18.09.2017. Мамлакатимизда олиб борилаётган туб ислоҳотлар, аввало, халқимизни рози қилиш, ҳар бир фуқаро, ҳар бир хонадон фаровонлигини таъминлашга қаратилган. Пировард натижа эса Ўзбекистонимизнинг ривожланган, инсон яшаши учун энг қулай давлатга айлантиришдан иборат.
«Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» давлат дастури ижросини таъминлаш борасида вилоятимиз касаба уюшма ташкилотлари ҳам қатор вазифаларни белгилаб олган. Вилоятдаги ҳар бир фуқаронинг хоҳиш-истаги, муаммосини ўрганиш ва бунга амалий ечим топишда касаба уюшма фаолларининг иштирокини таъминлаш асосий эътиборда.
Касаба уюшмалари ташаббуси остида жамоат ташкилотларининг 2638 нафар вакили вилоятдаги 379624 хонадонда бўлиб, 67035 та муаммони аниқлади. Шундан 26198 таси давлат ва жамоат ташкилотлари кўмагида жойида бартараф этилган бўлса, 40837 таси бўйича тегишли туман, шаҳар ҳокимликларининг чора-тадбирлари ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди.
Касаба уюшма ташкилотларида фуқароларнинг 189 та мурожаати кўриб чиқилиб, 180 таси қаноатлантирилди. Фаолларимиз томонидан вилоятдаги 40 та коллеж ва лицейда ўқувчиларнинг давомати, 280 та мактаб, 135 та мактабгача таълим муассасаси, 208 та тиббиёт муассасасида ходимларга яратилган шарт-шароит, иситиш тизимининг ишлаши бўйича жамоатчилик назорати олиб борилди. Аниқланган муаммолар давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорликда бартараф этилди.
Йил бошидан буён касаба уюшма аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатлари ҳимоясини кучайтириш мақсадида 400 дан ортиқ бошланғич ташкилотларга амалий ёрдам берилди. Бошланғич ташкилот фаолларининг қонунчилик ижроси юзасидан жамоат назоратини олиб бориш борасидаги фаолияти кучайтирилди. Касаба уюшмасига аъзолик афзалликлари тарғиб этилиши натижасида жорий йилнинг 1-ярмида янги иш бошлаган 1079 та корхонада фаолият юритувчи 5233 нафар ходим аъзоликка қабул қилинди.
Бошланғич ташкилот раисларининг билим ва малакасини ошириш мақсадида бирлашма кенгаши ҳузурида ташкил этилган Ўқув марказида 367 нафар фаол ўқитилди.
Мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, жамиятимизда кечаётган ўзгаришлар, қабул қилинаётган қонун ва қарорларнинг мазмун-моҳиятини Жамоатчиликка етказиш мақсадида касаба уюшма ташкилотлари томонидан 300 дан ортиқ маҳаллаларда давра суҳбатлари, 2105 та бошланғич ташкилотда «Маънавият соатлари» ўтказилди.
Меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларидан 4561 нафарининг тарихий шаҳарларимизга, шунингдек, 2687 нафар ишчи-ходим, 600 нафар талабанинг вилоятдаги диққатга сазовор жойларга саёҳатлари ташкил этилди.
Президентимиз томонидан ҳафтанинг пайшанба куни «Жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни» деб эълон қилиниши муносабати билан барча шаҳар ва туманларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот-ташвиқот тадбирлари амалга оширилди. Биргина вилоят бирлашмаси томонидан 86 та корхона, ташкилот ва муассасада ишчи-ходимлар иштирокида давра суҳбатлари ўтказилди.
Ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш мақсадида санаторий ва дам олиш уйларида 1689 киши соғломлаштирилди. Ёзги оромгоҳларда мавсум давомида 16980 нафар бола дам олдирилди. Шаҳардан ташқари оромгоҳларда «Меҳрибонлик» уйининг 143 нафар тарбияланувчиси, кам таъминланган оилаларнинг 1901 нафар фарзанди жамоа шартномалари орқали бепул ва имтиёзли, 54 нафар ногирон бола, маҳаллалардаги кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 100 нафар фарзанди бепул дам олдирилди.
Маҳалла фуқаролар йиғинларида хонадонма-хонадон юриб аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларнинг ечимини топиш бўйича тегишли давлат органларига таклифлар киритиш ҳам касаба уюшмаларининг жамоатчилик бошқаруви тизимини такомиллаштиришдаги вазифаси этиб белгиланган. Бу борада касаба уюшмалари томонидан вилоятдаги 2505 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оила ўрганилиб, 145 нафар оилага моддий кўмак берилди. 272 та эҳтиёжманд оиладаги муаммоларни ҳал этиш бўйича маҳаллий давлат бошқаруви органларига маълумот киритилди.
Шунингдек, касаба уюшмалари олдида ташкилот ва корхоналарда сайёр қабулларни ташкил этиш, янги иш ўринларининг ҳаққонийлигини ўрганишда иштирок этиш, тузилмани такомиллаштириш каби галдаги вазифалар турибди.
Улуғвор мақсадлар рўёби йўлида касаба уюшма фаолларидан ташаббускорлик, фидойилик ва иш фаолиятида туб бурилиш ясаш талаб қилинар экан, бу борада ҳаммамиз камарбаста бўламиз.
Ғулом САФАРОВ,
Бухоро вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси