15.09.2017. Барчамизга маълум, халқимиз азалдан ипак қуртига етти хазинанинг бири сифатида айрича эътибор билан қараган. Ҳамма нарсанинг аълосига, жумладан, кийимнинг ҳам қулай ва фойдалисига интилган халқ учун ипак мато ҳамиша қадрли ҳисобланган. Доноларнинг билганини маъқулловчи аҳли дунёнинг эса кейинги йилларда табиий ипакка бўлган эҳтиёжи ўсаётганини иқтисодий кўрсаткичлар кафтдаги чизиқдек аён этмоқда.
Табиати ипак қурти боқишга мос, одамлари ҳам шу митти беозор жониворларга меҳр кўрсатмоққа мойил халқ дунёда ноёб. Шунданми, Президентимиз ташаббуси билан ипак қуртини йилда икки бор боқиш ва ундан кўзланган хирмонни кўтариш тажрибаси, бизнинг иқлимда бу ишларни амалга ошириш сирлари тўла эгалланди. Наманган вилоятида ҳам кумуш толадан иккинчи бор даромад олиш ишлари аъло даражада йўлга қўйилди, десак муболаға бўлмайди. Айни пайтда йиғилаётган пиллаларнинг сифати ва салмоғи фикримизга мисолдир.
Таъкидлаш лозим, пиллачиликни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларга касаба уюшмалари фаоллари ҳам салмоқли ҳисса қўшмоқдалар. Яъни, мазкур жамоат ташкилоти вакиллари такрорий мавсумда ишни ташкиллаштириш ва кўзланган ҳосилни йиғиб олиш жараёнида пилла етиштирувчи касаначиларнинг меҳнат хавфсизлигини таъминлаш, уларга қулай меҳнат шароитлари яратиш, қонунчиликда кўзда тутилган муайян имтиёзлардан фойдаланишларини таъминлаш йўналишларидаги ишлар юзасидан жамоатчилик назоратини олиб бормоқдалар. Бу албатта ишни сифатли ташкил этиш ҳамда баракали ҳосил етиштиришда муҳим омиллардан бири бўлмоқда.
– Бугунги кунда касаба уюшмалари нафақат ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоялаш, балки уларга мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёнидаги янгиланишларни етказиш, бу орқали меҳнат жамоаларида соғлом ижтимоий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасида ҳам тизимли ишларни олиб бормоқда. Мазкур жараёнда албатта пиллакорларимиз ҳам четда қолгани йўқ. Хусусан, мавжуд инкубаторияларга ипак қурти уруғи қўйилмасидан олдиноқ ҳудудларда қурт боқувчилар билан мулоқотлар ўтказдик, уларга меҳнат муносабатларига оид барча масалалар бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилиб, ипак қурти парвариши орқали олажак имтиёзлари кенг тушунтирилди, – дейди Наманган вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмаси раиси Зулайҳо Маҳкамова. – Пиллакорларимизга ўз навбатида меҳнатдан манфаатдорлик даражаси ҳам тушунтирилди. Тан олиш керак, авваллари пиллакорларнинг етарли даражада ва ўз вақтида моддий рағбатлантирилмаслиги уларнинг пилла боқишга бўлган қизиқишини сўндириб қўяётган эди. Эндиликда соҳа жонкуярларини меҳнатига яраша рағбатлантириш учун давлатимиз раҳбари томонидан кенг имкониятлар яратиб берилгани, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан, уй шароитида тирик пилла етиштириш билан шуғулланувчи (касаначи)лар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўлашдан озод этилганлигини, тўлиқ бир мавсум ишлаган даврлари пиллакорларга пенсия тайинлаш учун бир йиллик меҳнат стажига ўтиши борасидаги имтиёзлар тушунтирилиб, меҳнат муносабатларига оид янгиликлардан хабардор этилди. Иккинчидан, вилоят Ишчи гуруҳи томонидан такрорий ипак қурти боқиш ва пилла етиштириш мавсумини молиялаштириш, жумладан, қурт боқувчиларни мавсум учун зарур моддий-техника ресурслари, ҳар 5,0 грамм ипак қурти парвариши ҳисобига 50 минг (ҳар бир қутига 200 минг) сўмдан аванс маблағлари бериш, етиштирилган пиллани топшириш якуний ҳисоб-китоби ҳар бир кг. учун камида 15 000 сўмдан ҳақ тўланиши кафолатланганини соҳа миришкорларига етказилди.
Пиллакорларнинг меҳнатларини муносиб тақдирлаш масаласи ҳам эътиборимиздан четда қолгани йўқ. Ўз меҳнати билан янги ютуқларга эришаётган 23 нафар пиллачи касаба уюшмалари ҳисобидан бепул равишда вилоятдаги сиҳатгоҳларда ҳордиқ чиқариб, соғломлаштирилди.
