03.04.2017. Жиззах вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгашининг навбатдаги мажлисида фаолиятнинг 2016 йил якунлари ҳамда 2017 йилдаги устувор вазифаларга оид масалалар атрофлича муҳокама этилди.
Бирлашма кенгаши раиси Н. Пардаев мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ҳуқуқий давлат ва эркин иқтисодиёт талабларини тўлиқ қарор топтириш, фуқаролик жамияти асосларини барпо этиш жараёнида касаба уюшмаларининг ҳам ўрни борлигини таъкидлаб, фаолият самарадорлиги меҳнат аҳлининг ижтимоий-иқтисодий хуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, саломатлиги, оиласи, фарзандлари ҳақида ғамхўрлик қилиш, муносиб меҳнат шароитларини яратишдаги фаоллик билан белгиланишига эътиборни қаратди.
Меҳнат муносабатларини тартибга солишда жамоа шартномаларининг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Ҳозирда бирлашма кенгаши томонидан касаба уюшма хизматига олинган 12560 та юридик шахс мақомига эга корхона, ташкилот ва муассасаларнинг 12518 тасида (99,6 фоизи) жамоа шартномалари қабул қилиниб, улар орқали 142269 нафар ходим манфаатлари қамраб олинган.
Ўтган йилда касаба уюшмалари томонидан ижтимоий шерикликни янада ривожлантириш, жамоа-шартномавий муносабатлар орқали ходимлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида қатор хайрли ишлар давом эттирилди.
Касаба уюшмалари ташаббуси билан маҳаллаларда аҳолига сервис ва пуллик хизмат кўрсатиш бўйича шохобчалар ташкил этиш орқали коллеж битирувчилари ва вақтинчалик ишсизлар учун 328 та иш ўрни яратилди. Аъзолик афзаллигини асослаш борасида вилоят Савдо-саноат палатаси билан имзоланган қўшма қарор асосида белгиланган ҳамкорлик дастурига биноан самарали иш олиб борилди. Йил давомида 1572 та корхона, ташкилот, фермер хўжаликлар, хусусий фирмалар ва уларда меҳнат қилаётган 7525 нафар ходимни аъзоликка олишга эришилди.
Йил давомида касаба уюшма ташкилотлари, айниқса, бошланғич ташкилотлар фаолияти самарадорлигини ошириш, касаба уюшма органлари раҳбарлиги ҳамда аъзолигига ёшлар ва аёлларни кенгроқ жалб қилиш, кадрлар малакасини ошириш соҳасидаги ишларга жиддий эътибор қаратилди. Бошланғич касаба уюшма ташкилоти раисларидан 120 нафарининг масофавий малака ошириши таъминланди.
Ходимларга қулай ва хавфсиз иш шароитини яратишга жиддий эътибор қаратилди. Жумладан, меҳнат муҳофазасини ҳар бир иш жойида кўнгилдагидек ташкил этиш, ходим ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамоа шартномаларида ўз аксини топишига эришилди.
Ўтган йилда 269 та мурожаат кўриб чиқилди. Ўрганиш натижаларига кўра, 161 фуқаронинг бузилган ҳуқуқи тикланиб, уларга моддий ва маънавий зарар ундириб берилди.
Касаба уюшмалари томонидан ходимлар ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш масаласига катта аҳамият қаратилди. Ҳаваскор велоспортчилар ўртасида «Касаба-тур» веломарафони, «Спорт — саломатлик гарови» спорт мусобақалари, хотира турнири ва кўрик-танловлар ўтказилди. Умумхалқ ва касб байрамларини нишонлашда касаба уюшмалари фаол қатнашди. Шунингдек, юртимизнинг қадимий шаҳарларига кўплаб саёҳатлар уюштирилди.
Корхона, ташкилот ва муассасаларда ходимларга мамлакатимизнинг Мустақиллик йилларида ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, маданий-маърифий соҳаларда эришган ютуқлари, кенг кўламли ислоҳотлар мақсад ва моҳиятини етказиш ҳамда тарғибот қилишга бағишланган «Маънавият соатлари» мунтазам ўтказиб келинди.
Касаба уюшма ташкилотларининг «Маҳалла», «Нуроний» жамғармалари, Маънавият тарғибот маркази, маданият ва спорт ишлари бошқармаси, «Камолот» ЁИҲ билан қўшма қарорлари қабул қилиниб, ҳамкорлик асосида фаолият олиб борилмоқда.
Таҳлилий ва танқидий руҳда ўтган мажлисда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.