26.04.2017. Мамлакатимиз ҳудудларининг туман ва шаҳарларида ўтказилаётган хайрия никоҳ ва суннат тўйлари давом этмоқда.
Хусусан, Деҳқонобод тумани марказидаги «Норали ота» тўйхонасида 41 нафар болажоннинг суннат тўйи нишонланди. Шаҳзодалардек кийинган тўй болаларга китоблар тўпламлари ва бир миллион сўмлик омонат дафтарчаларининг ҳадя этилгани улар келажаги йўлидаги ғамхўрликнинг амалдаги ифодаси бўлди.
Санъаткорларнинг кўнгилга яқин қўшиқлари, шўх яллалар барчани даврага чорлади.
— Бугунги хайрия ва мурувват тадбири халқимизнинг саховатпешалиги, давлатимизнинг халқпарварлигидан яққол далолатдир, — деди кўп йиллар тумандаги Болалар мусиқа ва санъат мактабига раҳбарлик қилган Карим Тошқулов.
— Бизга жуда кўп совғалар беришди, — деди тўйболалардан бири Шуҳратжон Холиёров. — Энди бу эътиборни яхши инсон бўлиб оқлашимиз керак. Келажакда санъаткор бўлиб, юртим мадҳини куйламоқчиман.
— Тўй болаларнинг шодлигини кўриб, шунингдек, жажжи ўғлонлар томонидан ўқилган шеърларни эшитиб ҳаяжонга тушдим, — деди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси бўлим мудири Анвар Хўжақулов. — Бу болалардан келажакда жасур Ватан ҳимоячилари, моҳир ўқитувчи, қўли енгил шифокор ва бошқа касб эгалари етишиб чиқади, албатта.