– Иккинчи мавсумда 1000 қути ипак қуртини парваришлаш ҳамда 40 000 кг пилла етиштиришни мақсад қилганмиз, – дейди “Наманган ҳудудий агропилла” МЧЖ раиси Лобар Явминова. – Бундай кенг миқёсли жараёнда бизга касаба уюшмалари томонидан ижтимоий ҳимоя йўналишида кўрсатилаётган кўмак ишимиз сифатини оширмоқда. Биз хориждан келтирилган ипак қурти уруғини 14 инкубаторияда парваришлаш билан банд бўлган пайтда касаба уюшма фаоллари “Иккинчи мавсумда қандай бўларкин?” деган иккиланишларнинг олдини олиш мақсадида малака ошириш тадбирларини ташкил этдилар. Яъни, ўз ишининг усталари, пилла агрономлари иштирокида ўзига хос малака ошириш мактаби бўлган “мастер-класс”ларни уюштирдилар. Маҳаллаларда, дала шийпонларида одамлар билан уюштирилган мулоқотлар, уйма-уй юриб амалга оширилган тушунтиришлар ипак қурти боқиш иштиёқидаги аҳоли қатламини кенгайтириш имконини берди. “Ҳаракатда – баракат”, дейишади. Биргаликда амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида пиллалар одатдагидан-да йирик, тошбосар ҳамда сифатли бўлди. Касаначилар ҳам иккинчи мавсумда пилла етиштиришнинг сирларини яхши эгаллашмоқда. Насиб қилса, кейинги йилларда ишимиз миқёсини янада кенгайтирамиз, ва албатта ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириб борамиз.
– Вилоятда биринчилардан бўлиб, 10 грамм қуртдан 26 килограму 400 грамм ҳосил топширдим, – дейди Чуст туманидаги Баймоқ МФЙда яшовчи Меҳринисо Зоидова. – Ҳосилнинг пулини пилла топшириш пунктида ҳар килосига 15 000 сўмдан нақд санаб олдим. Ҳалол меҳнат ортидан топганимиз сабаб рўзғоримизга янада файз кирадиган бўлди.
Меҳринисо опа каби кўплаб пиллачилар билан суҳбатлашар эканмиз, касаба уюшмалари бежиз ипак қурти боқиш борасидаги ташвиқотни эҳтиёжманд оилалар орасида ўтказмаганини англадик. Мазкур йўналишдаги ишлар ижтимоий ҳимоянинг яна бир самарали усули эканлигининг гувоҳи бўлдик. Чунки бу орқали ҳам бандлик таъминланмоқда, ҳам даромад, ҳам пенсияга чиқиш учун етарли имтиёз яратилмоқда.
– Мазкур жараёнда фаоллик кўрсатишдан кўзлаган мақсадимиз аввало, аҳоли бандлигини таъминлаб, моддий манфаатдорлиги ортишига касаба уюшмаларининг муносиб хиссасини қўшиш эди, – сўзини давом эттиради Наманган вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмаси раиси З.Маҳкамова. – Қолаверса, пиллачиликни ривожлантириш, маҳсулот ишлаб чиқариш турларини кўпайтириш, экспорт салоҳиятини оширишга ёрдам бериш асносида, меҳнат муносабатларида манфаатлар тенглигини таъминлаш, қулай ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратишни назардан қочирмадик. Чунки, ипак қуртини етиштирувчилар бевосита касаба уюшмаси аъзолари бўлиш баробарида, уни парваришловчи касаначилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, муносиб меҳнат ва иш ҳақига эга бўлишини таъминлаш устувор мақсадларимиздан биридир.
Худди шу мақсадларда ипак қурти боқувчиларга шарт-шароитлар яратиш, қайта ишлаш корхоналарининг тўғридан-тўғри ипак қурти боқувчи аҳоли ёки звенолар билан ички меҳнат шартномаларини тузиши масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада ипак қурти боқувчининг манфаатдорлиги ортиб, ишга бўлган муносабатининг тубдан ўзгаришига эришилмоқда. Вилоятдаги пиллани қайта ишловчи “Verigrow ipagi” ХК, “Golden Silk” ВШК, “Маржон тола файз”, “Ойдин кўл савдо сервис”, “Fabrictex” МЧЖ каби пилла тайёрлаш корхоналари билан фермер хўжаликлари ўртасида 1000 қути ипак қуртини такроран парваришлаб, 40 тонна пилла етиштириш бўйича контрактация шартномаси, 3292 та қурт боқувчи билан 6,0 граммдан ипак қуртини парваришлашга ички меҳнат шартномаси тузилди. Ҳозирги кунда мазкур шартнома шартлари бирин-кетин уддаланиб, марра сари яқинлашилмоқда.
Ниятимиз, мақсадга эришиб, юрт иқтисодиётининг яна бир тармоғи бўлган пиллачилик гуллаб-яшнасин. Бу хизматлар самараси ва, албатта, мукофоти ўлароқ, Зуҳра Ҳафизова, Ҳабиба Бўрибоева сингари «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган пиллачи» унвонига сазовор наманганликлар саноғи кенгайиб бораверсин.
Дилдора РАҲМОНОВА