[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

31.05.2017. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» дастури доирасида санаторий ҳамда дам олиш уйлари учун муҳим чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Шу асосда Федерация қошидаги Санатор-курортлар бошқармаси томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Бухоро вилоятидаги «Ситораи Моҳи Хоса санаторийси» МЧЖда ўқув-семинар ташкил этилди. Унда Санатор-курортлар бошқармаси ўқув-услубий маркази мутахассиси Маҳмуда Мурзаева, тизимдаги санаторийлар клуб мудирлари ва кутубхоначилари иштирок этди.

Семинарда соғломлаштириш масканларида ишни давр талаби асосида олиб бориш, дам олувчи ва ходимлар ўртасида маданий-маърифий ишларни янада жонлантириш каби муҳим жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, кун тартибидаги мавзулар юзасидан тренинг машғулотлари ўтказилди.

Айтиш жоизки, юртимизда китобхонликка, ёшлар маънавиятини юксалтиришга катта эътибор қаратилаётир. Санатор-курортлар бошқармаси ўқув-услубий маркази томонидан ҳам санаторий ходимлари ва дам олувчилар, айниқса, ёшларнинг бадиий жиҳатдан юксак, интеллектуал савияни ўстиришга хизмат қиладиган китоб­ларга бўлган талаби ўрганиб чиқилди. Сўнгра бошқарма томонидан «Шарқ» ­нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси ҳамда ўафур ўулом номидаги ­нашриёт-матбаа ижодий уйи билан шартнома тузилиб, тизимдаги барча санаторий ва дам олиш уйлари кутубхоналарига 55 номдаги 1200 нусха ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ва бадиий адабиётлар олиб берилди. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар давом эттирилмоқда.

Семинар иштирокчилари «Ситораи Моҳи Хоса» санаторийсида клуб ва кутубхона ишларининг ташкил этилиши билан танишиб, ўзаро тажриба алмашди.

Тадбир сўнгида меҳмонларнинг Бухородаги тарихий обидалар ва замонавий масканларга саёҳати уюштирилди.

Шу ўринда тадбир қатнашчиларининг фикр-мулоҳазаси билан қизиқдик.

 

Беҳзод ОМОНОВ, «Чортоқ» санаторийси маданият саройи мудири:

— Санатор-курортлар бошқармаси томонидан ташкил этилаётган ўқувлар ижобий самара бераётир. Айниқса, кутубхона тизимининг ривожланиши дам олувчи ва ходимларни мамнун этмоқда. Биз ҳам ўз сиҳатгоҳимизда «Болалар кутубхонаси»ни ташкил этишга қарор қилдик.

 

Санобар СОБИРОВА, «Хонқа» санаторийси кутубхоначиси:

— Семинар давомида фаолиятимиз учун фойдали тавсияларни олдик. Санаторийдаги музей, кутубхона ва ўқиш хоналари бизда катта таассурот қолдирди.

 

Севара ЭШОНҚУЛОВА, «Ботаника» санаторийси иш юритувчиси ва кутубхоначиси:

— Санаторийлар клуб мудирлари ва кутубхоначилари фаолиятини янада яхшилаш учун кўрсатилаётган ғамхўрликдан мамнунман. Тадбир давомида кутубхоначиликдаги янгиликлардан хабардор бўлдик. Буларни, албатта, ўз фаолиятимизда қўллаб, халқимизга намунали хизмат кўрсатамиз.