 йиллиги муносабати билан меҳнат жамоаларида «Ким эдигу, ким бўлдик, эртага қандай янги марраларни эгаллашимиз керак?» деган ғояни мужассам этган 4 мингга яқин тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Шунингдек, меҳнаткашлар ўртасида спортни оммалаштириш, уларни спорт-соғломлаштириш тадбирларига кенг жалб этиш мақсадида ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида «Соғлом оила» шиори остида республика оилавий спорт мусобақалари, ҳаваскор велоспортчилар ўртасида «Kaсaбa–Tур» веломарафони ўтказилди. Республика вазирлик, идора ва ташкилотлари ходимлари ўртасида мини-футбол бўйича Касаба уюшмалари Федерацияси кубоги учун республика мусобақаси ташкил этилди. Шунингдек, турли соҳаларда кўп йиллардан буён самарали меҳнат қилиб келаётган касб эгаларини муносиб рағбатлантириш мақсадида 5 босқичли «Ўз касбининг моҳир эгалари»ни тақдирлаш тадбири ўтказилди.
Ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини сифатли соғломлаштириш, болаларни оромгоҳларда дам олдириш мавсумини намунали ташкил этиш ишлари ҳам диққат марказида бўлди.
Раёсат йиғилишида Халқаро Меҳнат Ташкилоти (ХМТ), Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси (ХКУК) ва бошқа халқаро ташкилотлар билан иккитомонлама ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларининг янада кенгайтирилгани ҳам таъкидлаб ўтилди. Хусусан, ҳисобот йилининг февраль ойида ХМТнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари учун Бюросига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси делегациясининг ташрифи ташкил этилиб, унда Ўзбекистонда 2014-2016 йилларга мўлжалланган Муносиб меҳнат дастурини амалга ошириш доирасида ўзаро ҳамкорлик чора-тадбирлари ижроси муҳокама этилди ва галдаги ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.
Ўтган йил 30-31 март кунлари ХКУК Бош котиби Шарон Барроу раҳбарлигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида, Меҳнат вазирлигида учрашувлар ўтказилгани, «Тошкент йўловчи вагонларни қуриш ва таъмирлаш заводи» акциядорлик жамиятида, Самарқанддаги «Sam antep gilam» МЧЖда меҳнат жамоалари вакиллари, Тошкент шаҳри ва Самарқандда касаба уюшма фаоллари билан давра суҳбатлари ташкил этилгани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, Халқаро меҳнат конференциясининг 105-сессиясида иштирок этиш доирасида ХМТ Бош директори Гай Райдернинг уч томонлама ижтимоий шериклар – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Меҳнат вазирлиги, Савдо-саноат палатаси вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси билан учрашувида ХМТ Бош директори Ўзбекистонда ижтимоий-меҳнат муносабатлари ва кучли ижтимоий ҳимоя соҳаларида улкан ижобий натижаларга эришилганлигини қайд этгани эътироф этилди.
Шунингдек, Ўзбекистонда ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида эришилаётган ютуқларнинг халқаро даражада эътироф этилаётганига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, 2016 йилги пахта терими мавсумида амалга оширилган мустақил мониторинг натижалари бўйича Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) томонидан тайёрланган ҳисоботда Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатларининг мавжуд эмаслиги эътироф этилгани, Ўзбекистонда меҳнат муносабатлари соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида эришилган ушбу ютуқлар куни кеча Жаҳон банки сайтида эълон қилинган пахтачиликда болалар меҳнати мониторинги натижалари тўғрисидаги хабарда ўз аксини топгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вакиллари Германия, Франция, Швеция, Россия, Озарбайжон, Беларуссия, Молдова, Қозоғистон, Қирғизистон давлатларида ташкил этилган турли халқаро конференциялар, форум ва семинарларда иштирок этиб, ўзаро тажриба алмашиб қайтганлари таъкидланди.
Йиғилишда касаба уюшмалари тизимида жамоатчилик билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш, бу орқали фаолиятнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш йўналишларида олиб борилаётган тизимли ишларга ҳам тўхталинди.
Тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жорий йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб номланиши аҳоли томонидан катта мамнуният билан қабул қилингани, халқ билан яқиндан мулоқотда бўлиш, уларнинг муаммоларини эшитиб, ҳал этиш, талаб ва таклифлари билан қизиқиш каби улкан ва хайрли вазифалар давлат ва жамоат ташкилотлари фаолиятининг устувор йўналишларидан бирига айлангани алоҳида таъкидланди.
Шу маънода Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан қатор жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда Самарқанд вилоятида “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили талабларининг бажарилишида жамоат ташкилотлари ролини ошириш” мавзуида ташкил этилган амалий семинар муҳим аҳамият касб этди.
Эндиликда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан халқ билан мулоқот ва инсон манфаатларини таъминлаш борасида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда касаба уюшма фаоллари томонидан жамоат ташкилотлари вакиллари билан ҳамкорликда оддий одамлар, оилалар билан очиқ ва самимий мулоқотлар ўтказиш, аниқланган муаммоларни мутасадди ташкилотлар эътиборига ҳавола этган ҳолда уларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаш ҳамда ижроси юзасидан тизимли жамоатчилик назоратини олиб бориш йўналишларида амалга оширилаётган ишларни янада кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Албатта бу жараён давлат ва жамоат ташкилотлари зиммасига катта масъулият юклайди. Шу боис ҳар бир тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши ва ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари ўз фаолиятларини танқидий кўриб чиққан ҳолда бу борада олиб борилаётган ишларга эътиборни янада кучайтириши, барча имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда амалий натижаларга эришиш чораларини кўриши лозимлиги қайд этилди.
Раёсат аъзолари томонидан мазкур жараёнда ҳудудлардаги маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинларида истиқомат қилаётган оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит, уларнинг иқтисодий аҳволи, шуғулланаётган касбу кори, бандлиги даражасининг холис ўрганилаётгани, бу жараёнда мавжуд муаммоларни жойида бартараф этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатиш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани айтиб ўтилди. Шунингдек, бу борадаги ишларни янада кучайтириш мақсадида аҳоли билан мулоқотлар кўламини кенгайтириш, оила аъзоларининг бандлиги даражаси, фаррзандлар тарбияси, маънавий камолоти, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртларида ўқувчилар давомати масалаларига алоҳида ёндошилаётгани таъкидланди.
Раёсат йиғилиши давомида шунингдек, кун тартибидан ўрин олган бошқа қатор масалалар, шу жумладан, “Жиззах вилоятидаги ташкилотларда ходимларни тиббий кўрикдан ҳамда иш ўринларининг меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказилиши ҳолатини ўрганиш натижалари”, “Касаба уюшмалари тизимида “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурининг бажарилиши якунлари”, “Ижтимоий-меҳнат соҳасида изланиш ва тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш” тўғрисидаги масалалар ҳам муҳокама этилди.
Раёсат йиғилишида кўрилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.