20.09.2017. Театр — ибрат мактаби, дейишади. Дарсни эса ёшликдан бошлаш, саҳна асарларини маданият билан томоша қилишни одатга айлантириш барчанинг вазифасидир. Шу маънода касаба уюшмалари ёзги таътил ниҳояланаётган шу кунларда ажойиб ташаббусга қўл урди.
«ART WAY» ёшлар театр студиясининг «Аладдин» асари Алишер Навоий номидаги мусиқали драма театрида икки кун давомида олтита сеансда саҳна юзини кўрди.
Таъкидлаш жоизки, жанр нуқтаи назаридан янгича ёндашувлар билан бойитилган театр томошасида 886 нафар болажон касаба уюшма маблағи ҳисобидан иштирок этди.
— Тармоғимиздаги ишчи-ходимларнинг 170 нафар ўғил-қизи ушбу мюзиклни мириқиб томоша қилди, — деди Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Наманган шаҳар кенгаши раиси Гулчеҳра Казакбаева. — Бунинг учун касаба уюшма ҳисобидан 1 млн. 700 минг сўм сарфланди. Истиқлолимизнинг 26 йиллиги олдидан ўзига хос бу туҳфа — ижодкорларнинг чин дилдан қилган меҳнати, маҳорат ва иқтидори нафақат болалар, ҳатто катталарга ҳам олам-олам завқ улашди.
Бунинг тасдиғи ўлароқ, саккиз ёшли Салоҳиддин Каримовнинг таассуротлари билан қизиқдик:
— Эртакларни, улар асосида суратга олинган мултфилм, киноларни яхши кўраман. «Аловуддиннинг сеҳрли чироғи» эртагини кўп марталаб ўқиганман. Бу асар эса бутунлай бошқача экан. Барча ташкилотчиларга, саҳна асари ижодкорларига раҳмат айтамиз. Бундай мусиқали эртак-томошалар мактаб-лицейларда ҳам намойиш этилишини хоҳлардик.