[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

07.03.2017. 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни байрами муносабати билан касаба уюшмалари томонидан республикамиздаги меҳнат жамоаларида хотин-қизларни шарафлаш ва тақдирлаш тадбирлари ўтказилди.

Хусусан, барча корхона, ташкилот ва муассасаларда “Аёллари қадр топган юрт”, “Соғлом она – миллат таянчи”, “Аёл борки олам мунаввар”, “Аёл оила қўрғони ва чароғбони” каби мавзуларда маданий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ва учрашувлар ўтказилди.

Ушбу тадбирларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг оила ва жамиятдаги мавқеини ошириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар кенг тарғиб этилди. Ватанимиз тараққиёти, турмушимиз ободлиги ва халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришда, оилани мустаҳкамлашда ўз ҳиссасини қўшаётган илғор хотин-қизларни рағбатлантириш, ижтимоий ҳимояталаб оилалардан бўлган аёлларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, корхона, ташкилот ва муассасаларда узоқ йиллар меҳнат қилган фахрий аёлларни  шарафлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида бошланғич касаба уюшма ташкилотларида спортнинг волейбол, шахмат, шашка, дартс, стол тенниси турлари бўйича мусобақалар ўтказилди ва ғолиблар муносиб тақдирланди. Ишлаб чиқаришда, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимида самарали фаолият юритаётган,  фермерлик ва тадбиркорлик, касаначилик ва уй меҳнатида банд бўлган ҳамда юртимиз равнақига ҳисса қўшаётган илғор ва фаол хотин-қизлар, фахрий аёллар касаба уюшмалари томонидан рағбатлантирилди. Ватан олдидаги бурчини адо этиш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оналарини шарафлашга бағишланган тадбирлар ташкил этилди. Бундан ташқари ижтимоий ҳимояталаб, боқувчисини йўқотган, жисмоний имконияти чекланган аёллар, меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олиниб, моддий ва маънавий қўллаб-қувватланди.

Касаба уюшмалари томонидан шунингдек, 6 минг нафардан ортиқ хотин-қизларнинг концерт ва театрларга ташрифи, республикамизнинг тарихий шаҳарларига саёҳатлари ташкил этилди.

Алоҳида таъкидлаш зарурки, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури” ижросини таъминлаш бўйича Касаба уюшмалари Федерациясининг дастури” асосида ҳамда 8-март Халқаро хотин-қизлар куни байрами муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Касаба уюшмалари – хотин-қизларга” акцияси ўтказилди.

Акция доирасида республикамизнинг турли ҳудудларидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган 50 нафар хотин-қиз “Умид Гулшани” санаторийсига бепул йўлланма билан таъминланди. Тадбирдан кўзланган мақсад кам таъминланган, кўп болали оилалардан бўлган аёллар саломатлигини мустаҳкамлашдир.

Санаторий хотин-қизлар тантанали равишда кутиб олиниб, шарт-шароитлар билан таништирилди. Малакали мутахассислар томонидан ташхислаш ишлари амалга оширилгач, тегишли даво муолажалари бошлаб юборилди.

– Сиҳатгоҳимизда хотин-қизлар нафақат соғломлаштирилади, балки, махсус ишлаб чиқилган маънавий-маърифий ҳамда маданий тадбирлар дастури асосида ҳордиқ чиқаришлари ҳам таъминланади, деди – “Умид гулшани” санаторийси раҳбари Дилором Махамадалиева. – Хусусан, мароқли ҳордиқни таъминлаш мақсадида олимлар иштирокида мустақиллик йилларида республикамизда эришилган ютуқ ва мувафақиятларнинг мазмун-моҳияти билан яқиндан таништирувчи давра суҳбатлари ва учрашувлар, таниқли санъаткорлар иштирокидаги концерт дастурлари, турли спорт мусобақалари ўтказилмоқда. Дам олувчиларга манзур бўлаётган тадбирларимиздан яна бири буюк алломалар қадамжоларига ҳамда Мустақиллик йилларида барпо этилган диққатга сазовор масканларга саёҳатлардир.

Дарҳақиқат, ҳали олдинда ҳордиқнинг янада сермазмун кунлари турибди. Муҳими, санаторий мутахассислари нафақат муолажалар, балки ўзларининг ширин муомалалари ва илиқ табассумлари билан дам олувчиларни соғломлаштириш жараёнининг янада самарали бўлишини таъминламоқдалар.